
19 ноябрь куни Исроил томонидан Ғазо сектори бўйлаб амалга оширилган яна бир серия ҳаво ва артиллерия зарбалари фаластинликлар орасида оғир ҳалокатларга сабаб бўлди. CNN ёзишича, ҳужумлар натижасида камида 28 одам ҳалок бўлган, улар орасида ёш болалар ҳам бор. Бу ҳолат Исроил ва Ҳамас ўртасида ўрнатилган сулҳ режимига қарамай, ҳудудда зўравонлик қай даражада нозик ва беқарор эканини яна бир бор кўрсатди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, чоршанба куни амалга оширилган ҳужумларда нобуд бўлганлардан тўққиз нафари болалардир. Яна камида 77 киши турли даражада жароҳат олган. Аҳволнинг энг оғир белгиларидан бири — кеча кечқурун Ал-Аҳли Баптист шифохонасига етказилган жароҳатланганлар сони кескин кўпайгани. Тез ёрдам машиналари узлуксиз равишда одам олиб келган, шифохона ичида эса ўликлар қоплари қаторлашиб ётган, улар орасида чангга беланган ҳолда ётган уч нафар боланинг жасади ҳам бор.

Ғазо Фавқулодда хизматларига кўра, шу кунги энг қонли ҳужум Зайтун маҳалласида содир этилган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 10 киши ҳалок бўлгани таъкидланмоқда. Маҳаллий аҳоли ва қутқарувчиларнинг сўзларига қараганда, ҳужум шиддати уйлар ва маиший биноларни қулатиб, кўп одамларни вайрона остида қолдирган.
Бу воқеалар ортидан икки томон ҳам бир-бирини айблашга киришди. Исроил расмийлари Хон Юнус атрофида IDF аскарларига «бир нечта ўқ узилгани»ни асос қилиб, Ҳамас объектига зарба берилганини билдирди. Улар буни “сулҳ келишувининг бузилиши” сифатида қайд этди. Бироқ Ҳамас бу айбловларни рад этиб, Исроил томони “давом этаётган зўравонликни оқлаш учун баҳона қидираётгани”ни айтди. Ҳамас, шунингдек, АҚШга мурожаат қилиб, Исроилни сулҳга риоя қилишга мажбурлаш учун жиддий босим ўтказишга чақирди.
Сўнгги эскалация БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазо бўйича АҚШ таклиф этган резолюцияни маъқуллаганидан бир неча кун ўтиб рўй берди. Бу резолюцияга кўра, ҳудудда тинчликка эришишнинг навбатдаги босқичлари аниқланган эди.
Бу билан чекланмай, кеча Исроил жанубий Ливанда Ҳизбуллоҳга тегишли деб айтилган қурол-аслаҳа омборларига ҳам ҳаводан зарба берди. Икки кун аввал Ливандаги фаластинлик қочқинлар яшайдиган лагерга берилган зарбада 13 киши вафот этгани маълум қилинган.
Ғазодаги янги ҳужум сулҳ кучга кирганидан буён учинчи катта эскалация сифатида қайд этилди. Илгари содир бўлган икки ҳужумда Исроил тахминан 150 фаластинликни ўлдирган, шунингдек, ўз томонидан уч нафар аскар ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган эди.
Шунга қарамасдан, сулҳнинг асосий бандлари ҳозирча кучда қолмоқда. Трамп маъмурияти ва бир қатор халқаро воситачилар ҳозирда Ғазода узоқ муддатли тинчликни таъминлаш бўйича кейинги босқичларни ишлаб чиқмоқда. Бу босқичлар орасида Ҳамаснинг қуролни ташлаши, халқаро хавфсизлик кучларининг жойлаштирилиши ва Исроил қўшинларининг тўлиқ чекиниши каби мураккаб шартлар бор.
Бироқ кўплаб сиёсий кузатувчилар эскалацияларнинг қайта-қайта такрорланиши туфайли сулҳ барқарор босқичга етиб бормай туриб, яна бир бор бузилиши мумкинлигидан хавотирда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.