Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов 2 октябрь куни бошланадиган йиғинга чақирилган футболчиларнинг кенгайтирилган рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, 28 нафар футболчи 2 октябрь куни Тошкентда бошланадиган йиғинга киришади ва Абрамов Яман ҳамда Сингапурга қарши ўйинларга улардан 23 нафарини ажратиб олади. Жуда муҳим ўйинлар олдидан Абрамов танлаган таркиб қанчалик оптимал?
Демак, октябрдаги йиғинга қуйидаги футболчилар чақирилган:
Кўриб турганингиздек, таркибда қатор ўзгаришлар бор. Абрамов Купернинг охирги йиғинларига мунтазам чақирилаётган Қувондиқ Рўзиев, Фозил Мусаев, Даврон Ҳошимов, Ботирали Эргашев, Достон Турсунов каби футболчиларни бош жамонинг ўта муҳим икки ўйинига чақирмасликка қарор қилди. Бу эса мураббийнинг қарашлари ўзидан олдин ишлаган Куперникидан кескин фарқ қилишини англатади.
Ҳимоядаги ислоҳот
Абрамовнинг жамоасида катта эҳтимол билан ҳимоя чизиғи янгиланади. Камида битта позицияда янги футболчи ўйнаши аниқ. Ўнг қанот ҳимоясида мамлакатнинг айни дамдаги тенгсиз футболчиси эканини исботлай олган Ҳожиакбар Алижонов Купер даврида доимий миллий жамога чақирилган бўлса-да, катта ўйинларда унга имкон берилмади. Купернинг доимий ўнг қанот ҳимоячиси Даврон Ҳошимов бу гал йиғинга чақирилмади. Бу эса Ҳожиакбар ниҳоят асосий таркибда ўйнаши мумкинлигини кўрсатади. Иккинчи ўнг қанот ҳимоячиси сифатида йиғинга «Бунёдкор»дан Дилшод Аҳмадалиев жалб қилинган.
Ёши ўзгартирилгани сабаб футболдан четлатилган ва кейинчалик дисквалификацияси бекор қилинган Дилшод Аҳмадалиев ўтган вақт мобайнида яхши ўйинлар кўрсатди ва миллий жамоадан илк бор чақирув олди. Аммо уни айни дамда Ўзбекистоннинг энг яхши қанот ҳимоячиларидан дейиш қийин. Катта эҳтимол билан Абрамов уни ўз жамоасида ўйнагани ва яхшироқ билгани учун чақирган. Яъни, мураббий кейинчалик ўнг қанотга бошқа вариантларни кўриб чиқиши ҳам мумкин. Масалан, «Насаф»даги Дилшод Саидов сўнгги вақтларда ёрқин ўйин кўрсатмоқда (сўнгги икки ўйинда «Насаф» иккита гол урди ва иккисига ҳам Дилшод ассистентлик қилди).
Мураббий ҳимоя марказида ҳам янгилик қилишга қарор қилди. Анзур Исмоилов миллий жамоадаги фаолиятини якунлагани унинг ўрнига янги номзодлар кўриб чиқилишини талаб қиларди. Абрамов ҳали ҳеч қачон миллий жамоага чақирилмаган, аммо сўнгги мавсумларда чиндан чемпионатнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири эканини кўрсата олган Умар Эшмуродовга терма жамоадан жой берди. «Насаф» кетма-кет футболчиларини сотиб юбориш «акциялари»ни ўтказган Бердиев ҳимояни ҳам бошқа чизиқлар каби янгилашга мажбур бўлди. 2017 йилда «Шўртан»дан олиб келинган Умар Эшмуродов тезда «Насаф» асосий таркибига мослашиб кетди ва ўтган мавсумдан бошлаб «Насаф» сардорига ҳам айланди. Бўйи баланд ва марказий ҳимоячига керак бўладиган барча хусусиятларга эга бўлган бу футболчи келажакда миллий терма жамоанинг асосий ҳимоячиси бўла олади. Умид қиламизки, унинг ишончли ўйинлари бош жамоага ҳам наф келтиради.
