20:16 / 25.07.2020
1 914

Устуворлик. Суперлигани тўхтатиш керак

Устуворлик. Суперлигани тўхтатиш керак
Европа футболи бизни доим чалғитади. Мисол учун, Суперлига клубларидаги маошлар кўп бўлмаслиги кераклигини айтсак, ахир Европада худди шу ишни қилиб, минг баробар кўп топишади-ку, дейдиганлар ҳам чиқиб туради. Аммо Европа клуби ўша маошни тўлар экан, футболчилар яратаётган маҳсулотни мухлисларга ва телевидениега сотиб, даромад қилади, яъни футболчининг маоши клуб томонидан қопланади, бу ҳақида кўп ўйлаб ўтирилмайди.

Бизнинг футболчиларимизнинг маоши на бир иқтисодий, на бир ижтимоий асосга эга бўлмай, қандай қилиб, ўша суммалар, ўлчовлар келиб қолгани, мени кўпроқ ҳайрон қолдиради. Ўзи даромад қилмайдиган ва асосан бюджет ташкилотларидан молиялаштириладиган бир футбол клуби, қандай миллий маҳсулот яратяптики, уларга шу қадар маош белгиланса?

Майли, бугун бу саволга жавоб изламайлик. Аммо футболга сарфланаётган пуллар ва футболнинг зарурийлик жиҳати қуйидаги мулоҳазаларимизда ёрдам беради.

Март ойида Европада футбол тўхтатилганида, қачон қайта бошланиши ҳақида ўйлаб ҳам ўтирилмади. Пандемиянинг қулоч оча бошлаши, ҳукуматларнинг талаби ва хос ҳолатлар бошқа йўл қолдирмаётганди. Масалан, «Аталанта» - «Валенсия», «Манчестер Юнайтед» – «Манчестер Сити» ўйинлари Европа мамлакатларида вирус тарқалишида катта туртки бўлди, «Хетафе» хўжайини эса, «истасанглар турнирдан чиқарворинглар, лекин биз Италияга бормаймиз, мен учун футболчиларимнинг соғлиғи муҳим», деб қатъий баёнот берди. Яъни приоритетларни белгилаш даври келганди – бундай вазиятда футбол энг охирги бўлиб қайғуриладиган соҳа.

Хавф бироз тарқалиб, вирус жиловлана бошлагач, мамлакатлар бирин-кетин футболни қайтара бошладилар. Муайян шартлар билан албатта. Ўша қарорлар фонида, Ўзбекистон Суперлигасининг давом эттирилиши мантиқий туюлади. Европада футбол қайтди, биздаям. Европада ўйинлар томошабинларсиз ўтказилмоқда, биздаям. Европада ўйинлар сони қисқартирилиб, компакт тақвимга бориляпти, биздаям. Худди коронавирус билан курашишда, бутун дунё бир хил стандартлар асосида курашаётгандек, футболни ташкил қилиш ҳам фарқ қилмаяпти - бу ҳолат ўзига хос иллюзия пайдо қилади ва ҳаммаси нормал, бўлиши керак бўлган ишлар қилиняпти, деган хулосага келинади. Аслида эса, икки ҳолат ўртасида жуда катта, мазмунан муҳим фарқ бор.

Аввало, бир саволни ўзимизга беришимиз керак? Европа нега футболга қайтди?

Мана шу саволнинг аниқ жавоби қилинаётган ишларни мантиқий изоҳлашда ёрдам беради, тўғрими? Масалан, Франция, Бельгия, Нидерландия каби давлатлар умуман чемпионатни тугатиб қўя қолишди. Хўш, Италия, Испания ёки Англияда чемпионни аниқлаш шу қадар зарурмиди? Бирор мавсумда чемпион аниқланмаса ёки қисқа йўл билан совриндорлар топилса, катта айб бўладими? Нега шунча одам овора, шунча одам ҳаракатда ва Европа футбол ўйнашни шу қадар истади?

Сабаби – пул. АПЛ ёки Ла Лига мавсум бошида телекомпаниялар билан катта суммаларда шартномалар имзолаган. АПЛ айтайлик, 38 турни телекомпанияга тақдим этади, компаниялар бунинг учун катта пулни АПЛ ҳисобрақамига ўтказиб беради, бу пул эса, клублар ўртасида тақсимланади. Ўз навбатида, компаниялар трансляция пайти учун ҳомийлар билан келишиб, реклама жойлаштиради ва даромад қилади. Барча катта шартномалар, келишувлар узоқ муддатга, айтайлик, камида бир йилга тузилган бўлади.

Энди чемпионат 38 эмас, 28 турдан иборат бўлса, юқоридаги схемадаги айланма пропорционал равишда камаяди. Телекомпания АПЛга бир миллиард эмас, мисол учун, 700 миллион ўтказиб беради. Ўз ўзидан ҳар бир клуб даромадидан 30 фоиз ютқазади. Бу фақат трансляциялардан топиладиган даромадлар рукнида, бундан ташқари, matchdays, яъни ўйин кунлари топиладиган даромадлар ҳам бор – чипталар, ўйингоҳ олдидаги савдолар, атрибутлар ва ҳоказо.

