date

Илон Маск миллион роботли армия тузишни режалаштирмоқда

Илон Маск миллион роботли армия тузишни режалаштирмоқда

Машҳур тадбиркор ва Tesla компанияси раҳбари Илон Маск “миллион роботдан иборат армияни” яратиш ниятида экани ҳақида Wired нашри хабар берди. У бу борада компания устидан кучлироқ назоратга эга бўлиш зарурлигини ҳам таъкидлаган.

Маск инвесторлар билан суҳбатда шундай деган:

“Фараз қилинг, мен улкан роботлар армиясини туздим. Шундай пайтда кимдир мени четга суриб қўйиши мумкинми? Агар биз бу армияни яратсак, ҳеч бўлмаганда унга кучли таъсир ўтказа оламанми? Гап назорат ҳақида эмас, айнан таъсир ҳақида. Агар мен таъсирга эга бўлмасам, бу лойиҳа мен учун хавфли бўлади.”

Миллиардернинг фикрича, Tesla ишлаб чиқаётган Optimus номли роботлар турли соҳаларда — заводларда ишлаб, ҳаттоки болаларга ғамхўрлик қилишда ҳам фойдали бўлиши мумкин.

“Оптимус жуда ажойиб жарроҳ бўлиши мумкин. Тасаввур қилинг, агар ҳар бир инсон шундай мукаммал жарроҳ хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлса”, — деди Маск. Унинг сўзларига кўра, Tesla роботлари ёрдамида “қашшоқлик йўқолган, ҳар бир инсон энг юқори даражадаги тиббий ёрдамдан фойдалана оладиган” янги дунё яратилади.

Маълум қилинишича, келгуси йилнинг февраль ёки март ойларига қадар Оптимуснинг тўлиқ ишлаб чиқишга тайёр прототипи тайёр бўлади. Роботларни оммавий ишлаб чиқариш эса 2026 йил охирида бошланиши режалаштирилган. Дастлабки босқичда 5 мингтагача одамга ўхшаш робот етказиб берилиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Илон Маск миллион роботли армия тузишни режалаштирмоқда