АКТ вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус (COVID-19) эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин тартиби вақтида фуқароларимиз, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ахборот технологиялари соҳаси бўйича бир қатор саволлар ва мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, буларнинг ичида энг кўп саволлар ва мурожаатлар мобил алоқа операторларининг интернет хизматлари талабга жавоб бермаслигига қаратилган. Вазирлик ушбу масалада изоҳ берди.
Унда айтилишича, кейинги икки йил ичида соҳада тизимли ишлар амалга оширилди. Аввало, вазирлик ишчи гуруҳи республикамизнинг ҳар бир ҳудудида бўлиб, жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишди, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилаб, давлат даражасидаги дастурлар амалга оширилмоқда.
Вазирлик ахборот хизмати кейинги икки йил ичида соҳада амалга оширилган тизимли ишлар бўйича қуйидаги таҳлилни келтиради:
Ҳозирги кунда мамлакатимизда жами 5 та мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи ҳамда 30 дан ортиқ симли тармоқлар орқали телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи оператор ва провайдерлар фаолият олиб бормоқда. Барча оператор ва провайдерлар ўз хизматларини бошқа оператор ва провайдерлар билан ҳамжиҳатликда, турли технологик ечимлар асосида кўрсатиб келмоқда.
Мобил алоқа тармоқлари абонентлари сони 24 млн.ни ташкил этса, шундан 19 млн. абонент интернет фойдаланувчилари ҳисобланади. Симли тармоқлар орқали интернет хизматларидан фойдаланувчилар сони 3 миллионни ташкил этмоқда.
Халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 110 Гбит/с.дан 1 200 Гбит/с.гача (10 баробардан кўпроқ) кенгайтирилди. Телекоммуникация оператор ва провайдерлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўлами оширилишига, асосан онлайн хизматларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда.
2020 йилнинг 1 январидан оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун белгиланган тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с учун 56,0 минг сўмни ташкил этди. Эътиборли жиҳати, бозор иқтисодиёти талабларига кўра, тизимли равишда интернет хизматлари нархлари камайтирилиб борилмоқда.
Интернет провайдерларига республиканинг турли ҳудудларидан тармоққа уланиш ягона тартибда ва бир хил нархларда ташкил этилди.
Республика бўйича 237 та объектда магистрал телекоммуникация тармоқлари кенгайтирилиб, телекоммуникация ускуналари модернизация қилинди. Натижада магистрал телекоммуникация тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти вилоятлараро даражада 200 Гбит/с.га, туманлараро даражада эса 40 Гбит/с.га етказилди.
Шунингдек, «Оптик толали алоқа линияларини қуриш» лойиҳаси доирасида республика бўйича 16,0 минг км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 36,6 минг км. га етказилди.
Интернет тармоғига кенг полосали симли уланишни кенгайтириш лойиҳаси доирасида оператор ва провайдерлар томонидан 1 млн. порт монтаж қилинди ва кенг полосали тармоққа уланиш портларининг умумий сони 2 млн.дан ортди.
Мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 6 000 дан ортиқ мобил алоқа база станцияси ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 26 мингтадан ортди ва республика аҳоли масканларини мобил алоқа билан қамрови даражаси 97 фоизга ва мобил интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамрови даражаси 70 фоизга етказилди.
Қишлоқ ҳудудларида мобил алоқа база станцияларнинг техник имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида электромагнит нурланиш нормалари қайта кўриб чиқилди ва база станциялар қувватлари оширилди.
2019 йил давомида телекоммуникация тармоқлари қамрови умуман мавжуд бўлмаган аҳоли яшаш масканлари сони деярли икки баробарга камайтирилди.
Шу кунга қадар асосан телефон хизматларини кўрсатувчи 2G мобил тармоқларни кенгайтириш амалга оширилган бўлса, ҳозирда тармоқнинг қамровини ошириш бўйича барча лойиҳалар 3G/4G тармоқларини кенгайтиришга йўналтирилмоқда. Хусусан шу йилнинг ўзида 2200 дан ортиқ 3G/4G база станциялари ўрнатилиб ишга туширилади.
Шу ерда бир маълумот айтиб ўтиш мумкин, «Оокла» компаниясининг Speedtest.net сервиси интернет тезлиги бўйича 2020 йил март ойи натижаларига кўра янги маълумотларни эълон қилди ва ушбу Speedtest Global Index рейтингида Ўзбекистон яна 7 поғонага кўтарилди.
Интернет тезлиги бўйича рейтингда Ўзбекистон ҳозирги кунда 95-поғонани эгаллаб турибди (176 та давлат қаторида) ва бир ойда 7 поғонага, бир йил ичида эса 36 поғонага кўтарилиши кузатилди.
Умуман, охирги йил натижаларига кўра Ўзбекистонда симли интернет тезлиги 2,5 баробарга ўсди – 11,62 Мбит/с.дан (2019 йил март ҳолатига) 26,92 Мбит/с.гача (2020 йил март ҳолатига).
***
Вазирлик изоҳида карантин тартиби вақтида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда телекоммуникация оператор ва провайдерлари томонидан коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилган.
