date

Хитойда iPhone 17 нархига тенг робот яратилди

Хитойда iPhone 17 нархига тенг робот яратилди

Хитой технология соҳасида яна бир янги ва таассуфсиз ютуқни намойиш қилди. Мамлакатнинг Noetix Robotics стартапи инсон шаклига эга янги гуманоид роботни — “Буми”ни тақдим этди. Бу ҳақда “Robotics and Automation News” нашри хабар берди.

Компаниянинг маълум қилишича, “Буми” нархи тахминан iPhone 17 смартфони баҳосига тенг — 1370 доллар атрофида. Noetix Robotics таъкидлашича, бу дунёдаги биринчи юқори самарали, шу билан бирга нарх тўсиғини енгиб ўтган одамсимон робот ҳисобланади.

94 сантиметр бўйга ва 12 килограмм оғирликка эга бўлган бу икки оёқли робот замонавий композит материаллардан ясалган бўлиб, жуда енгил ва барқарор ҳаракатланиши билан ажралиб туради. У буйруқларга жавоб бериши, юриши ва ҳатто рақсга тушиши мумкин. Роботнинг барқарорлик ва ҳаракат тизими компаниянинг ўз мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган илғор алгоритмларга асосланган.

Янги “Буми” нафақат уйда ёрдамчи сифатида, балки таълим соҳаси учун ҳам мўлжалланган. Унинг очиқ дастурий платформаси орқали талабалар ва тадқиқотчилар робот учун ўз дастурлари ва сценарийларини яратиш имконига эга бўлади.

Noetix Robotics бу ишланмани одамсимон роботларни кундалик ҳаётга интеграция қилиш йўлидаги муҳим босқич деб ҳисоблайди. Компания маълум қилганидек, “Буми” учун олдиндан буюртмалар Хитойдаги икки йирик савдо байрами — Double 11 (11 ноябрь) ва Double 12 (12 декабрь) давомида қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 октябрида Хитойнинг Deep Robotics компанияси ҳам ҳар қандай об-ҳаво шароитида фаолият кўрсата оладиган дунёдаги илк гуманоид роботни намойиш этган эди.

Шу тариқа, Хитой инсонсимон роботлар соҳасида етакчи давлатлар қаторидан жой олишни мақсад қилиб, сунъий интеллект ва робототехника технологияларини ҳаётнинг барча жабҳаларига жорий этиш йўлида қатъий қадам ташламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Хитойда iPhone 17 нархига тенг робот яратилди