date

“Манчестер Сити”да Ҳусановсиз ҳафта: қайтиш санаси маълум бўлди

“Манчестер Сити”да Ҳусановсиз ҳафта: қайтиш санаси маълум бўлди

“Манчестер Сити” сафидаги ўзбекистонлик ёш ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга қайтиши яна кечикди. Уни нафақат ўз мухлислари, балки Хосеп Гвардиола бошчилигидаги мураббийлар штаби ҳам орзиқиб кутмоқда, деб хабар берди cityxtra.co.uk.

Аввалроқ Гвардиола Ҳусанов учта ўйинни ўтказиб юборишини маълум қилган эди. Аммо реал ҳолатда унинг сафга қайтиши икки мартагача ортга сурилди. Дастлаб 5 октябрь куни таркибга қўшилиши кутилган футболчи ҳозирча майдонга қайта олмаяпти.

Манбанинг ёзишича, ҳимоячининг соғайиш жараёни дастлаб режалаштирилгандек тез кечмаяпти. “Манчестер Сити”даги ички маълумотларга кўра, Ҳусановнинг тикланиши яна камида бир ҳафтага чўзилиши мумкин.

“Ҳозирча Абдуқодирнинг ҳолати барқарор, аммо у ҳали тўлақонли машғулотларга қўшилгани йўқ. Бу Гвардиола жамоаси учун жуда сезиларли йўқотиш, чунки у ҳимоя чизиғидаги энг иқтидорли ўйинчилардан бири”, — деб ёзади журналист Фрэдди Пай.

Эслатиб ўтиш жоиз, 21 ёшли футболчи сентябрь ойида АПЛ доирасидаги “Арсенал”га қарши баҳсда жароҳат олганди. Ўшандан бери у майдонга тушмаган. Ҳатто яқинда унинг ҳолати яхшилангани ҳақида хабарлар тарқалган бўлса-да, у ҳали ҳам тайёргарлик жараёнини тўлиқ бошламаган.

Ҳусановнинг йўқлиги сўнгги учрашувларда яққол сезилди. Усиз “Сити” ҳимоясида айрим камчиликлар кўзга ташланди. У “Хаддерсфилд”, “Бёрнли”, “Монако” ва “Брентфорд”га қарши ўйинларни ўтказиб юборди.

Ёш ҳимоячи нафақат марказда, балки ўнг қанотда ҳам ишончли ҳаракат қила олади. Шунинг учун у Гвардиоланинг тактик схемаларида муҳим фигура ҳисобланади. Айниқса жамоада ротация ёки кадрлар танқислиги юзага келган вақтда унинг борлиги катта устунлик беради.

Мавсум бошидаёқ Гвардиола ўзбек футболчисининг ўйинларидан мамнунлигини билдирган. Испаниялик мутахассис Ҳусановни клубнинг келажак режаларида муҳим ўрин эгаллайдиган ўйинчи сифатида тилга олган эди.

Ҳозирги пайтда “Сити” жуда тиғиз тақвим асосида ҳаракат қилмоқда. Бу эса жароҳатлар хавфини оширган. Шу боис клуб мутасаддилари Ҳусановни шоширмасдан, унинг тўлиқ соғайишини кутишни маъқул кўрган.

Шу билан бирга, агар соғайиш жараёни режадагидек кечса, Абдуқодир Ҳусанов 25 октябрь куни “Астон Вилла”га қарши сафар баҳсида сафга қайтиши мумкин. Бу хабар ўзбекистонлик мухлислар учун ҳам умид бағишлади.

Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг 20 январидан буён “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилмоқда. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 35 миллион еврога етган — бу МДҲ давлатларидан АПЛда ўйнаётган футболчилар орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити”да Ҳусановсиз ҳафта: қайтиш санаси маълум бўлди