18:09 / 31.12.2022
1 693

Вазирликлар қисқариши нега халқ муҳокамасига қўйилмади?

Вазирликлар қисқариши нега халқ муҳокамасига қўйилмади?
29 декабр куни AОКAда Ўзбекистон Президентининг Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш бўйича Фармони ва Қарорининг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Aдлия вазири Aкбар Тошқулов, Молия вазири ўринбосари Жамшид Aбруев, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори ўринбосари Aкбар Мусаев ва бошқа вазирлик ҳамда идоралар мутасаддилари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққанлар, асосан, кутилаётган маъмурий ислоҳотларнинг моҳияти, ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги самараси ҳақида маълумот беришди. Анжуманда кўплаб ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан бевосита мутасадди ва экспертлардан жавоб олиш имкониятига эга бўлишди.

Жумладан, Azon.uz мухбири Нурбек Ғофуров ҳам мазкур маъмурий ислоҳотлар, хусусан, турли вазирликларни қисқартириш ва қўшиб юбориш масаласига тўхталиб, бу борада жамоатчилик фикри қанчалик аҳамиятга эга бўлгани билан қизиқди.

Экспертларнинг сўзларидан маълум бўлишича, вазирликларни қисқартириш масаласи йиллар давомида “пишиб етилаётган” мавзу эди. Яқинда эълон қилинган Президент фармони ва қарори эса бу муаммони ҳуқуқий майдонга олиб чиқувчи якуний қонуний ҳужжат вазифасини ўтаяпти.

Azon.uz мухбири Нурбек Ғофуров бу фикрга эътироз билдириб, бутун мамлакат ижтимоий-сиёсий ва ҳатто маиший ҳаётида муҳим ўзгаришлар ясовчи, бевосита халқимиз келажагига тааллуқли ушбу долзарб масала бўйича халқ вакиллари билан маслаҳатлашилмагани, ёхуд одамлар орасида муҳокама қилиниб, фикр ва мулоҳазалар йиғилмаганига мутасаддилар эътиборини қаратди. Зеро вазирликлар кўпроқ халқ билан ишлайди. Ҳар бир тузилманинг иш самарадорлиги бевосита одамлар турмушига таъсир қилади ва ижтимоий кайфиятда акс этади.

Қолаверса, вазирликларни қисқартириш мавжуд долзарб муаммоларни ҳал қила оладими ёки навбатдаги маъмурий “рокировка” сифатида тарихда қоладими?

Aдлия вазири Aкбар Тошқулов бу саволга жавоб бериб, мухбирнинг хавотирларини тасдиқлади. Aлбатта маълум бир вазирликнинг қисқариши ёки қайсидир кадрларнинг ишсиз қолиши бевосита одамлар ҳаётига оид нозик масала ҳисобланади. Лекин шу билан бирга, мазкур масала асосан шу мавзуда тажрибага эга, тизимдаги жараёнларни кузатиб келаётган тор соҳа мутахассислари ва экспертлари орасида муҳокама қилинган.

Экспертлар эса табиийки жойлардаги вазият билан бевосита таниш бўлади, ҳар бир ислоҳот ва ўзгаришларнинг нечоғли самара бераётгани, халқ ҳаётига қанчалик ижобий ёхуд салбий таъсир кўрсатаётганини кузатиб бориб, таҳлил қилади, олинган хулосаларни инобатга олган ҳолда кейинги ислоҳот ва лойиҳалар бўйича ўз тавсияларини беради.

Шунингдек, Aкбар Тошқулов вазирликларни қўшиш ёки қисқартириш масаласи олдиндан халқ муҳокамасига қўйилса, мазкур жараён бевосита таъсир қилувчи ходимларда руҳий тушкунлик ёки ваҳима уйғониши ҳам мумкин деган мунозарали фикрни ҳам илгари сурди.

Адлия вазири Azon.uz мухбирининг "вазирликларнинг қисқариши мавжуд муаммоларни ҳал қиладими", деган саволига “ҳал қилмайди”, дея қатъий жавоб берди. Вазирнинг билдиришича, мавжуд муаммоларни тизимли ўрганиш ва ечим топишни йўлга қўйиш лозим. Ҳар бир муассаса ўз ишини қилиши керак. Инспекциянинг ўз вазифаси бор, агентлик ва вазирликнинг ўз вазифаси бор. Вазирлик соҳадаги умумий сиёсатни юритади. Лекин вазирлик фаолиятини назорат қилиш инспекциялар зиммасига тушади.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирда вазирликларни қисқартириш эмас, тизимлаштириш мақсад қилинган, идоралараро фаолиятни мувофиқлаштириш кўзда тутилган. Шу жумладан, давлат муассасаларини концептуал тарзда такомиллаштириш, фаолият механизмини енгиллаштириш, пировардида ихчам давлат идораси бўлишига эришиш кўзда тутилган.

Қолаверса, маъмурий ислоҳотлар масаласи бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, бу ҳақда бир неча йиллардан бери гапириб келиняпти. Айнан давлат идораларини ихчамлаштиришга урғу берилмаган бўлсада, алоҳида соҳалар бўйича амалий ишлар бошланган.

Янги фармон ва қарорнинг аҳамиятини бир вазирлик мисолида кўриш мумкин. Масалан, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга, ижтимоий таъминотга жавоб берадиган ягона вазирлик пайдо бўляпти. Ижтимоий ҳимоя билан шуғулланувчи ташкилотлар, оила, хотин-қизлар, маҳалла вазирлиги, бандлик, тиббий-ижтимоий ҳимояни ривожлантириш агентликлари ягона вазирликка бирлаштирмоқда.

Шу тариқа, ижтимоий ҳимоя қилиш тизимида ягона давлат сиёсатини юритадиган орган пайдо бўлади. Демак, ўхшаш хизматларга эҳтиёжи тушган фуқаро турли вазирлик ва агентликлар орасида сарсон бўлмайди, битта муассасага мурожаат қилиб, муаммосини ҳал қилади. Қолаверса, битта ҳуқуқий тузилма ичида турли бўлимлар ўртасида ўзаро маълумот алмашинув ҳам нисбатан тезроқ ва аниқроқ бўлади, дея фикр билдирди Адлия вазири.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Вазирликлар қисқариши нега халқ муҳокамасига қўйилмади?