11:00 / 15.11.2021
2 922

Ўзбекистонлик талаба қандай қилиб Telegram ботини 150 минг долларга сотди?

Ўзбекистонлик талаба қандай қилиб Telegram ботини 150 минг долларга сотди?
Тошкентдаги Вестминстер университети талабаси Камронбек Осимжонов TikTok-видеолардан «сув белгиси» (watermark)ни олиб ташлаш имконини берувчи Telegram-ботни ишлаб чиққани ва уни қандай қилиб Россия компаниясига сотгани ҳақида Spot’га ҳикоя қилиб берди. «Дарё» эса ушбу ҳикояни ўзбек тилига ўгирди.

Камронбек Осимжонов — TT Save Bot’ни ишлаб чиққан талаба
Сўнгги йилларда танишларим Instagram орқали пул ишлай бошлади, бу мени ҳам бефарқ қолдиргани йўқ. Охир-оқибат мен ҳам шунга ўхшаш нимадир қилиш — аккаунт очиб, уни танитиб, сўнг унда реклама сотиш ғояси ҳақида тинимсиз ўйлай бошладим.

Шу мақсад йўлида биринчи қилган ишим дастурлаш бўйича ўзимга ўқитувчи топиш бўлди. Устозим Руслан Йўлдошев менга ишни энг содда нарсалардан, масалан, Telegram-ботлар тайёрлашдан бошлашни таклиф қилди. Биз икки йилча бирга шуғулландик, у ҳамон менга кўмак бериб туради, ишланмалар ва бизнес бўйича маслаҳатларини аямайди.

Камронбек Осимжонов.
Фото: Instagram / @kamronbek_29

Telegram-ботнинг имкониятлари
Менинг биринчи ишланмам YouTube’дан видео кўчириб оладиган бот эди. Мен уни ишлаб чиқиш ва ривожлантиришга ярим йилча вақт сарфладим, аммо у оммалашмади, чунки тармоқда шунга ўхшаш муқобил хизматлар етарлича эди.

Шундан сўнг мен 30 мингтадан обуначиси бор иккита Telegram-каналимни танитишга қарор қилдим. Бу каналларда ўша вақт энди-энди оммалаша бошлаган TikTok’дан олинган кулгили видеоларни эълон қилиб борардим.

TikTok’дан кўчириб олинган видеоларда сервиснинг «сув белгиси» (логотипи) қолиб кетар, бу эса менга ёқмасди. Шунингдек, бу нарса канал фойдаланувчиларини ҳам сескантиради, чунки видео бошқа бировга тегишли экани кўриниб қоларди. Шу йўсинда видеодан «сув белгиси»ни ўчириб ташлайдиган TT Save Bot’ни тайёрлаш ғояси пайдо бўлди.

Аммо бундай бот ҳам тармоқда на биринчиси ва на охиргиси эди. Вазиятни яхшилаб ўрганиб, бир неча миллион обуначига эга икки асосий рақобатчим таклиф қилаётган хизмат беқарор экан, деган хулосага келдим.

Рақобатчиларимдан бирининг фойдаланувчилар базаси ҳаддан ташқари катта ва юкламага базўр бардош берарди, шунинг учун ҳам қай бир лаҳзада у ишдан чиқиб, шунчаки ишламай қолди. Оқибатда унинг фойдаланувчилари муқобил таклифни излай бошлади. Бу рақобатчим қулаган куни менинг ботим обуначилари сони 50 мингга кўпайди.

Иккинчи рақобатчим эса бот номида трейдмарк (савдо белгиси) бўлгани боис — яъни, унинг номида «TikTok» сўзи ҳам бор эди — фойдалувчиларни йўқота бошлади. Бу тақиқланган услуб — ботни савдо белгисини қўшиб номлаб бўлмайди, шу боис бот устидан шикоят қилинган ва у Apple фойдаланувчиларига кўринмайдиган бўлиб қолган.

