Натижалар маълум. Бироқ қувонарли эмас. Олимпиада ҳар бир давлат спортининг юзига тутилган кўзгу. Сизу биз спортнинг оммалашуви ва бу йўлда қилинаётган ишлар тўғрисида истаганимизча бонг уришимиз мумкин. Аммо бир тегирмон борки, ундан энг кучлилар омон чиқади. Бу - Олимпиада. Ҳаммани куттирган Олимпия ўйинлари делегациямиз учун аввал бошданоқ муаммолар билан бошланди. Аввалига енгил атлетикачиларга лицензия учун ваъда қилинган пуллар берилмагани ҳақида шов-шувлар кўтарилди. Кейин маъсул ташкилотлар пулларни ўз эгаларига беришди. Сузувчиларнинг лицензиялари бекор қилинди. Делегациямиз жуда кўп сонли расмий шахслар билан Токиога йўл олди.
Бу орада байроқдорлар Оксана Чусовитина ҳамда БобоУсмон Батуров бўлиши эълон қилинди. Чусовитина учун ҳамма хурсанд бўлган бўлса, Батуров ҳақли эмас деган фикрлар «болалади». Мен Батуровнинг байроқдор бўлишини қўллаб-қувватладим. Негаки, Олимпиада 4 йилда бир келадиган мусобақа. Батуров муносиб эмас деганларга эса Риода байроқдор бўлган Жалолов ўша вақтда бунга муносиб эдими деган саволни беришдан чарчамадим. Муносиблик ҳақида сўз борганда Нигора Турсунқуловани назардан қочириш хато бўлади.
Дастлабки жуфтликда Бобоусмон Батуров муносиб бўлмаса, иккинчи жуфтликда Нигора Турсунқулова бор эди. Аслида булар эътибор бериш шарт бўлмаган оддий нарсалардек туюлади. Лекин бу Олимпиада. Унда аҳамиятсиз нарсанинг ўзи йўқ. Шу мавзу муҳокамалар марказида турган бир пайтда мутасаддилардан бири байроқдорлар нега ўзгарганига изоҳ берди. Лекин бу «емади». Вазиятни афсонанинг ўзи профессионаллик билан юмшатди. Токио ареналарига байроғимизни Жалолов ҳамда Турсунқулова кўтариб чиқишди. Шундай қилиб Токио Олимпиадаси муаммолар билан бошланди.
«Рио эртаги»
2016 йилда боксдаги 7 та медалдан кейин «учдик». 5 йил давомида қитъа, жаҳон ареналарида биринчи бўлдик. Рио тасодиф эмаслиги исботлаб келинди. Бу орада ўша биз севган, Токио Олимпиадасида қадри яна бир поғона ошган олтин авлод проф рингни забт эта бошлади. Ўринбосарлар ҳам чакки эмас. Шундоқ ҳам чўкиб бўлган футболни қоралаб, боксни бошга кўтардик. Боксчилар халқ қаҳрамонларига айланди. Биз кўп ишондик, балки ҳаддан ортиқ. Олимпиада олдидан Тўлқин Қиличев қозоқ журналистларига берган интервьюсида 5 та олтин биз учун етарли”, - деган эди ҳазил тариқасида.
Нафақат мураббийлар, балки бутун Ўзбекистон Риодагидан кўпроқ олтин медаль олишимизга ишонарди. Лекин… Орзуаримиз ушалмади. Таниқли журналист Хайрулла Ҳамидов футболимиз ҳақида гапирилганда доим эсланадиган Хиросима воқеаларини ажойиб таърифлаган эдилар: ”Бизда ҳам бир эртак бор, такрорланиши амримаҳол эртак. Биз ўшанда бу эртагимиз билан ҳазиллашган эдик”. Рио Олимпиадасида бир эртак ёзилган. Нима бўлса бўлсину, бу эртак билан ҳазиллашган бўлмайлик.
Урушдан кейин қаҳрамонлар кўпайди
Лицензион турнир учун таркиб эълон қилинди. -75 кг атрофидаги воқеликларни яхши биласиз. -91 кгда Санжар Турсунов лицензия масаласини ҳал қилди. Екатеринбургдаги Жаҳон чемпионатидан кейин ишончга кирган Дилшодбек Рўзметов лицензиясиз қолди. Нега ўшанда проф боксдаги Бектемир Мелиқўзиевга умид билдирмасдан, терма жамоада бўлган Одилжон Аслоновга имкон берилмади? Нега қайта-қайта имкон берилса ҳам медаль ололмайдиган, Ўзбекистон биринчилигида ҳеч қачон чемпион бўлмаган Санжар Турсунов ўрнига мамлакат чемпионати ярим финалида Турсуновни мазза қилиб калтаклаган, икки карра чемпион Мадияр Саидраҳимовга имкон берилмади? деган саволларни бериб урушдан кейинги қаҳрамон бўлишдан йироқман. Бу саволлар 24 июлдан буён энг кўп берилаётган саволлар қаторида пешқадам бўлиб турибди шундоқ ҳам. Мазкур саволларга мураббийлар жавоб ҳам бериб бўлишган.
