2026 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда рақамли маркировка тизими янада кенг қўлланилади — энди яроқлилик муддати ўтган товарлар автоматик равишда сотувдан чиқарилади. Бу ҳақда 6 октябрда қабул қилинган Президентнинг 296-сонли қарорида белгиланган.
Янги тартибга кўра, агар маҳсулотнинг яроқлилик муддати тугаган бўлса, унга чек шакллантириш имкони бўлмайди. Демак, бу каби товарлар автоматик тарзда сотув тизимидан блокланади ва фойдаланувчига етказилмайди.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан, ишлаб чиқарилган сана ёки яроқлилик муддати кўрсатилмаган, шунингдек, муддати ўтган маҳсулотларни қабул қилиш ёки сотиш мутлақо тақиқланади. Янги электрон тизим эса бу жараённи тўлиқ автоматлаштириб, инсон омилини камайтиради.
Давлат солиқ қўмитаси маълум қилишича, рақамли маркировка тизими “Асл белгиси” автоматлаштирилган платформа орқали амалга оширилади. Ишлаб чиқарувчи ва импортёр тадбиркорлар маҳсулот ҳақидаги барча маълумотларни — номи, миқдори, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ва бошқаларни — “CRPT Turon” МЧЖ орқали мазкур тизимга киритади.
Чакана савдода эса маҳсулот 2D сканер ёрдамида ўқилганда, унинг рақамли коди “Асл белгиси” тизимидаги маълумотлар билан солиштирилади. Агар маҳсулотнинг муддати ўтган бўлса, онлайн-касса аппарати экранида “Маҳсулот яроқлилик муддати ўтган” деган хабар пайдо бўлади ва чек шакллантириш автоматик равишда тўхтатилади.
Солиқ қўмитаси изоҳига кўра, бундай ҳолатда маҳсулот “блокланган” деб белгиланади ва дўкон ёки ишлаб чиқарувчи уни ҳисобдан чиқариши лозим бўлади. Бунинг учун мажбурий инвентаризация ўтказилиб, махсус далолатнома расмийлаштирилади. Маҳсулотнинг қиймати эса корхона харажатларига киритилади.
Масалан, бузилиб қолган ёки яроқсиз ҳолатга келган маҳсулотлар “9430-счёт” орқали бошқа операцион харажат сифатида ҳисобдан чиқарилади. Бу ҳисоб-китоб тизими орқали барча жараён қонуний ва шаффоф шаклда амалга оширилади.
Маълумот учун, рақамли маркировка мажбурий қилиб жорий этилган маҳсулотлар рўйхатига қуйидагилар киради:
– дори воситалари ва тиббий буюмлар;
– сув ва салқин ичимликлар;
– маиший техника маҳсулотлари;
– минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари.
Янги тизимнинг жорий этилиши нафақат истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлайди, балки бозордаги ноқонуний маҳсулот айланмасига ҳам чек қўяди. Мутасаддилар таъкидлашича, бу чора товар сифатини назорат қилиш ва соғлом рақобат муҳитини яратишда муҳим қадам бўлади.
Шундай қилиб, 2026 йилдан бошлаб ҳар бир маҳсулотнинг яроқлилик муддати нафақат қоғозда, балки рақамли тизим орқали ҳам қатъий кузатилади — бу эса савдода шаффофлик ва масъулиятни янги босқичга олиб чиқади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!