Ўйинлар томошабинларсиз ўтказилиши аниқ, бу йўналишдаги даромадлар ҳам йўқ. Демак, клублар ҳеч бўлмаса, трансляциядан келадиган тушумни бўлса-да сақлаб қолишга ҳаракат қилишади, чунки бу ерда катта молиявий манфаат ётибди. Ўз харажатларини, яшашини бир неча йилга режалаштириладиган клублар учун 50 фоиздан ортиқ йўқотишга учраш хавфли, инқироз ёқасига олиб келиши мумкин.

Мантиқий доира ёпилди – ҳар қандай ҳаракат ва қарорлар ортида, ҳатто биз учун ҳам тушунарли бўлган аргументлар ётганини тушундик. Шунда ҳам приоритетлар роль ўйнаяпти, ЕЧЛ ўйинлари қисқартирилди, «Олтин тўп» бекор қилинди ва ҳоказо. Кам даромадли ва ташкиллаштириш қийинчилик туғдирадиган миллий жамоалар ўртасидаги мусобақалар бир четга суриб қўйилди.

Шунча гапни, Европадаги умумий картина, приоритетлар ва у ёки бу қарорларга сабаб бўлган шартларни эслатиш учун айтдим, энди ўзбек футболига қайтамиз. Суперлигани давом эттириш ҳозирги шароитда керакми?

Юқоридаги формулага кўра, «керак» дейиш учун мантиқий асослар, тош босувчи манфаатлар бўлиши лозим. Худди Европадаги жавобни бу ерга келтириб қўя оламизми? Бу сафар – йўқ.

ПФЛ трансляциялар билан боғлиқ фойдали шартномага эга эмас, «Спорт ТВ» ҳам бюджет ташкилоти бўлгани учун ўртада икки томонлама win-win келишуви йўқ. Ҳомийлар билан ҳам шундай, Кока-Кола қайсидир миқдорни тўлашдан бош тортиши мумкин, лекин футболга сарфланаётган пуллар олдида, бу бирмунча камроқ.

Қисқа қилиб айтганда, клубларимиз пулни ҳокимдан оладими, тадбиркорларнинг фойдасиданми, ўқитувчилар маошиданми, ёки ана боринг, клубнинг ўзи тикув цехи орқалди ўзини ўзи молиялаштиряптими, фарқи йўқ, футбол ўйинларини давом эттириш ПФЛ ёки клубларга молиявий фойда келтирмайди, футбол ўйнаш уларни инқироздан қутқариб қолмайди.

Чемпионат барибир мухлисларсиз давом эттирилишини инобатга олсак, айни дамда футбол бирор ижтимоий эҳтиёжларни ҳам қондирмайди. Телевизорда Суперлигани кузатиб, вақт ўтказиш мумкиндир, лекин жамиятни бир бутун деб тасаввур қилсак, аксарияти молиявий қийинчиликлар гирдобида қолган, вирус ҳар томондан қамраб келаётган, зарурий эҳтиёжлар учун маблағ муаммо бўлиб турган пайтда Суперлига учун пул тўлаш қанчалик тўғри?

Суперлигани давом эттирмасак, фақат мана шу соҳада мавжуд бўлган қанчадир миқдордаги айланма йўқолиши эвазига, шу айланмадан даромад, ойлик олиб турган кичик бир қатлам жабр чекади, қўшиламан. Лекин ҳозир ким жабр чекмаяпти? Кунлик меҳнат қилиб пул топадиган жуда кўп соҳалар, жамоавий транспорт ҳайдовчилари, умумий овқатланиш, туризм, бозорда савдо қиладиганлар, умуман футболдан бир неча баробар катта ва фойдали бўлган тармоқлар тўхтатиб қўйилиб, юз минглаб ишсизлар пайдо бўлганда, футболни сақлаб туриш учун пул сарфлаш исроф эмасми?

Бу худди, бир оилада нондан, овқатдан, сувдан, доридан муаммо бўлиб турганда, отанинг фарзандига қимматбаҳо ўйинчоқ олиб келишидан эмасми? Хўп, ўша ўйинчоқ маълум вақт болани овутиб тургани билан, зарурий эҳтиёжлар қопланмаса, самарасиз бўлиб қолади. Бунинг устига, тан олиш керак, футболимиз баъзи давлатлардаги каби, маданиятимизнинг бўлагига айланиб кетмаган, «овунчоқ» ролига ҳам тортмайди.

Энг муҳими, вируснинг тарқалиши нуқтайи назаридан ҳам, биз бугунги эмас, март ойидаги Европага ўхшаб турибмиз. Яъни пик энди яқинлашяпти, вирус жиловланмаган, тиббиёт соҳасида етишмовчиликлар бўй кўрсатяпти, кўчага чиқиш энди чин маънода хавфли бўла бошлади. Яъни ҳозир биз ўша март ойида Европа футболни тўхтатган пайтдаги паллада турибмиз.

Бу шароитдаги бирламчи эҳтиёжлар бор. Бор маблағни тиббиётга йўналтириш, шу соҳа вакилларини рағбатлантириш, керакли жиҳозлар захираси ва ўринларни тайёрлаш, карантин қоидаларини қаттиқлаштириш, ишсиз ва даромадсиз қолганлар ҳақида қайғуриб, уларга маълум миқдорда ёрдам бериш ҳақида бош қотириш, вафот этганларга мотам тутиш палласида турибмиз.

Суперлигада чемпионни ёки кубок соҳибини аниқлашнинг зарурлиги ҳақида биргина мантиқли асос келтирилгунча, фикрим шу.

Қаҳрамон Асланов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Устуворлик. Суперлигани тўхтатиш керак