Руҳий қарамликлар сафига гаджетларга қарамлик ҳам қўшилиб, инсониятни анча ўйлантириб қўйди. Смартфонга муккасидан кетиш ҳозирда кўпчиликда ва айниқса ёшларда ҳамда болаларда кузатилмоқда. Унинг аломатлари ва асоратлари дарров юзага чиқиб, яққол намоён бўлади, яширин кечиш ёхуд ташхислаш муаммоси йўқ. Аммо асосий босқич - даволашга келганда хато усуллар қўлланилмоқда.
Яъни, кўпчилик ўзида гаджетга қарамликни сезса ва бу ҳолатидан қониқмаса, улардан бир йўла воз кечиш орқали муолажага киришмоқчи бўлади. Ёки фарзандининг виртуал оламга ружу қўйганидан хавотирланган ота-оналар унга смартфон ва планшетларни мутлақо тақиқлаб қўядилар. Бу муаммога ечим бўлолмайди. Аксинча, вазиятни янада чигаллаштиради.
Бинобарин, гаджетларга қарамлик руҳий бузилишлар ортидан келиб чиқади. Шахсий ҳаётидан кўнгли тўлмаган одам муаммоларидан телефон экрани ортига яширинишга уринади, гаджетни руҳий қувват манбаига айлантириб олади. Ундан дабдурустдан айрилиш эса депрессияни кучайтириб юборади. Шунинг учун аввало хотиржамликка эришиш, норозиликларни камайтириш, ҳаётдаги муаммоларга тўғри нигоҳ билан қарашни ўрганиш керак. Демак, биринчи ишингиз телефонни кўздан йўқотиш эмас, балки кўз ўнгидаги ёқимсиз таассуротлардан халос бўлишдир.
Ҳаётни севган, ўз умридан миннатдор одам тирикликнинг ҳар бир лаҳзасидан завқ олиб яшаса, у учун телефон жуда бир зерикарли буюмга айланиб қолади. Чунки реал ҳаётда ундагидан-да яхши воқеаларни, смартфондан самимийроқ дўстларни, яқинларининг меҳр оғушини топади-да!
Гаджетлардан бир кунда қанча вақт давомида фойдаланишингизни ҳисобланг. Агар бу 8 соат бўлса ва сиз муддатни 2 соатга туширсангиз, руҳий зарба олишингиз тайин. Шу боис аста-секинлик билан камайтириб боринг. Кун сайин дақиқалар соатларга алмашсин.
Телефондан фойдаланишда ижтимой тармоқларни текшириш кўп вақт оладиган жараён ҳисобланади. Нима, ижтимоий тармоққа жавобгар иловани ўчириб ташлаш керакми? Асло йўқ! Балки уни текшириш учун куннинг бир қисмидан вақт белгиланг ва фақат ўша соатдагина фойдаланинг. Зарурат юзасидан, масалан, ишга боғлиқ ҳужжатларни жўнатиш ёки қабул қилишга тўғри келиб қолганда ижтимоий тармоқ эмас, электрон почтани танланг. У сизни узоқ ушлаб қолмайди.
Саралаш - яхши даво. Кераксиз канал ва гуруҳлардан чиқиб кетиш, тасодифий аъзоликларни тақиқловчи конфиденциалликни ўрнатиш айни муддао. Бир неча гуруҳ ва каналларни тарк этибоқ ўзингизда дарҳол енгилликни ҳис қиласиз, пала-партиш эмас, саранжом уйга кирган одамдек кўнглингиз ёришади.
Ижтимоий тармоқлар масаласи ҳал бўлди. Энди иловаларга ўтамиз. Смартфонингиздаги аҳамиятга эга бўлмаган дастурлар, ўйинлар, иловаларнинг баҳридан ўтинг. Ўрнига фойдали иловаларни юклаб олишингиз мумкин. Режангиз мана бундай бўлсин: ўчирилди - 5 та илова, юкланди - 1 та илова.
Телефонни ишлатмаётганда интернетини ҳам ўчириб қўйинг, шунда янги хабарлардан огоҳлантирувчи сигнал сизни безовта қилмайди. Умуман олганда, миянгизни икки иш билан банд этмасликка ҳаракат қилинг. Масалан, телефон эмас, таомнинг ташқи кўринишини томоша қилган ҳолда мазза қилиб овқатланинг, кино кўраётганингизда қўлингизда телефон бўлмасин, китоб ўқишни бошлаганингизда телефонни ўчириб қўйинг. Овқат еб, кино кўриб, китоб ўқиб бўлгач эса телефондан фойдаланишга алоҳида вақт ажратинг.
Кун бўйи ўзингизни чарчатинг. Агар ақлий меҳнат кишиси бўлсангиз, жисмоний юмушлар билан банд бўлинг, спорт билан шуғулланинг, пиёда юринг, рақсга тушинг. Айниқса, кечки пайт фаоллашинг. Гаджетга қарамларнинг кечаси билан телефон титадиган, смартфонини қучоқлаб ухлайдиган одати бор. Биринчидан, кун давомида чарчаган одамнинг кўзига фақат ёстиқ кўринади. Бордию шунда ҳам қўлингизга телефон олишга кучингиз етса, дарров «Мусиқа» папкасига киринг, сокин куйни жаранглатиб, кўзларингизни юминг.
Қўл соати тақинг. Буни телефонга қарамликка нима алоқаси бор, дерсиз. Замонавий кишилар смартфонга вақтни билиш мақсадида кўп назар соладилар ва шу баҳона виртуал оламнинг бошқа эшиклари очилиб кетади. Муолажа даврида соат неччи бўлганини ҳақиқий соатдан билганингиз маъқул.
Гаджетларга қарамликка қарши муолажалар «Рақамли парҳез» деб аталади. У эса техник воситалардан воз кечиш эмас, балки тўғри фойдаланишни ифодалайди. Зотан, таомлардан парҳез қилаётган одам оч юрмайди, балки мутаносиб равишда соғлом овқатланади. Гаджетлардан парҳезда ҳам улар билан уйғун яшаш ва унумли ишлатиш назарда тутилади. Шу йўсинда телефонга касал бўлганларга табибу малҳам сифатида телефоннинг ўзидан фойдаланилади.
Дурдона Алимова
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди
Сирдарёда ЙТҲ содир этган ҳайдовчидан пул олган ЙПХ ходими қамалди