3 415
«Ўзбек Марадонаси»дан ҳақиқий ватанпарваргача: Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорлари ҳақида
Коллаж: «Дарё» / Муҳаммадқодир Собиров
Ўзбекистон терма жамоаси 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионатини (ҳам) уйда томоша қилиши аниқ бўлганига ҳам тез орада бир ой тўлади. Ўшанда миллий терма жамоа Саудия Арабистонига шармандали ҳисобда енгилганди. Негадир мағлубият, аниқроғи, терманинг (яна) ЖЧга чиқолмагани шу сафар кўпчилик қатори мени ҳам унчалик катта қайғуга қўймади.
Гўё ҳаммаси шундай бўлиши керакдек... Бундан олдинги йилларда якун шундай бўлган бўлса-да, кўнгил қурғур сўнгги паллагача нимадандир умид қилишдан тўхтамасди. Бу сафар эса ҳаммаси бошқача бўлди, ҳатто ўша оқшомда танишларим орасида Саудияга мухлислик қилганлар ҳам топилди. Менимча, муаммомиз ҳам аслида шунда бўлса керак. Ҳай, майли, ҳали эскириб улгурмаган яраларни янгилашдан ва уларга туз сепишдан маъни йўқ. Ўша машҳур фильмда айтилганидек, буёғига энди фақат «ишлаш керак, ишлаш керак».
Мен кўпроқ миллий жамоанинг кўп йиллик фидойи сардори Одил Аҳмедов ўзи муносиб бўлмаган тарзда жамоадан кетганига ачиняпман. У бундай (худди бир айб иш қилиб қўйган бола каби боши эгик ҳолда) кетишга лойиқ эмасди. Инкор этиб бўлмас бир жиҳат бор, сўнгги 10 йилликда терма жамоанинг ўйини айнан Одилга боғлиқ эди, у ҳам майдонда, ҳам унинг ташқарисида ҳақиқий сардор эди. Одил кетди, хўш энди сардор ким бўлади? Сардорлик боғичининг кимга топширилиши ҳам худди термага қайси мураббий келиши каби номаълум. Аммо Аҳмедовдан олдин қайси футболчилар сардорлик «юк»ини кўтариб юрганини ёдга олиш ортиқча маҳорат талаб этмайди. Шундай экан, Ўзбекистон терма жамоасининг барча даврлардаги таниқли сардорлари ҳақида фикр юритишнинг айни вақти.
Миржалол Қосимов
«Ўзбек Марадонаси» деб ном берилган Миржалол Қосимов фаолиятини 2006 йилда якунлаган бўлса-да, футбол мухлислари ҳамон унинг майдондаги бетакрор ҳаракатларини қўмсашини таъкидлаб келади. Буни тушуниш мумкин, боиси ўтган вақт давомида мамлакатда бир ўзи ўйин тақдирини ҳал қила оладиган ва жамоадошларини ўз орқасидан етаклайдиган ўйинчилар етишиб чиққани йўқ деб айтиш нотўғри бўлмайди.
Қосимов даврида стандарт вазиятлар терма жамоанинг энг катта устун томони эди. Қосимов уларни шу қадар аниқлик ва нафислик билан амалга оширар эдики, ҳатто дарвозабонлар ҳам унинг зарбаларига шунчаки маҳлиё бўлиб қоларди. Шунингдек, у майдон марказидан туриб, бутун бир ўйинни назорат қилиб турарди. Унинг заргарона узатмаларидан сўнг гол уришдан кўра гол ура олмаслик қийинроқ эди.
Қосимов бутсаларини михга илгач, мураббийлик фаолиятини бошлади. У қисқа вақт мобайнида «Бунёдкор» ва терма жамоани бошқариб, қониқарли натижаларга эришди деб айтиш мумкин. Миржалол Қосимов ҳозирда Олмалиқнинг «ОКМК» жамоасига устозлик қилмоқда. Унинг терма жамоадаги статистикаси қуйидагича бўлган: 67 ўйин, 31 гол.
