Мана, «Жаҳон чемпионатига етишамиз» деб аталмиш ушалмас орзу яна бир бор армонлигича қолиб кетди. Миллионлаб чарм тўп ихлосмандлари учун эришиб бўлмас рўё саккизинчи саралашдан сўнг яна чўпчакка айланди. Саудия Арабистони терма жамоасидан қабул қилиб олинган қақшатқич мағлубият энг сўнгги илинжни ҳам чиппакка чиқарди.
Аввалги саралаш босқичларида голлар миқдоридаги арзимас фарқ, ҳакамларнинг бемаъни хатолари, асосий рақибларнинг хуфиёна тил бириктиришлари каби сабаблар туфайли мақсадга эришишимиз учун энг сўнгги дамда бир баҳя қолган бўлса, бу сафар натижа дилни хуфтон қилгудек ачинарли кўриниш олди. Мамлакатимиз терма жамоаси нафақат ҳал қилувчи босқичдан ўта олишмади, балки унга яқинлашишга ҳам ожизлик қилиб, дастлабки даврадаёқ курашни йиғиштириб қўйди.
Бу жамоамиз тарихида илк бор рўй берди. Футбол бобида ҳатто Осиё даражасида ип эша олмайдиган мамлакатлар жамоаларидан ташкил топган гуруҳдан иккинчи ўринни эгаллаб бўлса ҳам навбатдаги босқичга олиб чиқиш вазифасини мактаб жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳам уддаларди. 15-ўринни банд этиб, қитъанинг кучли 12 жамоаси сирасига ҳам кира олмадик, аттанг.
Миллионлар ўйини бугунги кунда давлатларнинг нуфузини белгиловчи омилга айлангани сир эмас. Ўзбек футболининг халқаро майдондаги мавқейи мамлакатимизнинг сиёсий обрўсига, янгиланаётган Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятига мос келадими, деган ҳақли савол туғилади.
Кейинги йилларда давлатимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратиляпти, соҳа миллатни соғломлаштирувчи омил сифатида баҳоланмоқда. Мамлакат бўйлаб ташкил қилинган футбол марказлари, ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда секцияларда юз минглаб ўсмирлар — ўғил болалар ва қизлар шуғулланмоқда. Ўсмирлар ҳамда ёшлар терма жамоаларининг халқаро мусобақалардаги ютуқлари футболимиз мустаҳкам пойдеворга асосланганидан далолат беради. Аммо миллий терма жамоани шакллантириб, жаҳоннинг йирик мусобақаларида муваффақиятли тўп суришини таъминлаш ҳамон негадир оқсамоқда. Заминимиз азалдан иқтидорларга бой бўла туриб, майдонда чориғимизни аранг судраб юришимиз янада аламли.
Футбол бобида маслаҳатгўйлар бисёр. Уй бекасидан тортиб, академикларгача, зеро, халқчил спорт тури барчанинг қалбидан чуқур ўрин олган. Мен ҳам мутахассисликка даъво қилмасдан, ярим асрлик мухлис сифатида ўз фикрларимни қоғозга туширдим.
Ҳозир Ўзбекистон футбол ассоциациясини масъулиятни ҳис қилувчи, бу соҳада тартиб ўрнатишни чин дилдан хоҳловчи таниқли раҳбарлар бошқармоқда. Ўзини оқламайдиган янгилик яратишни яхши кўрадиган, иззат-нафси юқори бош мураббий Вадим Абрамовнинг хатти-ҳаракатлари барча уринишларга соя солгандек. Дарвоқе, делегациямиз таркибида терма жамоалар маркази раҳбари Азизбек Ҳайдаров кўзга ташланмади. Футболга эътиқоди баланд бир сўзли мутахассис саудияликлар билан кечган ўйиндаги
бемазагарчиликларга йўл қўймаган бўларди.
Умуман, мамлакатимизда ватанпарвар, руҳи тобланган, рақибларга изн бермайдиган, футбол жамоатчилигига янги Ўзбекистонни намойиш қилиш истагидаги чарм тўп усталари кўплаб топилади. Худди чарм қўлқоп усталари каби. Бошқа камчиликларни инкор этмаган ҳолда, терма жамоамизнинг асосий муаммоси, унинг энг нозик жойи малакали мураббийнинг йўқлигида, деб ҳисоблайман.
Бу муаммо бирдан пайдо бўлмади. Ўтган саралаш босқичида мазкур масъулиятли вазифа авваллари, ҳатто, болалар жамоаларига мураббийлик қилмаган Самвел Бабаянга ишониб топширилди. Яхши менежерлиги айтилди, бўлса бордир. Аммо афсуски, «Ўзбекистон терма жамоасига янги футбол фалсафасини сингдириш»ни ваъда қилган инсоннинг уриниши барчамизга қимматга тушди.
Ўша кездаги раҳбарият масалани узил-кесил ҳал қилиш хорижий мураббийга боғлиқ, дея ҳисоблаб, аргентиналик мутахассисни таклиф этди. Илгари қандайдир жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиққан Эктор Купер Ўзбекистонга келар экан, ушбу даромадли лавозимда имкон қадар узоқроқ қолишни ният қилгани кўзга ташланиб қолди. Аргентиналик мураббийнинг қарашлари давр талабидан ортда қолганлиги дастлабки учрашувларданоқ ойдинлашди. Замонавий футбол тактикаси ва стратегиясини ҳис этмади. Майдонда ҳаракатланаётганларга амаллаб гол ўтказиб юбормаслик, у ёғига эса бир гап бўлар, қабилида кўрсатмалар берди.
Ўзбек футболининг ҳужумкор анъаналаридан йироқ мутахассис мудофаа тактикасига урғу берди. Шунга мослаб жамоа тузди. Унинг истеъфоси бизга икки ҳисса қимматга тушди. Бир неча миллион доллар товон пули тўлаганимиз етмаганидек, жамоамиздан уч очко олиб қўйилди. Айнан шу очколар «Қатар — 2022»га чиқишда курашни давом эттиришимиз учун жуда зарур эди.
Шундан сўнг Вадим Абрамов номзодига қайтилди. Тажрибали, дуруст мутахассис, у билан ўн йил аввал Осиё чемпионатининг ярим финалига чиққан эдик. Афсуски, Абрамов касбий маҳорат бобида ўсишдан тўхтаб қолган эди. Унинг қўли остидаги жамоа «Бабаян — Купер» «мероси»дан қутула олмаяпти. Тизимсиз, маъносиз тўп суришда давом этаётир. Аламли якунланган Саудия Арабистони яшил майдонларидаги саралаш босқичида бу ҳолат яққол намоён бўлди. Тактика борасида яманликлар ва саудияликлар мураббийлари Абрамовни доғда қолдирди. Таркиб борасида тушунарсиз тажрибалари билан донг таратган мураббийимиз бу гал ҳам ўз қарашига содиқ қолди. Натижаси эса барчамизга маълум.
Жамоа диспетчери, ҳужумкор яримҳимоячи Одил Аҳмедовни ҳимоя марказига қўйиб, кимни доғда қолдирмоқчи бўлган эди? Бу амплуа унга хос эмаслиги аён эди-ку! Тезкор рақиб ҳужумчилари вакилимиздан қочиб кетиб, дарвозани икки бор ишғол қилгани фикримизни тасдиқлайди. Ҳал қилувчи учрашувда таркибдан жой бермаса, ишонч билдирмаса тажрибали Тўхтахўжаевни, бўйдор Қобилов ва Эшмуродовни нега жалб қилди жамоага?
Абрамов худди шу каби «финт»ни 2011 йилги Осиё чемпионатида ҳам қўллаганди. Медаллар учун кечган асосий баҳсларда ёш, аммо кўзга ташланиб улгурган Одил Аҳмедовни ҳимоянинг марказига жойлаштирди. Ўшанда ҳам ҳар икки муҳим ва сўнгги ўйинларда мағлуб бўлиб, тўртинчи ўринда қолиб кетдик.
