Тадбиркорликка ғов бўлаётган муаммолар: конвертация, нақд пул муаммоси... » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Тадбиркорликка ғов бўлаётган муаммолар: конвертация, нақд пул муаммоси...

  • Узбекистон
  • 12-01-2017, 15:22
  • 1 275
  • Тадбиркорликка ғов бўлаётган муаммолар: конвертация, нақд пул муаммоси...

    Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида мамлакатдаги тадбиркорлик муҳитини яхшилаш юзасидан навбатдаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва ССП раиси Алишер Шайхов иштирок этган. Бу ҳақда Газета.уз'га асосланиб Кун.уз сайти ёзмоқда.

    2017 йил 6 яварда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда рақобат-бардошлигини ошириш, тадбиркорларнинг қонунларни ишлаб чиқишдаги иштирокини яхшилаш, тўқимачилик соҳасидаги муаммолар, қишлоқ хўжалиги соҳаси, солиқ ва банк тизими, касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлиги ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.

    Йиғилишда, ўзбек-хитой савдо уйи (ЎХСУ) раҳбари, Халқаро бизнес ва технологиялар Ассоциацияси раиси (AMBiT - ХБiTА) Ҳикмат Абдураҳмонов Ўзбекистондаги касаба уюшмалари тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда нима учун ёрдам бермаётганига оид фикрлари билан ўртоқлашган.

    «Фикримча, касаба уюшмалари билан боғлиқ муаммо уларнинг сонида эмас, балки уларни жиддий қабул қилмасликдадир. Ассоциацияларнинг бош мақсади — соҳа вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Афсуски, мамлакатимизда, ушбу ташкилотлар ва давлат ўртасида мулоқот ўтказилмади. Шу боисдан, тадбиркорлар уюшмаларнинг у ёки бу муаммони ҳукуматга етказа олишига ишонишмайди. Қўшни мамлакатларда касаба бирлашмалари кучга тўлмоқда, ҳукумат вакиллари эса, улар билан муаммоларни ҳал этиш мақсадида доимий равишда мулоқот ўтказади», - деган Абдураҳмонов.

    Унинг айтишича, тадбиркорлар ўз муаммоларини маълум қилиш ва давлат органлари томонидан қонунбузарликларга йўл қўйилаётганини айтишдан қўрқишмайди. Бироқ, «тизимдаги лоқайдлик тадбиркорларнинг тилини калта қилмоқда».

    Бундан ташқари, Абдураҳмоновнинг фикрича, солиқ тизими ва божхона сиёсати компанияларнинг ошкора фаолият юритишига туртки бермайди. Чунки, улар назорат қилувчи органларнинг диққатини тортмасликни маъқул кўришади.

    «Тадбиркорларда шундай мантиқ шаклланиб қолганки, гўёки, улар солиқларни четлаб ўтса, рақобатбардошлигини сақлаб қолишади. Бу мантиқни солиқ тизими билан бирга кескин ўзгартириш керак», — дея таклиф билдирган у.

    Хўш, Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун нима қилиш керак?

    «Бизда асбоб-ускуналар етишмаслиги мавжуд эмас, муаммо — унинг етарли даражада юкланмаганлигида, — дейди ЎХСУ ва ХбiTА раҳбари. — Аниқроғи, кўпчиликда ишлаб чиқариш салоҳияти бор, аммо хом ашё маҳсулотларини, айнан рақобатбардош шартларда олиш имконига эга эмас. Бу масалани ҳал этмасдан, олға силжий олмаймиз».

    Иккинчи асосий муаммо бу — сўм ва валютадаги сармоядан фойдалана олиш масаласидир.

    «Заём маблағларисиз биз ривожлана олмаймиз. Бугунги кунда, тадбиркорлар сармоя учун фақат банкларга мурожаат қила олишади. Банк тизимини либераллаштириш керак. 10 йил аввал, савдони молиялаштириш ёки қайта молиялаш деган усул бўлар эди. Банклар бизнесни молиялаштириш учун ўрта ва узоқ муддатли маблағларни жалб қила олар эди. Бу усулларни қайтариш лозим. Агар бозорнинг рақобатбардошлигини кўтарсак, аксар муаммолар ўз-ўзидан ғойиб бўлади. Бунинг учун давлат компаниялари хусусий сектор билан рақобат қилиб, уни назорат қилиш ўрнига, унинг тараққий этиши учун қулай шароитни барпо қилиши, бунга қўшимча равишда ахборот шаффофлиги таъминланиши лозим», — деб қайд этган Ҳикмат Абдураҳмонов.

    Иқтисодчи Юлий Юсупов халқаро майдондаги рақобатбардошлик хусусида ўз фикрларини изҳор қилган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон халқаро меҳнатни тақсимлаш жараёнида ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича глобал занжирда фаолроқ иштирок этиши даркор. Бундан ташқари, валюта бозорини либераллаштириш ва эркин конвертацияни жорий қилиши лозим.

    Юлий Юсуповнинг айтишича, «мамлакатдаги тижорат банклари ўзларининг асосий вазифаси — жамғармаларни жалб этиш ва бу маблағларни сармояга айлантириш вазифасини бажара олмаяпти». Чунки, улар Марказий банк кўрсатмаларини бажаришдан нарига ўта олмаяпти.

    Иқтисодчи, шунингдек, мамлакатдаги тўлов турлари — нақд, нақдсиз ва корхоналар ҳисобидаги маблағларнинг ўзига хосликлари хусусида ҳам фикр билдирган. У, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш учун нақд пулларни беришда маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш зарур, деган фикрни билдирган.

    Экспертнинг қайд этишича, агар кичик корхоналар тор доирада ихтисослашса ва йириклари ҳажмларда тежашни бошласа, Ўзбекистон рақобатбардошлиги кескин ортиши мумкин. Бу такомиллашувга, харажатларни камайтириш ва маҳсулот сифатини оширишга имкон беради.