Максим Шацких
Фаолиятининг деярли бутун қисмини Россия ва Украинада ўтказган Шацких Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади. Максим терма жамоада 20 ёшида дебют қилиб, 60 ўйинда 34 та гол урган. Унинг майдондаги устун томонлари сифатида гол сезиш қобилияти ва иккинчи қаватда яхши ўйнай олишини кўрсатиш мумкин эди. Шацких гарчи терма жамоага узоқ вақт давомида сардорлик қилмаган бўлса-да, ҳар доим ўз ўрнига эга бўлиб келган. Унинг ҳамон тўпурарлар рўйхатини бошқараётгани ҳам бунга исбот бўла олади.
Сервер Жепаров
Сервер Жепаров ҳам узоқ йиллар давомида Ўзбекистон миллий терма жамоасига сардорлик қилган ва жамоанинг энг муҳим ўйинчиларидан бири бўлган. Икки бор Осиёнинг энг яхши футболчиси (2008 ва 2011 йилларда) деб топилган Жепаров майдон марказида ўйиннинг боришини назорат қиларди ва ақлли паслари билан ҳужумчиларни қулай вазиятларга олиб чиқарди. Бугунги кунда Ўзбекистон U-14 терма жамоасига мураббийлик қилаётган Жепаров 127 та баҳсда майдонга тушиб, 27 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган.
Қайд этиш жоиз, Жепаров 127 та ўйини билан терма жамоа рекордчиси ҳисобланади. Терма жамоадаги ўйинлар сони бўйича унинг энг яқин таъқибчиси Тимур Кападзенинг (фаолиятини якунлаган) кўрсаткичи эса 119 тага тенг. Айтарлик ҳеч қандай (катта) натижага эришмаган бўлса-да, Жепаровнинг ҳам термадаги фаолиятини қониқарли баҳолаш мумкин. Бундай дейишга биргина сабаб қилиб, ҳозирги таркибда у каби креатив футболчининг йўқлигини кўрсатиш кифоя қилади.
Одил Аҳмедов
Ва ниҳоят терма жамоанинг сўнгги сардори Одил Аҳмедов ҳақида. Аҳмедов ҳар доим майдонда фидойилиги ва ўзини аямаслиги билан ажралиб турган. У ўзи майдонга тушган ўйинларнинг ҳеч бирида шунчаки ҳаракат қилмаган, балки ҳақиқий жангчи сифатида майдоннинг ҳар бир қарич ери учун курашган. Ва айнан шунинг учун уни барча мухлислар бирдек қадрлаган. Сўнгги йиллар давомида терма жамоани шунчаки Одил Аҳмедовсиз тасаввур қилиш имконсиз бўлганини ҳеч ким инкор қила олмайди. Афсуски, у ўзи муносиб бўлган ҳолатда кетмади, у бундан кўпроғига лойиқ эди...
Терма жамоанинг собиқ футболчиси ва ҳозирда «Қўқон-1912» жамоасини бошқараётган Бахтиёр Ашурматов Аҳмедовга шундай бир таъриф бердики, яна нимадир қўшимча қилишга ҳожат қолмади.
«Одил Аҳмедовнинг ватанпарварлигига қойил қолиш керак. У Саудия Арабистони билан ўйиндан олдин захирада ўтиришга тайёрлигини ҳам айтган. Аммо мураббийлар уни бир неча ойлардан бери ўйнамаган позициясига туширди. Мухлислар ундан норози бўлмасликларини сўрардим. Чунки Одил бу вазиятда айбсиз айбдор бўлиб қолди».
2007 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоасида дебютини ўтказган Одил шу вақтга қадар 108 ўйинда майдонга тушиб, 20 та голга муаллифлик қилган.
Билол Эркин тайёрлади
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Файзуллаев ва Европа: унга берилган икки хил баҳо...
КХДР аскарларлари урушга кирди. Разведка нима демоқда?
Туркия клуби собиқ президенти ҳакамга ҳужум қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди