13:13 / 20.02.2022
1 972

Канададан сиёсий бошпана сўраган ўзбекистонлик шахматчи: у бу борада биринчи бўлмаган

Канададан сиёсий бошпана сўраган ўзбекистонлик шахматчи: у бу борада биринчи бўлмаган
Спортчилар ўтирган самолёт Канададаги аэропортига қўнгач, шахматчи ундан тушиб қочади. Делегация аъзоси ниқоби остида бўлган КГБ ходими унинг ортидан қувади. Шахматчи тўғри аэропорт биносига киради ва полициячилар олдига бориб, Канададан сиёсий бошпана сўрамоқчи эканини айтади.

1980 йилда Кубада халқаро гроссмейстер, шахмат бўйича 3-жаҳон чемпиони Хосе Руал Капабланка хотира турнири бўлиб ўтади. Унда жаҳоннинг кўпгина давлатлари қатори СССР шахматчилари ҳам қатнашади. Иттифоқ шахматчилари орасида ўзбекистонлик Игорь Иванов ҳам бор эди. Турнир тугагандан сўнг Москвага учаётган самолёт ёнилғи қуйиш учун Канаданинг Нюфауленд оролидаги аэропортга қўнади. Шунда Иванов самолётдан тушиб қочади ва Канада ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрайди.

Игор Иванов қочиб кетишидан аввал ва АҚШда / Фото: jessekraai.com
Игорь Иванов ҳақида
1947 йилда Ленинградда туғилган Игорь Иванов ёшлигидан шахматга қизиқади. У саккиз ёшида пионерлар уйида очилган шахмат тўгарагига қатнайди. Аввалига отасидан айрилган Игорь, 14 ёшида онасидан ҳам жудо бўлади. Мактабни битиргач, у Ленинград давлат университетига ўқишга киради. Бироз ўтиб ўқишни ташлаб кетади ва шахмат билан жиддий шуғуллана бошлайди.

Игорь ёшлигидан исёнкор характерга эга бўлган. У улғайгач маъмурий буйруқбозликка асосланган тузумда яшашни хоҳламайди ва СССРдан чиқиб кетиш ҳақида ўйлай бошлайди. У дўстлари даврасида бўлганида доим совет ҳукуматини танқид қилади ва мамлакатни тарк этиш режаси борлигини айтади. Ўшанда бунинг амалда иложи йўқ эди. Дўстлари унга бу гапларни ҳар жойда гапириб юрмасликни маслаҳат беришади.

Шундан сўнг ёш шахматчи Ўрта Осиёга жўнаб кетади. Аввалига у бироз муддат Тожикистонда яшайди. Сўнг Ўзбекистонга кўчиб ўтади.

Тошкентда яшаган Иванов шахмат билан янада жиддий шуғулланади. Ёш болаларга шахматдан сабоқ беради. СССР бўйлаб ўтказилган кўплаб мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнашиб, совринли ўринларни эгаллайди.

Иванов 1978 йилда Латвиянинг Даугавапилс шаҳрида ўтказилган саралаш мусобақасида ёш шахматчи, бўлажак жаҳон чемпиони Гарри Каспаровга ютқазиб, иккинчи ўринни эгаллайди.

Жаҳон чемпионлари Гари Каспаров ва Анатолий Карпов / Фото: www.yaplakal.com
1979 йилда ўтказилган СССР спартакиадасида эса ўша пайтда жаҳон чемпиони бўлган Анатолий Карповни мағлуб этади. Ўшанда у 32 ёшда бўлган. Шундан сўнг унинг имкониятларини етарли баҳолашади ва 1980 йилда Кубада ўтказиладиган Капабланка хотира турнирида қатнашадиган шахматчилар рўйхатига киритишади. Кубадаги мусобақагача у яна иккита — Ярославл ва Ашхободдаги мусобақаларда ғолиб чиқади.

Кубадаги мусобақа ва Канададан сиёсий бошпана сўраш
Игорь Иванов Кубага учиш пайтида гроссмейстер Юрий Разуваев билан ёнма-ён ўтириб қолади. Парвоз пайтида Игорь унга мусобақадан сўнг ортга қайтмаслигини айтади. Кубага етиб боргач, Разуваев Ивановнинг режаси ҳақида Гаванадаги совет элчихонасига хабар беради. Аммо элчихонадагилар унинг гапларини жиддий қабул қилишмайди.