    Иқтисодчи Юсупов фермерлар ернинг ҳақиқий эгаси эканликларини ҳис қилишлари ва ундан фойдаланиш самарадорлигини оширишлари учун, деҳқон-фермерлар ҳуқуқларини мустаҳкамлашга чақирган.

    TOP-Contact компанияси асосчиси Лазиз Адҳамовнинг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг кичик корхоналардаги ишчилар сонини 25 нафаргача чеклаш тўғрисидаги қарори, унинг 50 кишилик компаниясини тўлиқ солиқ тўлайдиган йирик корхонага айлантирган. Шу сабабдан, унинг бизнеси «барбод бўлган».

    Алишер Шайхов бунга жавобан, Иқтисодиёт вазирлиги кўп меҳнатни талаб қилувчи соҳаларда кичик корхона ва фирмаларнинг ишчилари сонини икки мартага ошириш таклифини билдиргани, тез орада қарорга ўзгартишлар киритилишини билдирган. ССП раиси, бу каби ҳужжатлар хусусий сектор билан келишилмасдан қабул қилинмаслиги керак, деган фикрга қўшилиб, кичик тадбиркорлик вакиллари камида олти ой аввал, ўзгаришлар ва ислоҳотлардан хабардор этилиши мақсадга мувофиқлигини айтган.

    Кичик корхоналардаги ходимлар сони чекланиши билан боғлиқ масала бошқа соҳалар учун ҳам муҳим бўлиб қолмоқда.

    Korzinka.uz супермаркетлари тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимовнинг таъкидлашича, бундай чеклов кўпсонли кичик корхоналар ташкил этишга сабаб бўлиб, шу билан меҳнат самарадорлиги тушишига олиб келмоқда.

    «Мени қийнаётган масала: нима учун 50 ва 51 ишчига эга бўлган иккита компания турли солиқ тўлайди? Агар тўқимачиликка солиқ ва божхона имтиёзи берилса, уларни тоифалаштирмасдан, барчасига бирдек тақдим этиш керак. Акс ҳолда, бу ишлаб чиқаришни майдалаб, меҳнат самарадорлигини пасайишига олиб келади. Бу бошқа соҳаларга ҳам тегишли. Масалан, сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ходимлари сони 25 нафардан ошса, кичик корхона имтиёзларига эга бўла олмаслиги туфайли, ўз бизнесини кенгайтира олмайди. Бунинг ўрнига улар, бир нечта бошқа корхонага асос солади. Такси хизматида ҳам шу аҳвол. Битта йирик компания умумий солиқ юкламасидан қочиш мақсадида, 100 кишилик 18та компанияга асос солади», — деган тадбиркор.

    Тўқимачилик соҳаси вакиллари эса, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини божхона божларисиз Туркияга тўғридан-тўғри экспорт қилиш бўйича келишувга эришишни сўраб, ҳукуматга мурожаат йўллашган. Шунингдек, улар солиқ ва божхона имтиёзларига киритилган маҳсулотлар рўйхатини оширишни сўрашмоқда.

    Grand Eco Product муассиси Муродхон Жўраев иссиқхона хўжаликлари сонини тадбиркорларга боғлиқ бўлмаган омиллар воситасида қисқартириш масаласига эътибор қаратган.

    «Гап табиий газнинг умуман йўқлиги, электр таъминотидаги узилишлар ҳақида бормоқда. Ахир булар ҳосилнинг нобул бўлишига олиб келади». Бундай узилишлар учун одатда ҳеч ким масъул эмас. У, шунингдек, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини қайта ташкил этиш ва иқтисодий ислоҳотлар ижросини назорат қилувчи кенгашни тузиш ғоясини илгари сурган.

    Newmax Technologies ҳаммуассиси ва MyTaxi раҳбари Акмал Пайзиевнинг қайд этишича, Ўзбекистон электрон тижорат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга интернет-эквайринг (интернет дўконлардан маҳсулот харид қилиш имконияти) билан боғлиқ камчиликлар имкон бермаяпти.

    «Биз Visa и MasterCard халқаро тўлов карталарини қабул қила олмаймиз… Мамлакатимизга келаётган сайёҳлар ўз банк карталаридаги пулларини сарфлашни хоҳлашади. Аммо, барча умумовқатланиш ва сайёҳлик нуқталарини бу каби терминаллар билан таъминлаш серхаражат ва мураккаб вазифа эканини ҳисобга олсак, бу муаммони иловалар воситасида ҳал қилиш мумкин эди».

    Click мобил банкинг тизимининг IT ва телекоммуникациялар бўйича маслаҳатчиси Азиз Раҳимов электрон тижорат соҳасини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни «янгилаш»ни таклиф қилган.

    «Икки йил аввал, “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди. Ўтган йили унинг тартиби маъқулланди... Бу давр мобайниида, қонуннинг қайси бандлари бизнесга ёрдам беради, қайсилари ҳалақит беради, аниқлаб бўлишди. Биз банкка борсак, у ерда янги меъёрлардан тубдан фарқ қилувчи, 1992 йилда ёзилган кўрсатмалар ҳамон амалда», - деган Раҳимов.

    ССП раҳбари Алишер Шайхов, бир ҳафта ичида электрон тижорат тўғрисидаги меъёрий ҳужжатларни янгилаш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилишини айтган.

    Учрашувда ҳукумат ва бизнес вакиллари давлат-хусусий ҳамкорликни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни ҳал этишга тайёрликларини таъкидлашган ҳамда ҳар бир масалани чуқурроқ ўрганиш учун тор доирадаги махсус учрашувларни ташкил этишга келишиб олишган.

    loading...