АҚШ Эрондан уранни бойитишни 20 йилга тўхтатишни талаб қилмоқда

АҚШ Эрондан уранни бойитиш жараёнини 20 йил муддатга тўхтатишни талаб қилмоқда.
Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри манбаларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Вашингтон Теҳрондан мавжуд бойитилган ядровий материаллар захираларини ҳам олиб ташлашни сўрамоқда. Шунингдек, АҚШ маъмурияти Исфаҳон, Натанз ва Фордовдаги ядровий объектларни демонтаж қилишни талаб қилган.
Бундан ташқари, Эрон ядровий дастури доирасида ер ости ишларига чеклов жорий этиш таклиф қилинмоқда. Маълумотларга кўра, халқаро текширув механизмларини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Аввалроқ CNN АҚШ ва Эрон уран бойитиш бўйича ўн йилдан ортиқ муддатли мораторийни муҳокама қилаётганини хабар қилган эди. Axios маълумотига кўра, икки давлат қуролли можарога чек қўйиш бўйича меморандум келишувига яқинлашган.
Хабарларда айтилишича, АҚШ Эрон томонидан 48 соат ичида жавоб кутаётгани қайд этилган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса таклифлар ҳали кўриб чиқилаётганини билдирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!