Москва-Гавана авиайўналиши
Кубадаги мусобақада қатнашар экан, Иванов бу давлатдан сиёсий бошпана сўрай олмаслигини билиб турарди. Чунки Куба тўлиқ СССР таъсирида бўлиб, сиёсий бошпана сўраган совет фуқароларини Москвага жўнатиши аниқ эди. Шу сабабли Иванов бошқа чора излай бошлайди.

Кутилмаганда Иванов учун яхши имконият пайдо бўлади. Тўғридан тўғри Москвага учиши лозим бўлган совет самолёти ёнилғи қуйиш учун Канадага қўниб ўтиши айтилади.

Ньюфаундленд ороли
Самолёт Нюфаундленд провинциясидаги Гандер аэропортига қўнгач, Иванов спортчиларга ҳамроҳ бўлиб кетаётган КГБ ходимининг кўзини шамғалат қилиб, самолётдан тушиб қочади. Ўшанда у ўзи билан фақат уст кийими ва чўнтак шахматини олган эди. Делегация аъзоси ниқоби остида бўлган ходим унинг ортидан қувади. Иванов тўғри аэропорт биносига киради ва полициячилар олдига бориб, Канададан сиёсий бошпана сўрамоқчи эканини айтади.

Шундан сўнг Ивановни полиция бўлимига олиб боришади ва унга учта савол беришади. Гиёҳванд моддалар қабул қилгани ҳақидаги саволга у «йўқ» деб жавоб беради. Қарорини ўзгартириши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан якуний қарорга келганини айтади. «Самолётда қолган шахсий юкларни олишни хоҳлайсизми?» деган саволга у «ҳа» дейди.

Иванов полициячилар ҳамроҳлигида самолётдан жомадонини олиш учун бораётганда унинг орқасидан қувиб келган КГБ ходими рус ва инглиз тилларида «у ашаддий жиноятчи, ватанида жазоланишдан қўрқиб, Канадада қолмоқчи бўляпти», деб бақира бошлайди. Унга эътибор беришмайди.

Гандер аэропорти / Фото: www.cnn.com
Полициячилар Ивановни меҳмонхонага олиб бориб жойлаштиришади. Самолёт Москвага усиз учиб кетади. Орадан бироз ўтиб Канада ҳукумати СССРнинг Ивановни Москвага топшириш талабини рад этади ва унга сиёсий бошпана беради.

Ғарбий ярим шардаги фаолияти
Иванов Канадада қолгач Монреал шаҳрида яшай бошлайди ва кетма-кет тўрт марта Канада чемпионатида ғолиб бўлади. Шунингдек, 1982 йилда жаҳон чемпионига даъвогар номини аниқлаш учун ўтказилган саралаш турнирида муваффақиятли қатнашади. У бир неча нафар шахматчилар билан бир хил очко тўплаб 4-7 ўринларга жойлашади.

Мусобақа давомида Иванов Британия ва Нидерландиянинг биринчи рақамли шахматчилари Энтони Майлс ҳамда Ян Тимманни енгади. Бироқ гроссмейстерлик талабини бажариши учун унга ярим очко етмай қолади. Унгача у 1981 йилда халқаро даражадаги спорт устаси унвонини қўлга киритганди.

Бироз ўтиб, Иванов Канада терма жамоасининг биринчи рақамли шахматчисига айланади. У 1982 ва 1988-йилларда ўтказилган шахмат олимпиадасида Канада байроғи остида дона суради.

Игор Иванов / Фото: Fanler.com
Бундан ташқари, Иванов Канада ва АҚШда ўтказилган кўплаб тижорий турнирларда қатнашади. 1990-йиллар бошида у Канада фуқаролигидан воз кечмаган ҳолда доимий яшаш учун АҚШга кўчиб ўтади. 1997 йилгача Иванов тўққиз марта АҚШ шахмат федерацияси томонидан ўтказилган Гран-при мусобақасида ғолиб чиқади.

Кейинчалик Иванов шахмат мураббийи бўлиб ишлайди. У 1970-йиллар охирида Ғарбга қочиб кетган таниқли шахматчи Виктор Корчнойга бир неча мусобақаларда секундантлик қилади. Шу билан бирга АҚШдаги мусобақаларда ҳам қатнашади.

