date

“Мотоциклчи қиз” 3 суткага қамалди

“Мотоциклчи қиз” 3 суткага қамалди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида йўлда хавфли ҳаракатлар қилиб, “калитга калит” деб машиналар билан пойга уюштирган 25 ёшли мотоциклчи қиз маъмурий тартибда 3 суткага қамалди, деб хабар берди Qalampir.uz.

Суд ҳужжатларига кўра, 2000 йилда туғилган И.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир нечта моддалари бўйича иш қўзғатилган. У йўл безорилиги, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ва транспорт ҳужжатларисиз восита бошқариш каби ҳуқуқбузарликларда айбдор деб топилган.

Натижада суд И.Т.ни 3 суткага маъмурий қамоққа ҳукм қилди. Шунингдек, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида, яъни тахминан 10,3 миллион сўм жарима жазоси тайинланди.

Маълум бўлишича, “калитга калит” деб номланган ушбу пойгада 2003 йилда туғилган Ш.О. исмли йигит ҳам иштирок этган. У ҳам йўл безорилиги, ички ишлар ходимларининг талабларига бўйсунмаслик ва майда безорилик моддалари бўйича айбдор деб топилган. Суд қарорiga кўра, Ш.О. 5 суткага маъмурий қамоққа олинди, шунингдек, 1 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди ва 10,3 миллион сўм жарима тўлашга мажбур қилинди.

Иш материалларига кўра, мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалган видео орқали маълум бўлган. Видеода қизнинг мотоциклда машиналар билан пойга уюштиргани ва бу ҳолат кўпчиликда кескин муҳокамаларга сабаб бўлган.

Блогер сифатида танилган И.Т. кейинчалик ўз сторисида ҳолатга изоҳ бериб, ўз хатосини тан олган. Унинг сўзларига кўра, “калитга калит” деб пойга ўйнаш қимор тарғиботи сифатида баҳоланганини аввал билмаган.

“Тунда безорилик қилапсиз, ёшларни қиморга чорлаяпсиз, деб чақиришди. “Калитга калит” деб пойга ўйнаш қимор тарғиботи ҳисобланар экан. Билмагандим, энди билдим. Мотоциклни “штрафной”га олиб кетишди”, — деган у сторисида.

Мутахассислар таъкидлашича, сўнгги пайтларда ёшлар орасида “адреналин пойгалар” ва “лайк орттириш” мақсадида йўл безорилиги ҳолатлари кўпайган. Бу нафақат қонунбузарлик, балки ҳаёт учун жиддий хавф ҳам ҳисобланади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни, айниқса ёшларни, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишга ва “видеочалленжлар” орқали ўз ҳаётини хавф остига қўймасликка чақирмоқда.

Қаршидаги мазкур воқеа эса жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларда масъулият ва қонунга итоат мавзусини яна кун тартибига олиб чиқди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » “Мотоциклчи қиз” 3 суткага қамалди