Энг навқирон йиллари ортда қолган, беш йилдирки терма жамоага жалб этилмаётган Олег Зотеевни Арабистонга нега олиб борди? Фаолиятига хорижда якун ясаётган футболчи шерикларига киришиб кетолмаётгани дастлабки ўйиндаёқ сезилди. Шунга қарамасдан, ҳал қилувчи баҳсда қанот ҳимоячисига диспетчерлик вазифаси топширилди. Шомуродовга ҳужумда ёрдам бераётган Жалолиддин Машариповни эса тушунарсиз сабабларга кўра ҳужум чизиғидан йироқлаштирди.
Ахир у жамоанинг етакчиларидан бири эди. Мураббий «каромати» билан Машарипов ҳимоя ва ҳужум чизиғимиз ўртасида бўзчининг мокисидек самарасиз ҳаракатланишга мажбур бўлди. Камига ўзимизнинг «Мауринё» бундай ўта масъулиятли учрашувда нақд тўққиз йил жамоага таклиф этилмаган В.Галиуллинни майдонга чиқарди. Бу билан у жамоамизни аввалдан муваффақиятсизликка юз тутишини таъминлади. Мураббийнинг кўрсатмаси билан вакилларимизнинг учдан бир қисми ўзига хос бўлмаган вазифани бажаришга мажбур бўлди. Яъни жамоанинг қуввати онгли равишда 30 фоизга пасайтирилди.
Якуний матбуот анжуманида эса жамоа мағлубиятини ва ҳатто битта тўп кирита олмаганини тушунмаётганини баён қилди. Майдондаги вазиятга асосий масъул бўлган инсон йўл қўйган қўпол, тутуруқсиз хатоларни сўнгги 15 дақиқада захирадан туширилган ёшлар ўнглашга ҳаракат қилди. Улар учрашув поёнида рақибларини ўз майдонида қамал қилди. Аммо кеч бўлган эди.
Бабаян — Купер — Абрамов учлигининг фаолияти бизга қимматга тушди — ФИФА рейтингида 54-ўриндан дастлабки юзталикнинг сўнгги поғоналарига «қуладик».
Афсуски, бой берилганни қайтариб бўлмайди. Яшашда, интилишда давом этиш зарур. Олдинда «Осиё — 2023» чемпионати, «Париж — 2024» Олимпиадаси, 2026 йилги жаҳон чемпионати турибди. Уларга ҳозирдан тайёргарлик кўриш керак.
Шу ўринда айрим таклифларни илгари сурмоқчиман. Мамлакат терма жамоалари, жумладан, аёллар жамоалари мураббийларини тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш зарур. Мураббийларнинг аксарияти аввал тўп сурган ўйинчилар. Барчасини ҳам замон талабларига жавоб берадиган профессионал маълумотга эга, деб бўлмайди. Тажрибали, юқори малакали устозлардан ўрганиш насиб этганлари ҳам кўп эмас.
Ўз вақтида мамлакатимизда фаолият олиб борган Сколари, Зико, Ривалдонинг Ўзбекистонга келиши маҳаллий мураббий ва футболчилар малакасига ижобий таъсир кўрсатган, деб ҳисоблайман. Машҳур бразилияликлар ҳам биз каби инсон эканликларига ишонч ҳосил қилдик. Фарқи — футболга бўлган муносабатида кўринди.
Истиқболли мураббийларимиздан М. Қосимов, Р. Бердиев, Т. Кападзе, Б. Ашурматов, С. Жепаров кабиларни хорижий мамлакатларга тажриба алмашишга юбориш мақсадга мувофиқ. Улар қатори аёллар, болалар ва ёшлар жамоалари устозлари ҳам юқоридаги тартибда малака оширишлари керак. Футбол клубларини оқилона бошқариш учун менежерлар ҳам зарур.