Анатолий Карпов ва Виктор Корчной мусобақада / Фото: www.infobae.com
2005 йилда унда саратон аниқланади. Иванов бир неча марта муолажа олади ва Аризонада ўтказилган штат очиқ чемпионатида қатнашиб, ғалаба қозонади. Орадан уч ҳафта ўтиб, 58 ёшида вафот этади. Вафотидан бироз аввал эса унга ниҳоят гроссмейстер унвонини беришади.

СССРдан қочган шахматчилар
Игорь Ивановгача СССРни бир қанча спортчилар тарк этган ва улар орасида шахматчилар ҳам бор. Жумладан, таниқли рус шахматчиси, тўртинчи жаҳон чемпиони Александр Алёхин 1921 йилда аввал Германияга, сўнг Францияга кўчиб ўтиб, СССР фуқаролигидан воз кечади. Кейинчалик у Франция фуқаролигини олади ва шу давлат байроғи остида мусобақаларда қатнашади.

Александр Алёхин / Фото: onedio.com
Яна бир таниқли совет шахматчиси кўп маротаба СССР чемпиони бўлган Виктор Корчнойнинг тақдири ҳам Ивановникига ўхшаб кетади. У 1976 йилда Амстердам шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақа тугагач СССРга қайтмаслигини эълон қилади.

Корчной Швейцарияга кўчиб ўтиб, шу мамлакат байроғи остида мусобақаларда қатнашади. Унгача у бир неча марта СССР чемпиони ва ўтган асрнинг 60-йилларида жаҳон чемпионлигига номзод бўлганди.

1989 йилда яна бир шахматчи Гата Камский АҚШдаги мусобақага боради ва у ердан қайтмайди. Ўшанда у 14 ёшда бўлган ва АҚШда қолиш қарорини Нью-Йоркдаги мусобақага бирга борган отаси қабул қилганди.

«Ўшанда ҳали 15 га ҳам тўлмагандим. АҚШда яшаш режаси отамда аввалдан бўлганди. 1988 йилда мен АҚШда бўлиб ўтган ўсмирлар чемпионатида қатнашдим. Ўшандаёқ отам Ғарбга қочиш режасини тузганди», деб эслаганди кейинчалик асл исми Гатаулла Собиров бўлган шахматчи.

Гата Камский / Фото: tt.wikipedia.org
Ўзбекистондан чиқиб кетган шахматчилар
Ўзбекистон мустақил бўлгач ҳам шахматчилар хориж давлатлари байроғи остида мусобақаларда қатнашиш давом этаяпти. Мустақилликдан кейин ўзбекистонлик шахматчининг ватанни тарк этиши билан боғлиқ илк воқеа 1998 йилда содир бўлади. Ўшанда 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган самарқандлик халқаро гроссмейстер Иброҳим Ҳамроқулов мусобақаларда Испания байроғи остида қатнашишини эълон қилади.

ФИДЕ саҳифасидаги Иброҳим Ҳамроқулов ҳақида маълумотлар
Кейинроқ, тошкентлик Темур Гареев АҚШга кўчиб кетади ва шу давлат байроғи остида мусобақаларда қатнашади.

Темур Гареев / Фото: media.kpfu.ru
2020 йилда ўзбекистонлик яна бир таниқли шахматчи Гулрухбегим Тоҳиржонова мусобақаларда АҚШ номидан қатнаша бошлади. Шунингдек, унинг икки синглиси ҳам Ўзбекистон терма жамоаси сафидан чиқарилган. Яқинда Гулрухбегим Тоҳиржонова фаолиятини АҚШда давом эттиришига Шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ҳусан Турдиалиев сабаб бўлганини маълум қилди.

Гулрухбегим Тоҳиржонова, Нафиса Мўминова, Ҳулкар Тоҳиржонова
Шунингдек, яна бир ўзбекистонлик гроссмейстер Сергей Қаюмов ҳозирги кунда БААда фаолият юритмоқда. У ҳам ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаатида «Ҳусан Турдиалиевнинг охирги 20 йилдаги диктатураси» ҳақида гапирганди. Унинг сўзларига кўра, шахматчиларни қўллаб-қувватлашга ажратилган пуллар «манзилига етиб бормаган».

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Канададан сиёсий бошпана сўраган ўзбекистонлик шахматчи: у бу борада биринчи бўлмаган