
АҚШ делегацияси Тошкентда: Гор ва Ландау Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ҳамда Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау расмий ташриф билан Тошкентга келди.
Элчихона маълумотига кўра, делегация Ўзбекистон пойтахтидаги илк кунида мамлакатнинг бой тарихи ва маданий мероси билан танишди.
«Тошкентда биринчи кун ажойиб ўтди! Махсус вакил Гор ва котиб ўринбосари Ландау Ўзбекистон маданияти ва тарихи билан танишишдан катта таассурот олдилар», — дейилади АҚШ элчихонаси маълумотида.

Ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, С5+1 минтақавий ҳамкорлик форматидаги янги йўналишларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
АҚШ Давлат департаментининг таъкидлашича, делегация нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни мамлакатларда ҳам ҳукумат вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, минтақавий хавфсизлик, энергетика ва савдо соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқади.

Музокаралар кун тартибига иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, муҳим минераллар соҳасида сармоялар, энергия хавфсизлиги ва икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичини муҳокама қилиш каби масалалар киритилган.
Элчихона ўз баёнотида қуйидагича таъкидлади:
«Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистонни истиқболли имкониятлар кутмоқда. Биз Ўзбекистон билан барқарор ва ўзаро манфаатли шерикликни давом эттирамиз».

Эслатиб ўтамиз, Сержио Гор сентябр ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалга оширган расмий ташрифи чоғида ўзбекистонлик журналистлар билан суҳбатда бўлиб, «Доналд Трамп Ўзбекистон президентини жуда ҳурмат қилиши ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни юқори баҳолашини» таъкидлаган эди.
Таҳлилчилар фикрича, бу ташриф АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичига ўтишидан далолат беради. Минераллар ва энергия соҳасидаги ҳамкорлик эса мамлакатлар ўртасидаги стратегик муносабатларни янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!