Шу ўринда Рўзиқул Бердиев Голбан, Аъзамов каби етакчи ҳимоячилари кетганидан кейин ҳам марказий ҳимояни қандай эпақага келтиргани ҳақида икки оғиз. Бердиев «ёғли» таклифларга йўқ дея олмаган футболчиларининг кетгани учун аюҳаннос солмади-да, тезда янги жамоа тузишга киришди. Натижада, бир мавсумда «Насаф» етакчисига айланган Ҳамробеков 2,5 миллиард сўм эвазига «Пахтакор»га ўтди. Бердиев ҳимоя марказида бўйи баланд Умар Эшмуродов ҳамда бироз ихчамроқ, бир муддат қанот ҳимоясида ўйнаган Ғолиб Ғайбуллаевни қўйди. Мантиқан олиб қараганда, Умар Эшмуродов юқоридан келадиган тўпларга пешвоз чиқиши, иккинчи марказий ҳимоячи эса рақибнинг пастдан тўп узатиш орқали уюштирилаётган ҳужуми вақтида фаол прессинг қилиши керак эди. Яъни, Бердиев ҳимоя марказида балансни ушлаб тура олди. У марказда икки қоядек ҳимоячи ўйнашидан мантиқ йўқ деб ҳисоблади.
Катта клубларни кўринг, улар ҳам ҳимояда балансни ушлаш учун битта бўйи баланд ҳимоячининг ёнига битта чаққонроқ ҳимоячини қўшиб қўяди. Масалан, «Барселона»да Пике ва Пуйоль жуфтлиги бўлганди. Гвардиола Маскеранони ҳам бежиз марказий ҳимояда ўйнатмаган. Купер марказда бир хил типдаги икки ҳимоячини (Анзур ва Кримец) ўйнатганида, ҳайрон бўлардим. Демак, янгиланаётган ҳимояга қайтсак. Абрамов Яман билан ўйинда барибир Эшмуродовни бошланғич таркибда туширмаса керак. Катта эҳтимол билан, ўйинни илк дақиқалардан Тўхтахўжаев ва Кримец бошлайди.
Абрамов миллий жамоага «Металлург» сардори Акбар Исматуллаевни ҳам чақирди. Бу эса янги мураббий Купердан фарқли ўлароқ Ўзбекистон чемпионати ўйинларини диққат билан кузатаётганидан далолатдир. Шахсан мен Купер чемпионатнинг барча ўйинларини томоша қилганига ишонмайман. Исматуллаевнинг «Пахтакор»даги ўйинларини эсласангиз керак. У таянч яримҳимоясида ҳам, марказий ҳимояда ҳам ўйнарди. «Металлург»да эса яққол марказий ҳимоячига айланган бу футболчи жуда яхши мавсум ўтказмоқда.
Лутфулла Тўраев ва Жамшид Искандеровнинг қайтиши
Абрамов эълон қилган таркибда энг кўп муҳокама қилинаётган футболчи шубҳасиз, Лутфулла Тўраев. 2015 йилги Осиё Кубогида жуда ёмон хотира билан ёдда қолган ва шундан кейин миллий жамоадан узоқлашган Тўраев яна бош жамоага қайтди. Агар Абрамов уни «Бунёдкор»га чақирмаганида, ким билади дейсиз Лутфулла ҳозир бирор ўртамиёна жамоа захирасида юрармиди. Карленович уни «Бунёдкор»га чақиришидан мақсад мактаб болаларидан иборат жамоасида ҳеч бўлмаса бир неча тажрибали футболчи бўлишини хоҳлаганида эди.