Қайд этилишича, мобил алоқа операторлари томонидан 302 тадан ортиқ база станциялар интернет хизматларини кўрсатиш учун модернизация қилинган.
Ҳозирги кунда аҳоли, айниқса талабалар уйларида ўтиргани аҳоли яшаш мавзеларида ва қишлоқ ҳудудларида тармоққа юкламанинг кескин ортишига олиб келмоқда. Натижада, айрим жойларда мобил интернет тезлиги камайиши кузатилмоқда.
Ушбу ҳолатда тармоқлардаги юкламалар доимий назоратга олиниб, тармоқнинг ишончли ишлашини таъминлаш учун зарур техник ва ташкилий чоралар кўрилмоқда.
Республикамизда коронавирус (COVID-19) бўйича карантин тартиби эълон қилинган вақтдан бошлаб барча телекоммуникация операторлари умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари уйдан бемалол фанларни ўзлаштириш учун таълим манбаларининг веб-сайтларга бепул киришни таъминлаб бермоқда.
Фуқароларни охирги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида телекоммуникация операторлари абонентларига энг кўп ўқиладиган бир қатор ахборот-таҳлили порталларининг манбаларидан бепул фойдаланиш имкони яратилди.
Жамоатчиликни коронавирус (COVID-19) тўғрисида хабардор қилиш ва тарқалишининг олдини олиш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида хабар берувчи https://coronavirus.uz/uz расмий веб-сайтига кириш ҳам бепул қилинди.
Ўзбекистонда коронавирус масаласида ишончли маълумотга эга бўлиш учун 16 мартдан Тошкентда фуқароларимиздан коронавирус инфекцияси юзасидан туғилган саволларига ўз вақтида жавоб олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Салл-марказининг қисқа «1003» ягона рақами 24 соат давомида ишлаб турибди.
Ёрдамга мухтож аҳолига зарур кўмак кўрсатишни ташкиллаштириш учун қисқа «1197» ягона рақами ишга туширилди.
Мазкур рақамларга фуқаролар томонидан амалга ошириладиган қўнғироқлар барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан республикамизда бепул амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, карантин тартиби вақтида барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан республикамизда ўз абонентларига қулайлик яратиш мақсадида янги тарифларни ва янги хизматларни жорий қилди.
Масалан, «Ўзбектелеком» компанияси интернет-тўловларни амалга оширишда янги ва қулай тизимни жорий этди. Хусусан, миллий оператор GSM стандарти тармоғи абонентлари учун 2020 йил 1 апрелдан оддий 10 тариф режасига БEПУЛ УЛАНИШНИ таклиф қилган ҳолда, махсус «БАҲОРИЙ ТАКЛИФ» АКЦИЯсини тақдим этди.
UCELL™ компанияси янги хизматни — ўз абонентларни масофавий равишда мобил алоқага улаш хизматини йўлга қўйди. Ушбу хизматлар 1 апрелдан бошлаб «Мобил ўтказма» ва «Интернет ўтказма» хизматлари нархи 0 га тенг бўлди, яъни сиз ўз яқинларингизнинг мобил ҳисобига пул ва интернет-трафикни ўтказишингиз мумкин.
Таълим муассасалари ўқитувчиларига юқори даражада қулайликлар яратиш мақсадида, «Ўзбектелеком» АК жорий йил 10 апрелдан бошлаб махсус «Таълим» тариф режасини жорий қилди. Ушбу «Таълим» тариф режаси бир ойлик абонент тўлови 29900 сўм бўлиб, 1000 дақиқа лимит, 4 минг мегабайт лимит ва 200 SMS тақдим этилади.
«Таълим» тариф режасига уланиш ёки унга ўтиш учун Халқ таълими вазирлиги тизими ходими паспорт, гувоҳнома (асл нусха) ёки абонент ушбу тизим ходими эканлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак. Ушбу тариф режага жисмоний шахслар уланиши мумкин.
Beeline компанияси шу кунларда тиббиёт ходимларига, махсус «Шифокор» тариф режаси доирасида янги бонусларни тақдим этмоқда. Жумладан, тиббиёт ходимлари 2020 йилнинг 10 майигача 5 минг дақиқа ва 5 минг мегабайтдан бепул фойдаланишлари мумкин.
Карантин даврида фойдаланувчилар томонидан интернет трафикдан фойдаланиш ҳажми сезиларли даражада ортаётган ҳолатда тармоқнинг ишончли ишлашини таъминлаш учун зарур техник ва ташкилий чоралар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтилишича, кейинги 2 йилда жами 12 мингта ижтимоий соҳа объектлари, яъни соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассалари ва умумтаълим мактабларининг юқори тезликдаги интернетга уланиши таъминланади. Шу йилнинг ўзида оптик толали алоқа линиялари қуриш орқали жами соғлиқни сақлаш муассасаларининг 95 фоизи, умумтаълим мактабларнинг 86 фоизи ҳамда барча мактабгача таълим муассасаларини юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиши таъминланади. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»