Шундай қилиб, икки ой ичида иккита йирик рақобатчи бозордан чиқиб кетди, бироқ улар таклиф қилган хизматга талаб катталигича қолаверади. Мен ўз ботимни эски Telegram-каналларимда реклама қила бошладим, дўстларимдан шу ботга обуна бўлишни илтимос қилдим. Бир йил ичида ботим фойдаланувчилари сони 4,6 миллионгача кўпайди, бот сотилаётган вақтда (2021 йилнинг сентябрида) эса ботга ҳар куни ўртача 20 минг фойдаланувчи қўшилаётган эди. Бу жуда яхши кўрсаткич.

Орадан маълум фурсат ўтиб, турли мамлакатлардаги фойдаланувчилар ботга бошқа тилларни ҳам қўшишни илтимос қилиб ёза бошлади, чунки бот бу вақтгача фақат рус ва ўзбек тилларида ишларди. Ботга босқичма-босқич инглиз, испан ва индонез тилларини қўшдим ва унинг шу тилларда сўзлашувчи аудиторияси фаол ўсаётганини кўрдим. TikTok’даги аккаунтимнинг локациясини ўзгартириб, бот бошқа мамлакатларда қанчалик кўп тилга олинаётганини кузатдим — билсам, ботни хорижий блогерлар ҳам тавсия қила бошлаган экан.

Монетизация
Ботларга реклама жойлаштириш жуда қулай ва самарали. Менинг ботимга ҳар куни 400 минг фаол фойдаланувчи кириб, ҳар бири ўртача 10 та видео юклаб оларди. Бу монетизация қилишга арзийдиган ажойиб статистика. Пул ишлаш (монетизация қилиш)нинг бир неча йўли бор:

1. Мажбурий обуна. Бунда сиз реклама берувчининг Telegram-каналига обуна бўлмасдан туриб, ўзингизга керакли видеони юклаб ололмайсиз;
2. Оммавий хабарнома. Бу шаклдаги реклама бот лентасидаги оддий эълондан иборат бўлади;
3. Мажбурий томоша. Бунда сиз ботга «сув белгиси» бор видеони юборасиз — бот эса жавобан сизга «сув белгиси» йўқ видеони беради. Сиз бу файлни остига реклама эълони бириктирилган ҳолда қабул қиласиз. Бу реклама тури оддий постдан кўра самаралироқ. Тайёр видеони кўчириб олаётган фойдаланувчилар бу рекламани албатта кўради, оддий реклама пости эса кўпинча эътибордан четда қолиб кетади.

Ботдаги битта реклама постининг нархи 20 минг рубль (15 ноябрь ҳолатига — тахминан 2,9 миллион сўм ёки 275 доллар) эди. Бундай катта аудитория учун бу жуда паст нарх, шу сабабли мени бозорнинг демпфери деб ҳам аташарди, аммо топаётган даромадим мени қониқтираётганди.

Техник қийинчиликлар
Ботнинг ўзини тайёрлаш узоғи билан бир ҳафта вақт олади. Лекин TikTok’дан «сув белгиси» йўқ видеоларни тортиб олиш усулини тез-тез ўзгартириб, янгилаб туриш керак. Мен буни ҳар ҳафта кузатиб, керакли тузатишларни киритиб борардим — асосий қийинчилик, кўп куч ва маблағ талаб қиладигани ҳам шу эди — барқарорликни сақлаб туриш учун янги серверлар олишга тўғри келарди. Бошида сервер харажатлари 10 доллар эди, кейинчалик улар 50 долларгача ўсди.

Бир куни TikTok тизимни шундай ўзгартирдики, бот 3-4 кун ишламай қолди. Бу вақтда на мен, на рақобатчиларим тизимни яна айланиб, «алдаб» ўтиш имконини берадиган янги усулни топа билди. Мен обуначиларимни йўқотишни хоҳламасдим, шу боис рақобатчиларимдан кўра тезроқ, биринчи бўлиб ечим топишим, вазиятдан чиқишим керак эди.

Шунда муаммонинг ечимини 400 долларга сотиш рози бўлган хорижлик мутахассисларга дуч келдим, аммо тўлов қилишим билан улар йўқолиб, аккаунтларини ҳам ўчириб ташлади. Оқибатда ҳаммасини ўзим қилишимга тўғри келди ва бошқаларни ортда қолдиришга муваффақ бўлдим.

Харидорларни қандай излаб топганимиз ҳақида
Биринчи ботимни атиги 3000 долларга сотганман
— у аудиоёзув асосида мусиқани аниқлаб, номини чиқариб бера оларди. Харидор менга ўзи алоқага чиққан. Мен шу келишувим ҳақида устозимга айтганимда, у «сал шошибсан-да», деганди. Чунки мен юқорироқ нарх ҳам айтишим мумкин эди, боиси ботлар орқали реклама қилиш каналлардаги рекламадан самаралироқ. Ана шу савдодан сўнг мен Telegram-ботларга катта талаб борлигини тушуниб етгандим.

Харидор ҳақида. Менинг бот сотиб оладиган доимий харидорларим бор — булар россиялик мижозлар бўлиб, мен ҳозиргача уларга умумий ҳисобда 5 та бот сотганман. Бунгача нисбатан кичикроқ, масалан, видеодан мусиқани кўчириб олиш имконини берадиган (ботга видеони юборасиз, у бўлса сизга шу видеодаги мусиқани алоҳида ажратиб, қайтариб жўнатади) ботларни сотгандим.

Доимий харидорларим бот ва каналларни сотиб олиб, бир вақтнинг ўзида уларни реклама йўли билан янада танитади, битта канал ё ботдаги трафикни бошқасига «ҳайдайди». Улар ҳозирги базаси билан янги канални икки кун ичида бемалол 10 минг жонли обуначи билан тўлдириб, сўнг шунинг ортидан пул топа олади.

150 минг долларга сотиш қандай уддаланди?
TikTok’нинг «сув белгиси»ни ўчириш имкониятига эга ботни сотишдан аввал устозим Руслан Йўлдошев билан бирга Неwмах Technologies (MyTaxi, Express24, Workly, MaxTrack, TOKO) асосчиси Акмал Пайзиевдан ботимнинг нархи борасидаги фикрини билгимиз келди. Ўша вақтда ботда 4,5 миллион обуначи бор эди, бунинг ортидан у ойига 10 минг доллар пул келтира оларди. Шундан келиб чиқиб, Акмал Пайзиев ботни 200 минг долларга баҳолади.

Биз харидорлардан якуний нарх сифатида 150 минг доллар сўрадик. Бу катта сумма, шунинг учун ҳам мен устозим билан бирга харидор ва унинг юристи билан юзма-юз учрашиш, ботга эгалик ҳуқуқларини расман сотиш учун Уфага бориб келдик.

Нега сотдим? Соҳадаги бир йил ичида бироз зерикиб қолдим, бундан ташқари бир неча бот билан ишлаш яхшигина куч ва вақтни олиб қўяётган эди.

TikTok шундай бир янгиланиш қиладики — шундай бўлишига эса шубҳа йўқ — охир-оқибат мен уни барибир айланиб ўта олмайман. Худди шу воқеа юз бериши билан эса бот ишламай қолади. Мана шуни ҳам ҳисобга олиб, мен ботни сотишга қарор қилдим.

Ҳозир кейинги босқичга кўтарилишни, масалан, бизнес учун бирор фойдали мобил дастур ёки дастурчилик фаолиятимнинг бошида хоҳлаганимдек бирор ўйин ишлаб чиқишни истардим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ўзбекистонлик талаба қандай қилиб Telegram ботини 150 минг долларга сотди?