Абрамов «Бунёдкор»ни қабул қилиб олганида жамоа қандай ҳолатда эканини бир эсланг. Клуб академияси ёпилиб кетиш арафасида, таркиб тарқалиб кетган, тайинли стадион ҳам йўқ. Ўшандай оғир жамда Абрамов Лутфулладан етакчилик вазифасини сўради. Фаолиятининг энг яхши дамлари ортда қолган Тўраев эса бунга рози бўлди. Ишонинг, ўшанда Абрамов Лутфулласиз жамоа бўлмайди деб ўйламаган, шунчаки унга катта ўйинларни кўрган футболчилар ҳам керак эди. Яхши формадаги ҳамма футболчиларнинг барчаси клубини топиб кетган ва Абрамовда фақат Лутфулла Тўраев ва Анвар Ғофуров танлови қолганди. Буни қарангки, Лутфулла асосий таркибга киритилган илк ўйинида жамоа собиқ «бунёдкорчилар»дан таркиб топган, Миржалол Қосимов мураббийлигидаги ОКМК мағлуб этилди, ОКМКнинг собиқ футболчиси собиқ жамоаси дарвозасига гол урди. Турган битгани рамзий маъно бўлганди ўша голнинг.
Агар Лутфуллани Эктор Купер миллий жамоага чақирса, буни оддий қабул қилиш мумкин эди. Чунки «Бунёдкор» сардори чиндан ёмон мавсум ўтказмади. Лекин Абрамов уни бош жамоага чақиргани турган гапки норозиликларни келтириб чиқарди. Мураббий фаолиятининг гуллаган даври аллақачон ортда қолган футболчини миллатнинг бош жамоасига чақириб, таъна-дашномга қолиб кетишини мумкинлигини ўйлагани аниқ. Шахсан мен ҳам Тўраев ўрнига чемпионатда ўзини кўрсатаётган бошқа таянч яримҳимоячисини чақириш мумкин эди, деб ҳисоблайман.
Абрамов футболимизга ёрқин қадамлар билан кириб келган, лекин сўнгги йилларда спорт формасини йўқотган Жамшид Искандеровни ҳам миллий жамоага қайтарди. Жамшид «Локомотив»га ўтгач, яна яхши футбол ўйнай бошлади. «Пахтакор» захирасида қолиб кетганида кўпчилик ундан ортиқ юқори савиядаги ўйин кутмай ҳам қўйганди. Фёдоровнинг «Локомотив» учун қилган яхши ишларидан бири айнан Жамшидни яна яхши футболчига айлантира олгани бўлди. Майдонда ноодатий фикрлай оладиган Искандеровнинг миллий жамоага чақирилгани тўғри қарор дейиш мумкин.
Ҳужумда яна Шомуродов ва бошқалар
Абрамов ҳужум чизиғида ҳеч қандай ўзгариш қилмасликка қарор қилди. Элдор Шомуродов шубҳасиз, асосий ҳужумчи. Игорь Сергеев ва Темирхўжа Абдухолиқов эса уларга имкон берилишини кутиб захирада ўтиришлари ҳақиқатга яқин. Менимча, Сергеевни миллий жамоага чақириш унчалик тўғри қарор бўлмади. Бу футболчи мухлислар томонидан қанчалик катта босим остда қолганини биласиз, шу боис унга бир муддат миллий жамоадан дам бериш керак. Фақат босимда қолиб кетгани учун эмас, айни дамда чемпионатнинг ўзида Игордан самаралироқ ўйнаётган бошқа ҳужумчилар бор.
Масалан, «Насаф» ҳужумчиси Ҳумоюн Муртазоев яхши мавсум ўтказмоқда. Сергеев гол ура бошлагани бор гап, аммо у миллий жамоанинг ўзгармас ҳужумчиси бўлмаслиги керак. Шу боис, Абрамов янги ҳужумчиларни синаб кўриши мақсадга мувофиқ бўларди. Умуман олганда, мураббий ўзининг илк йиғинига чақирган таркибини анча адекват танланган дейиш мумкин. Ҳар ҳолда чемпионатда ўзини кўрсатаётган кўплаб футболчиларга имкон берилган. Аммо мураббий яна бошқа футболчиларга, масалан Мурод Холмуҳаммедов, Шоҳруз Норхонов, Абдулазиз Юсупов каби сўнгги вақтларда яхши ўйин кўрсатаётган йигитларга имкон бериши ҳам мумкин эди. Балки Абрамов биринчи уринишдаёқ жуда кўп эксперимент қилишни хоҳламагандир...
Ўткир Жалолхонов
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)