“Манчестер Сити” таркиби охирги икки трансфер ойнасида жиддий янгиланган бўлса-да, жамоа ҳали ҳам тўлиқ мувозанатга кела олгани йўқ, деб ёзади inglaterrafootball.com.
Хосеп Гвардиола бошқарувидаги жамоа кейинги пайтларда айниқса ҳимоя чизиғида жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бу масалада энг катта муаммо — ўнг қанот ҳимояси бўлиб турибди. Гвардиолани ҳозирча фақат 21 ёшли ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусановнинг ўйини қониқтирмоқда.
Абдуқодир аслида марказий ҳимоячи бўлса-да, “Сити”да унинг тезлиги ва позицион фикрлаши ўнг қанотни ёпишда катта ёрдам бераяпти. Шунинг учун Гвардиола уни айнан ўша чизиқда синовдан ўтказмоқда.
Марказда эса Рубен Диаш, Йошко Гвардиол, Жон Стоунз ва Ҳусанов каби футболчилар рақобатда. Бироқ Стоунз ёши катта ва жароҳатларга мойил. Унинг соғайиш жараёни ҳам анча узоқ давом этмоқда.
Шу орада хорватиялик Йошко Гвардиол ҳам жароҳатдан кейин тўлиқ формага киришда қийналаётганини тан олди:
— Тиззамдаги жароҳат узоқ вақт ўйнашимга тўсқинлик қилди. Ҳозир барчаси назоратда, лекин кучли чарчоқ сезиляпти. Бу мавсум олди тайёргарлик етарли бўлмагани билан боғлиқ, — деди у.
Гвардиолнинг бу ҳолати ортидан “Сити”да марказий ҳимоя учун навбатдаги ишонч Абдуқодир Ҳусановга қаратила бошлади. У нафақат марказда, балки ўнг қанотда ҳам ишонч билан ҳаракат қилиб, универсал ўйинчи сифатида кўзга ташланмоқда.
Шу тариқа, “Сити” ҳимоясидаги янги комбинациялар ичида Ҳусанов учун янги имкониятлар очиляпти. Гвардиола унинг майдондаги иродаси ва жисмоний барқарорлигидан мамнун. Шу сабабли инглиз клубининг келажак режаларида ҳам ўзбекистонлик ҳимоячига алоҳида ўрин ажратилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!