date

Абдуқодир Ҳусанов яна сафдан ташқарида: қайтиши кечикмоқда

Абдуқодир Ҳусанов яна сафдан ташқарида: қайтиши кечикмоқда

«Манчестер Сити» Англия Премьер-лигасидаги сўнгги бешта учрашувда тўрт марта ғалаба қозониб, пешқадам «Арсенал» билан дуранг қайд этганидан сўнг мусобақа жадвалида иккинчи поғонага кўтарилди.

Эндиликда Хосеп Гвардиола эътиборини Европа Чемпионлар лигаси доирасидаги навбатдаги муҳим баҳс — Испаниядаги «Вильярреал»га қарши ўйинга қаратган.

«Шаҳарликлар» қитъанинг энг нуфузли мусобақасида бир ғалаба ва бир дуранг билан кучли саккизлик сари қадам ташламоқда. Аммо клуб ичидаги жароҳатлар Гвардиоланинг бош оғриғига айланган.

Родри ҳолати жиддийлашди

Испаниялик ярим ҳимоячи Родри «Брентфорд»га қарши ўйинда жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этганди. Унинг ўзи “жиддий хавф йўқ” деган бўлса-да, клуб шифокорлари вазиятни жиддий деб баҳоламоқда.

«Тиззамда енгил оғриқ ҳис қилдим, лекин бу оғир жароҳат эмас деб ўйлайман. Энг муҳими, хавфли эмас», — деди Родри Sky Sports’га.

Шунга қарамай, Гвардиола уни шошилмай тиклантириш тарафдори. Чунки ўтган мавсум Родри узоқ муддат сафдан чиққанди.

Тахминий қайтиш муддати — ноябрь ойи.

Айт-Нури майдонга қайтиш арафасида

Жазоирлик ҳимоячи Райан Айт-Нури бир неча ҳафталардан бери жароҳатини даволамоқда. Гвардиола сўзларига кўра, у машғулотларга қўшилган, лекин ҳали ўйинга тайёр эмас.

«Эвертон»га қарши баҳсда иштирок этмаган футболчи «Вильярреал» билан тўқнашувда ҳам майдонга чиқмаслиги мумкин. Унинг қайтиши 26 октябр, «Астон Вилла»га қарши учрашувда кутиляпти.

Абдуқодир Ҳусановнинг ҳолати

Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов сентябр ойидан бери майдонга тушмаяпти. У «Арсенал»га қарши баҳсда жароҳат олиб, шундан кейин жамоага қўшила олмаган.

Дастлаб унинг тикланиши тез кечиши кутилган, аммо шифокорлар кутганидан секинроқ натижа қайд этмоқда. Ҳусанов ФИФА кунларидаги Кувайт ва Уругвайга қарши ўртоқлик учрашувларини ҳам ўтказиб юборди.

Sky Sports тарқатган сўнгги машғулот лавҳаларида ҳам ўзбек легионер кўринмаган. Бу унинг Европадаги «Вильярреал»га қарши баҳсни ҳам ўтказиб юбориши эҳтимолини оширди.

Гвардиолани олдинда оғир ой кутиб турибди

«Манчестер Сити» бир вақтнинг ўзида тўрт фронтда курашмоқда — Премьер-лига, Чемпионлар лигаси, Лига кубоги ва Англия кубоги. Шундай шароитда ҳар бир ўйинчи жуда муҳим аҳамият касб этади.

Жароҳатлар сони кўпайгани боис Гвардиола таркибдаги ҳар бир ижрочидан максимал фойдаланиш режасини ишлаб чиқмоқда.

21 октябрдан 22 октябрга ўтар кечаси (Тошкент вақти билан соат 00:00) “Сити” Испанияда “Вильярреал” меҳмони бўлади. Бу баҳс Гвардиола жамоаси учун нафақат очколар, балки жамоа руҳиятини ҳам сақлаб қолиш синовига айланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов яна сафдан ташқарида: қайтиши кечикмоқда