
Россиялик UFC жангчиси Ислом Махачевнинг менежери Ризван Магомедов спортчининг яқинда қабул қилган муҳим қарорини очиқлади. Унга кўра, Махачев енгил вазн (70 кг) тоифасидаги чемпионлик камаридан воз кечиб, янги синов — ярим ўрта вазн (77 кг) дивизионига ўтишни маъқул кўрган.
Менежернинг таъкидлашича, бу қарор жангчи учун оғир бўлмаган. “Бу қарор унга умуман қийин бўлмади, чунки у бу ҳақда анча вақтдан бери ўйлаб юрарди. Бир куни Ислом менга ‘мотивацияни йўқотаяпман, камарни ҳимоя қилиш энди оддий ишга айланмоқда’, деди. У ҳатто тайёргарликка жиддий ёндоша олмасликдан қўрқарди. Шу сабабли янги тоифага ўтиш орқали ўша ички оловни қайта топди,” — деди Магомедов.
Менежернинг сўзларига кўра, Махачев янги вазнда ҳам юксак натижалар кўрсатишга интилаяпти. “Ҳозир у бутунлай бошқача кайфиятда. Бу янги босқич унинг ичидаги рақобат руҳини қайта ёқди. Албатта, у бу қарорни олдиндан режалаштирганди, аммо Белал Муҳаммад чемпион бўлгани сабабли бироз иккиланаётган эди. Энди эса ҳамма нарса ўз ўрнига тушди,” — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни бўлиб ўтадиган “UFC 322” турнирида Ислом Махачев янги тоифадаги илк жангини ўтказади. Унинг рақиби — ярим ўрта вазн чемпиони, австралиялик Жек Делла Маддалена бўлади.
Бу тўқнашув нафақат Махачев учун янги вазндаги дебют, балки тарихий аҳамиятга эга бўлиши мумкин — у агар ғалаба қозонса, икки вазн тоифасида ҳам чемпионликни қўлга киритган UFC юлдузлари сафига қўшилади.
Шу билан Махачев ўзининг янги мақсади — янги дивизионда ҳам зўрликни исботлаш учун йўлга чиқди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.