
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола яқинда мухлисларни кутилган янгилик билан қувонтирди — бир ойдан зиёд вақтдан бери жароҳатини даволатаётган ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов тез орада жамоа сафида яна ҳаракат бошлаши мумкин.
Испаниялик мутахассиснинг таъкидлашича, 21 ёшли ҳимоячи тикланиш босқичининг сўнгги қисмида ва яқин ҳафталар ичида умумий гуруҳ машғулотларига қўшилиши кутилмоқда. Бироқ, у яна расмий ўйинларда майдонга тушиш даражасига етиши учун бироз вақт талаб этилади.
Ҳусанов 21 сентябрь куни “Арсенал”га қарши беллашувда оёғидан жиддий жароҳат олган эди. Аввал бошда у бор-йўғи учта ўйинни ўтказиб юбориши айтилган, аммо шикастланиш кутилмаган даражада оғирроқ бўлиб чиқди. Шу сабабли ёш ҳимоячи жароҳатни чуқур даволаш режимида қолди.
Гвардиоланинг мазкур баёнотидан сўнг “Манчестер Сити”нинг дунё бўйлаб миллионлаб мухлислари ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама бошлашди. Уларнинг аксарияти Ҳусановга самимий тилаклар йўлламоқда.
Кениялик фанат Филип Мутуа шундай ёзди:
“Тезроқ тузал, Абдуқодир! Сенинг майдондаги ҳаракатларингни соғиндик.”
Нигериялик мухлис Аёмид Самсон эса шундай фикр билдирган:
“Ҳусанов — ҳимояда темирдек. У тўлиқ соғайгач, яна ҳам кучлироқ қайтишига ишонаман.”
Франциялик М’арсел Айгл Эфанджо эса қўшимча қилди:
“Ҳусанов жамоанинг руҳий етакчиси. Унинг борлиги майдондаги ишончни оширади.”
Айримлар эса шундай маслаҳатлар ҳам берди:
“Ҳусанов тузалгунча, Гвардиола Дензел Дюмфрис ёки Майкл Олисега эътибор қаратсин”, — деб ёзди Виззи Блинк.
Яна бошқалар унинг йўқлигида жамоа ҳимоясидаги бўшлиқни алоҳида таъкидлашди.
“Ҳусановнинг йўқлиги дарҳол сезилди. У майдонда бўлганида жамоа ўзини бошқача ҳис қилади”, — дейди Виктор Чибуезе.
Гвардиоланинг ўзи эса журналистлар саволига жавоб бераркан шундай деди:
“Менимча, у қайтишга яқин, лекин ҳали тўлиқ тайёр эмас. У танасининг жуда нозик қисмида жароҳат олган эди. Аммо у жангчи, у қайтади.”
Мухлислар ҳам шундай фикрда — “Ҳусанов ҳақидаги хушхабар” улар учун ҳақиқий умид ва илоҳий илҳом бўлди. Жамоа усиз бир неча ўйинда муаммоларга дуч келди ва энди барча кўзлар унинг майдонга қайтишини интизорлик билан кутмоқда.
Абдуқодир Ҳусанов қайта майдонга тушган куни “Этихад”даги муҳит яна алоҳида руҳда бўлиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!