Масаланинг амалий жиҳати катта муаммо туғдирмайди. Биринчидан, Ўзбекистон Европадаги «Топ — 5» футбол мамлакатлари билан мустаҳкам дипломатик муносабатларни йўлга қўйган. Ушбу мамлакатларда фаолият кўрсатаётган элчихоналаримиз барча амалий масалаларни ҳал қилади. Қолаверса, кўҳна қитъадаги етакчи футбол давлатлари билан маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик юзасидан ҳукуматлараро битимлар тузилган.
Иккинчидан, Осиёда жойлашганимиз боис уларга тўғридан-тўғри рақиб ҳисобланмаймиз. Шу сабабли ўзбек мутахассисларининг «Реал» ёки «Барселона»да малака оширишига мезбонлар қарши бўлмасликлари тайин.
Учинчидан, масаланинг моддий-молиявий жиҳати ҳам ўта мураккаб муаммо эмас. Ҳар бир мамлакат ва клуб билан алоҳида келишиб олса бўлади (жойлаштириш, овқатланиш, ўқув-машғулот ҳамда мусобақа жараёнларида иштирок этиш ва ҳоказо). Дастлабки хомчўтларга кўра, бир нафар мутахассиснинг бир йиллик стажировкаси 100 — 120 минг долларга тўғри келади. Ўзга давлатга жўнаб кетиш олдидан Тошкентда тил ўрганиш харажатлари бундан мустасно. Малака оширишдан келадиган самара қилинган харажатларни бир неча баробар қоплайди.
Навбатдаги таклиф — Ўзбекистонда спорт соҳасида ҳуқуқшунослар тайёрлаш тизими йўлга қўйилмагани билан боғлиқ. Фаолиятини хорижда давом эттириш ниятида шартнома имзолаётган спортчилар сони эса йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Профессионаллар ўртасида жаҳон чемпиони бўлишдек салоҳиятга эга боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев, футболчиларимиз Остон Ўрунов ва Жасур Жалолиддиновни мисол тариқасида келтириш мумкин. Нопок агентлар томонидан аксарият ҳолларда манфаатсиз шартномалар таклиф қилиниши иқтидор эгаларини қийин аҳволга солиб қўяди. Судга кейинги мурожаатлар ҳам натижа бермайди.
Шартномани имзолашдан олдин ҳужжат спорт соҳасидаги халқаро ҳуқуқшунос томонидан кўриб чиқилиши амалиёти мавжуд эмас. Пишиб етилган ушбу масала ўз ечимини кутмоқда.
Мақолада тилга олинганларнинг аксарияти ҳақиқий футбол жонкуярлари томонидан анчадан буён муҳокама қилинмоқда. Шундай эса-да, масалани, уни ҳал этиш йўлларини излашни матбуотга олиб чиқмаймиз, гўёки бу ишни биров қилиб берадигандек. Муаммо эса чигаллашаверади. Янгиланаётган Ўзбекистонга муносиб футболни шакллантириш, уни юқори даражага олиб чиқиш учун очиқ мулоқот ўрнатиш вақти келди.
Спортга, футболга берилаётган улкан эътибор, сарфланаётган харажатларни инобатга оладиган бўлсак, чарм тўп усталари халқ олдида, миллионлар ўйини ихлосмандлари наздида қарздорлар — уни узиш фурсати етди. Футболчилар ҳам буни яхши англаб, астойдил бел боғлаб туришибди. Уларга зарур ташкилий-услубий кўмак зарур холос. Шунда жаҳон стадионлари узра Ўзбекистон байроғи ҳилпирайдиган, мадҳияси янграйдиган кунларга етишамиз, албатта.
Шоқосим ШОИСЛОМОВ,
56 йиллик футбол ихлосманди
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШда Трамп сиёсатидан қочмоқчи бўлганларга 4 йиллик саёҳат таклиф қилинди
Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистондаги мусобақада пешқадам бўлиб турибди
Филмлар, қўшиқлар ва сериаллар «маънавий экспертизадан» ўтказилади
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди