Tenscope таҳлилчилари жаҳоннинг турли мамлакатларида аҳоли 256 Gb хотирага эга базавий iPhone 17 харид қилиш учун қанча вақт ишлаши кераклигини ҳисоблаб чиқди. Таққослаш натижалари турли давлатларда аҳоли даромади ва яшаш даражаси қай даражада фарқ қилишини яна бир бор яққол кўрсатди.
Маълумотларга кўра, Европанинг энг бой мамлакатларидан бири бўлган Люксембург ҳамда Швейцарияда янги Apple смартфонини харид қилиш учун атиги 3 кун ишлаш кифоя қилади. Шунингдек, АҚШ, Бельгия, Дания, Нидерландия ва Норвегия каби давлатларда ҳам бу кўрсаткич унча фарқ қилмайди – ўртача 4 кунлик меҳнат етарли.
Бироқ ривожланаётган мамлакатларда вазият кескин бошқача. Масалан, Ҳиндистонда iPhone 17 сотиб олиш учун 160 кун ишга чиқиш талаб этилади. Филиппинда бу кўрсаткич 101 кун, Ветнамда 99 кун, Туркияда 89 кун ва Бразилияда 77 кунни ташкил этади.
Таҳлилчилар Ўзбекистон бўйича аниқ ҳисобларни келтирмаган. Бироқ мавжуд маълумотларга асосланиб, тахминий натижа чиқариш мумкин. Унга кўра, 256 Gb хотирага эга базавий iPhone 17 Ўзбекистонда 23 сентябрдан 1300 АҚШ доллари атрофидаги нархда сотувга чиқиши кутилмоқда.
2025 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича, мамлакатимизда ўртача ойлик иш ҳақи 5 миллион 982 минг сўмга тенг бўлди. Бу тахминан 480 долларга ёки кунига 16 долларга тўғри келади. Шу ҳисоб-китобдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ўзбекистонликлар орасидаги ўртача ишловчи инсон учун iPhone 17 харид қилиш камида 80 кунлик меҳнатга тўғри келади.
Демак, Европада янги iPhone’ни бир ҳафтага етмас вақтда қўлга киритиш мумкин бўлса, Ўзбекистонда аксарият кишилар учун бу қурилмага эга бўлиш кўп марта ойлик иш ҳақини йиғишни талаб этади. Бу эса мамлакатлар орасидаги иқтисодий имкониятлар ва турмуш даражасидаги катта тафовутни яна бир бор кўрсатади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!