13:20 / 06.11.2018
6 152

Аэропортдан “Tashkent City”гача осма вагонда бориш лойиҳаси (фото)

Аэропортдан “Tashkent City”гача осма вагонда бориш лойиҳаси (фото)
"РТО" МЧЖ томонидан тақдим этилган сурат
Самолётда Тошкент халқаро аэропортига қўнган йўловчилар терминалдан платформага ўтиб, ўша ердаги қулай осма вагонга чиқишади. Эшиклар ёпилади ва у ер устида ҳаракатланишни бошлайди.

Ойналардан пойтахтимизнинг бетакрор манзараларини томоша қилиш мумкин. Бироқ бундай ёқимли сафар узоқ давом этмайди: йўловчилар ўн дақиқа ўтар-ўтмас, бир нечта бекатлардан сўнг “Tashkent City” яқинидаги “Халқлар дўстлиги” метросида жойлашган сўнгги манзилга етиб келишади.

— Ҳозирча бундай қулайликни йўлга қўйиш фақат режамизда мавжуд, — дейди самимий табассум билан Москванинг “РТО” МЧЖ бош директори Иван Филяев. — Биз ана шундай ғоялар билан Ўзбекистон ва Россия ўртасида илк бор ўтказилган ҳудудлараро ҳамкорлик форумига ташриф буюрдик. Шу асосда Тошкентда “Стрела” ер усти транспорт тизимини (ЕТТ) яратишни таклиф этдик.

Рус техника уюшмаси мутахассислари томонидан тайёрланган жамоат транспортининг мазкур янгича кўриниши ишланмаси аэропортлар ва шаҳар атрофларини шаҳар транспорт инфратузилмаси билан боғлашни назарда тутади. Бинобарин, йўловчиларни, айниқса, тиғиз йўналишларда ўз вақтида манзилларига етказиб қўйиш жараёнларини енгиллаштиради. “Стрела” ЕТТ учун йўллардаги тирбандликларнинг таъсири йўқ. Сабаби у бундай ҳудудларнинг устидан ўтади. Демак, у йўл ҳаракатига, йўл ҳаракати унга халақит бермайди.

“Стрела”нинг бошқа афзалликлари ҳам бор. У экологик жиҳатдан тоза, шовқин чиқармайди, шаҳарнинг зич жойлашган иморатлари ансамблига уйғунлашиб кета олади. Ушбу механизм машинистсиз, яъни автоматик тарзда бошқарилади.

Уни барпо этиш учун трассадаги объектлар, жумладан, тураржойларни бузиш шарт эмас. Фақатгина таянчлар тагида ихчам участка бўлса кифоя. Экспертларнинг фикрича, бу тизим самарадорлиги, хавфсизлиги ва инвестициявий жозибадорлиги жиҳатидан жаҳонда мавжуд муқобиллари ҳамда бошқа транспорт ечимларидан афзал ҳисобланади.

...Ўзбекистон пойтахти транспорт инфратузилмаси билан танишган россиялик мутахассислар аэропортдан айни пайтда барпо этилаётган “Tashkent City”гача бўлган йўналишни танлашди. Ўртадаги масофа олти километрга тенг.

— Бизнинг тизим шаҳар ичида шаҳар бунёд этишдек улкан лойиҳани амалга оширишда қўлланиладиган инновацион ечимларга тўлиқ мос келади, — дея таъкидлайди Иван Филяев. — Айни чоғда ер усти транспорт тизими ўзига хос имидж яратиш хусусиятига ҳам эга. Ваҳоланки, бундай техникаларни яқин-яқинларгача фақатгина келажак ҳақидаги фильмларда кўриш мумкин эди. Энди эса бу реал ҳаётга кўчмоқда. Жумладан, Москва областининг Красногорск туманида ана шундай лойиҳани амалиётга жорий этмоқчимиз. Жорий йил охиригача инфратузилма объектлари ҳамда диспетчерлик бошқаруви марказига эга мазкур тизим сертификатлаш жараёнидан ўтказилади. Барча келишувлардан сўнг умумий узунлиги 8,3 километрга тенг трасса қурилиши бошланади. У якунлангач, “Стрела” узоқ туманларни Москвадаги йирик транспорт тармоқлари билан боғлайди.

Таъкидлаш лозимки, бундай “ноу-хау”ни бунёд қилиш учун кўп вақт кетмайди. Масалан, унинг линиялари заводдан тайёр ҳолда чиқади. Жойларда фақат йиғиш ва монтаж ишлари бажарилади. Йўл ҳаракатини тўсмаган ҳолда, тунлари ишлаш мумкин. Яъни ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам деярли ноқулайликлар туғдирмайди. Бир нечта платформани ҳисобга олмаганда, ўтиш йўлаклари, боғламалар ва бошқа инфратузилмаларни қуришга зарурат йўқ. Шунинг учун ҳам Россиядаги қатор банклар “Стрела” ЕТТ лойиҳасига инвестиция ажратишга тайёр эканлигини маълум қиляпти.

Айни чоғда бизнинг тизимга бошқа давлатлар қизиқиш билдирмоқда. Аргентина, ЖАР, Ҳиндистон, БАА шулар сирасидандир. Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда ҳам амалга оширилишига умид қиламан. Зеро, форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “РТО” МЧЖ ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Вазирлик кенг миқёсда ҳамкорлик қилиш, жумладан, “Стрела” ЕТТ лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишга қизиқиш билан қаради. Яқин кунлар ичида шу бўйича ишчи гуруҳ тузилади. Қолаверса, Инновацион ривожланиш вазирлиги таклифи асосида Улуғбек шаҳарчасидаги Фанлар академиясига қарашли муассаса билан йирик транспорт тармоқларини боғлайдиган трасса концепцияси ишлаб чиқилади. Шулар билан бир қаторда, қўшма ишлаб чиқариш ва муҳандислик корхонасини очиш режалаштирилаётир. У Марказий Осиё минтақасидаги янги инновацион марказга айланади. Бундан ташқари, Тошкентдаги мавжуд ишлаб чиқариш майдонларида ҳаракатланувчи таркиб ва бир қатор эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш кўзда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, қўшимча иш ўринлари яратиш ва Ўзбекистон транспорт машинасозлигининг илмий-ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Аэропортдан “Tashkent City”гача осма вагонда бориш лойиҳаси (фото)