Турсуновнинг мағлубиятидан Жалоловнинг чемпионлигигача
Олимпиададаги илк жанг Турсуновники бўлди. Шахсан ўзим бу боксчидан бироз кўпроғини кутган эдим. Медаль бўлмасада узоқроқ боришига ишонгандим. Унинг катта рингларда аввалги жангларини кўрганлар билади: бўй борасида муаммо бўлишига қарамай олдинга борадиган, таваккал қилишдан қўрқмайдиган боксчи эди. Лекин Олимпиадада курашмади. Илк жангданоқ мағлубиятга учраш жамоадаги бошқа боксчилар руҳиятига таъсир ўтказган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Миразизбек Мирзаҳалиловнинг чемпионлик учун курашдан қандай чиқариб юборилганини барчангиз кўрдингиз. Авваллари Исроил Мадримовга нисбатан ҳакамлар жуда кўп бор адолатсизлик қилишарди. Энди Мадримовнинг ўрнини Мирзаҳалилов "эгаллади". Эркаклар ўртасида ҳакамлар қарори қурбони сифатида кўрсатишимиз керак бўлган ягона боксчимиз Мизазизбек Мирзаҳалиловдир. Шундан сўнг ҳакамларнинг бизга қарши эканлигини тушуниб қолдик.
Кейин Дилшодбек Рўзметов, Бобоусмон Батуровнинг мағлубиятида ҳам ҳакамларни айбладик. Ҳа, Рўзметовнинг ўша жангида дастлабки раунд устунлик биз тарафда эди. Лекин очколар рақиб томонга «оқиб кетди». Дилшод рингда рақиб, ҳакамлар ва ўзининг асосий муаммоси бўлган руҳият билан ҳам курашиши керак эди. Бироқ енгилди. Боксчининг мураббийи Фарруҳ Қиличев билан боғланиб вазият учун изоҳ сўрадик:
«Дилшод кучли эди, буни кўрсатди ҳам. Биринчи раундни ютди, лекин 3:2 ҳисобида рақибининг ғалабаси кўрсатиляпти. Дилшод ютқазяпсан, ишлаш керак дедим. Рўзметовнинг психологияси бузилди, енгишим керак деб олдинга борди, бироқ зарба ўтказиб юбора бошлади ва мағлуб бўлди», - дея изоҳ берди Қиличев шогирдининг мағлубиятига. Эътибор беринг - психология муаммоси!
Ва кейин Батуров ҳам «саф»дан қолмади. Қуръадан сўнг ҳамма Батуров учун қуръа ноқулай бўлди деди. Кечирасизу, бу Олимпиада, унга ҳамма ўз кучини кўрсатиш учун боради. Кучлимисиз? Марҳамат, ўзингизни кўрсатинг. Бу Олимпиадада Батуровнинг Маккормак билан учрашиши аниқ эди. Осиё чемпионатидан сўнг мухлислар томонидан «грязний» боксни санъат даражасига олиб чиқди дея эътироф этилган боксчимиз Петга иккинчи бор мағлуб бўлганидан кейин яна танқидлар остида қолди. Кузда Жаҳон чемпионати ташкил қилинади ва у ерда Пет Маккормак албатта бўлади. Уни қайси боксчимиз енгади? Мураббийлардан бирига Холдаров варианти ҳақида гапирганимизда Иқболжон ҳали бу вазнда синалмагани учун таваккал қила олмасликларини айтишганди. Синалган Батуров инглизни енголмади, таваккал қилинса нима йўқотилади?
Фанат Қаҳрамоновга келадиган бўлсак, у ўз даражасидан анча юқори даражада жанг ўтказди. Аманкул у қадар ҳам кучли боксчи эмас. Қаҳрамоновни енгганида қозоқлар буни сенсация тарзида қабул қилишди. Биз эса буни хотиржамлик билан. Сабабини эса ўзингиз яхши биласиз.
