
Тошкент вилоятидаги Қанқа ёдгорлиги ҳудудида инсон цивилизацияси тарихи учун катта аҳамиятга эга бўлган топилма аниқланди. Ўзбекистон Фанлар академияси маълумотларига кўра, бу ерда V–VIII асрларга тегишли қадимий ибодатхона ва ҳарбий анжомлар топилган.
Фанлар академияси Тарих институти ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида олиб борилаётган археологик тадқиқотлар Қанқани “Очиқ осмон остидаги музей”га айлантириш режаси доирасида амалга оширилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қанқа Турон тарихи учун ўта муҳим шаҳар ёдгорлиги бўлиб, айрим тадқиқотчилар уни “Авесто”да тилга олинган Қанғдеш ва “Шоҳнома”да эслатилган Турон шоҳи Алп Эр Тўнга шаҳри Қанғдез билан боғлайди.
Институтнинг “Ҳарбий тарих маркази” ва “Қадимги дунё тарихи” бўлимлари ходимларидан иборат илмий гуруҳ бу йилги қазув ишлари чоғида ёдгорлик аркининг қуйи қисмида жойлашган ибодатхона қопламини тадқиқ этар экан, металлдан ишланган қадимий совут бўлакларини топишди. Бу буюмлар қадим замонларда жангчилар томонидан ибодатхонага совға сифатида топширилган бўлиши мумкинлиги айтилади.
Мутахассислар таъкидлашича, Қанқа ибодатхонасида топилган ҳарбий анжомлар туркий халқларнинг ҳарбий маданият ва қурол ясаш санъати қанчалик ривожланганини намоён этади. 2021 йилдан бери олиб борилаётган қазув ишлари давомида ибодатхона кириш қисмида от анжомлари ҳам топилган. Бу йилги совут топилмаси эса туркий халқларнинг жанг санъати ва ҳарбий анъаналарга катта аҳамият берганини яна бир бор исботлайди.
Қанқа ёдгорлиги нафақат илмий аҳамиятга, балки миллий ғурур ва тарихий хотирани тиклашда муҳим ўринга эга. Археологлар бу ҳудудни келажакда сайёҳлар учун очиқ музейга айлантириш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Мисрда ҳам археологлар Клеопатра даврига оид чўккан портни топишган эди. Ушбу топилма буюк малика қабртошини излашда янги йўналиш очиши мумкин. Бу каби кашфиётлар инсониятнинг узоқ ўтмиши ва маданий мероси ҳали кўп сирлар билан тўла эканини яна бир бор кўрсатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!