date

Тожикистонга ноқонуний пул олиб ўтишга уриниш фош этилди

Тожикистонга ноқонуний пул олиб ўтишга уриниш фош этилди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари ходимлари томонидан Тошкент вилоятида навбатдаги йирик ноқонуний валюта операциясининг олди олинди, деб хабар берди dxx.uz.

Маълумотларга кўра, Бекобод шаҳрида жойлашган «Фарҳод» чегара божхона постида амалга оширилган тезкор тадбир натижасида, катта миқдордаги нақд пулларни Тожикистон Республикасига ноқонуний йўл билан олиб чиқишга уриниш фош этилган.

Текширув давомида Бекобод шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган шахс 18 миллион 680 минг 300 Россия рубли, 140 минг 700 тожик сомони ва 180 миллион сўмни чегара орқали ноқонуний равишда ўтказишни режалаштиргани аниқланди. Бу маблағларни у бўлакларга ажратиб, ташиш учун 34 нафар фуқарога бўлиб берган. Улар ҳар бири моддий манфаат эвазига пулларни Тожикистонга етказиб беришни бўйнига олган.

Бироқ, тезкор ходимлар амалга оширган назорат натижасида барча иштирокчилар «Фарҳод» постига кириш вақтида ушланди. Ҳолат тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилди.

Шунингдек, операция вақтида айбланувчига тегишли «Трекер» русумли автомобил ҳам кўздан кечирилган. Автотранспорт ичида махсус ўрамларга жойлаштирилган ҳолда яна 13 миллион 538 минг 305 рубль, 24 минг 107 тожик сомони, 885 евро, 300 АҚШ доллари, 300 хитой юани, 6840 қирғиз соми ва 10 миллион 207 минг сўм топилган. Барча пуллар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ўтказилган тадбирда мусодара қилинган пул маблағларининг умумий қиймати миллий валютада 5 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқни ташкил этди. Бу ҳолат мамлакат хавфсизлиги ва молиявий қонунчиликни бузишнинг жиддий кўриниши сифатида баҳоланди.

Ҳозирда ушбу иш бўйича асосий ташкилотчи — Бекобод шаҳри фуқаросига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди (валюта қимматликларини ноқонуний йўл билан олиб чиқиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Суд қарори билан унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов жараёнида ноқонуний пул маблағларининг асл эгалари ва уларнинг чегара ортидаги шериклари аниқланмоқда. Тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу бўйича қўшимча текширувларни давом эттирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тожикистонга ноқонуний пул олиб ўтишга уриниш фош этилди