Шаҳобиддин Зоировни чорак финалда бироз таниёлмай қолдик. Жароҳат туфайли жанг тўхтатилмаганида, боксчимиз ғалабани илиб кетиши мумкин эди. Лекин тан олиш керак - у биринчи раундда енгилди. Бу ҳам ҳакамларнинг навбатдаги театридек кўринди. Мағлубиятга учрамаслик учун ҳар сонияни ўз фойдасига ҳал қилиш керак эди. Негаки, бу Олимпиадада ҳакамлар жангни истаган пайтларида, истаган очколари билан якунлашаётганди.
Элнур Абдураимовга ҳурмат сақлаган ҳолда айтаманки, вакилимиз Бачков учун тирик «мешок» бўлди. Бу вазнда рақобат кучли. Лицензион турнир олдидан Абдураимов ва Холдаров ўртасида спарринг ўтказилган эди. Якунда Абдураимов турнирга борадиган бўлди. "Нега Холдаров эмас?" деган саволга Марат Қурбонов «Иқболжонни кўзида муаммо бор. Шунинг учун уни олиб боролмаймиз»,- дея жавоб берди. Мураббийлар Холдаровнинг кўзида муаммо борлиги билиб туриб нега спарринг уюштиришди? Абдураимовни шунчаки олиб кетиш ҳам мумкин эдику. Спарринг ким учун керак?
Ва ниҳоят, Баҳодир Жалолов. Терма жамоа сафида Олимпиадага борганлар орасида ҳеч қандай баҳс-мунозарага ўрин қолдирмайдиган уч боксчидан бири. Бу шоҳсупагача осон йўлни босиб ўтмади: мағлубиятлар, танқидлар…ва Олимпиада чемпионлиги! Жалолов бутун бир делегациянинг нажот фариштаси бўлди, десак хато бўлмайди.
Мураббийлар истеъфоси?
Ғалабадан сўнг терма жамоа мураббийи Тўлқин Қиличев йиғлаб юборди. Шунча шогирдларидан ҳеч бўлмаса биттаси юзини ёруғ қилганига хурсанд бўлиб албатта. Ўша вақтда ҳаёлимга бир фикр келди: Жалолов ҳам медаль ололмаганида нима бўларди? Федерация мутасаддилари ва мураббийлар таркибида ўзгаришлар бўлармиди? Кеча сайтимизда Қозоғистон терма жамоаси мураббийи Галим Кенжебаевнинг интервьюсини чоп этдик. Мураббийга истеъфо ҳақида савол беришган. Шу материалга бизнинг журналистлар ҳам мард бўлиб шунақа савол бера оладими мазмунидаги изоҳ ёзилган. Хўш, бу саволни мураббийларга бера оламанми? Ҳа бера оламан. Лекин бермайман.
Чунки улардан кучлироқ номзод кўрмаяпман. Бу мураббийлардан бошқа муносиброқ номзод кўрсатинг менга. Ким бор? Кимни кўряпсиз? Тўғри кучли мураббийларимиз йўқ эмас. Сизу-биз уларни кўрмаётгандирмиз, балки кўрсатишмаётгандир. Борлари ҳам катта мураббийлик учун етарли тажрибага эга эмаслар. Яқинда Жаҳон чемпионати ва бу мураббийларимиз учун сўнгги имкон бўлиши керак. Қайта-қайта имкон берилсада, ўзгармайдиган, ўзгаришни, ривожланишни хоҳламайдиган боксчиларга бироз тин бериб, ғалабага чанқоқ, «духига ўтирмайдиган»ларга имкон беришнинг айни вақти. Ўша дунё биринчилигида ҳам ҳеч нарса ўзгармаса, натижа яхшиланмаса, истеъфо ҳақидаги саволни биринчилардан бўлиб ўзим бераман. Чунки ана ўшанда ҳамма хато мураббийларда бўлади.
«Болаларда айб йўқ». Лекин ҳамма айб ҳакамларда ҳам эмас
Танланган йигитлар қўлларидан келганини қилишди. Мағлубиятларнинг барчасида ҳам ҳакамларнинг айби йўқ. Мирзаҳалилов ҳамда Раҳимованинг мағлубиятидагина ҳакамларни айблай оламиз. Лекин қолган боксчиларимиз қандай жанг кўрсатди? «Тезкор студия»да Тўлқин Қиличев билан алоқага чиқдик. Таркиб ҳақидаги саволга қайси танлов яхшироқ эканлигини мураббийлар яхши билишади қабилида жавоб берилди. Лекин бу танловлар ўзини оқламади. Муваффақиятсизлик учун кимнидир айбдор қилиш нотўғри. Лекин хато ўз-ўзидан келиб чиқмайди. Қаердадир нимадир яхши ишламаган, ёки нимадир жуда қаттиқ куч билан ишлаб юборган…
Сарвиноз РАХМОНҚУЛОВА тайёрлади.
Манба: olamsport.com
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин