Олий Мажлис Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлиси 13 декабрь куни чақирилади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Олий Мажлис Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлиси 13 декабрь куни чақирилади

  • Узбекистон
  • 12-12-2016, 14:02
  • 820
  • Олий Мажлис Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлиси 13 декабрь куни чақирилади

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси 2016 йил 13 декабрь куни эрталаб соат 10.00да Тошкент шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мажлислар залида очилади. Бу ҳақда Kun.uz хабар берган.

    Бу ҳақда 10 декабрь куни ўтказилган Олий Мажлис Сенати Кенгаши йиғилишида қарор қабул қилинган.

    Сенат ялпи мажлисининг муҳокамасига аҳоли турмуш даражасини янада оширишни ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришни, иқтисодиёт ўсишининг юқори ва барқарор суръатларини таъминлашни, аҳолини иш билан таъминлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг буджетлари ҳамда солиқ ва буджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги, шунингдек 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларни киритиш режалаштирилмоқда.

    Сенат ялпи мажлисининг кун тартибига мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини босқичма-босқич ислоҳ қилишга ҳамда эркинлаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилмоқда. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Солиқ ва буджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.

    Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатларига тааллуқли бўлган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилади.

    Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг ҳамда девонининг саккизинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларини мувофиқлаштириб туриш учун Кенгаш томонидан тегишли ишчи гуруҳ тузилган.

    loading...