date

Эртадан Ўзбекистонга салқин шамол ва ҳаво массалари кириб келади

Эртадан Ўзбекистонга салқин шамол ва ҳаво массалари кириб келади

Ўзбекистонда бугунги илиқ об-ҳаводан сўнг, эртадан бошлаб салқинлик сезила бошлайди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги маълум қилди.

Мутахассислар маълумотича, 17 октябрь куни кундузи республика бўйича ёзга хос илиқ ва қуруқ об-ҳаво ҳукм сурмоқда. Ҳарорат мамлакатнинг марказий ҳудудларида 23–28 даража, шимолий вилоятларда эса 20–25 даража атрофида бўлмоқда. Аммо бу илиқлик узоққа чўзилмайди — 18 октябрь кунидан бошлаб шимоли-ғарбдан салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда, деб хабар берди uzhydromet.uz.

Агентлик маълумотига кўра, янги ҳаво массалари мамлакат бўйлаб ҳароратнинг аста-секин пасайишига сабаб бўлади. 18 октябрь кундузи ҳарорат 21–26 даража, шимолда 15–20 даража атрофида бўлади. 19 октябрга келиб эса бу кўрсаткич 18–23 даражагача, шимолда эса 13–18 даражагача тушиши мумкин.

Кечаси ҳаво янада салқинлашиб, 6–11 даражагача, айрим шимолий ҳудудларда эса 3–8 даражага қадар пасайиши кутилмоқда.

Гидрометеорологлар таъкидлашича, дам олиш кунлари асосан ёғингарчиликсиз ва барқарор об-ҳаво сақланади. Бироқ 18-октябрь кечга томон Бухоро ва Навоий вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 19-октябрь куни эса тоғолди ва тоғли ҳудудларда қисқа вақтли ёмғир кузатилиши, баланд тоғларда эса у қорга айланиши эҳтимоли бор. Шамолнинг тезлиги ўртача 7–12 м/с атрофида бўлади.

Пойтахт Тошкентда ҳам об-ҳаво ўзгарувчан бўлади. Ёғингарчилик кутилмайди, шамол шарқдан 3–8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат 17 октябрь куни кундузи 25–27 даража, 18-октябрда 23–25 даража, якшанба куни эса 19–21 даража бўлиши кутилмоқда. Тунги ҳарорат аста-секин 8–10 даражагача пасаяди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Эртадан Ўзбекистонга салқин шамол ва ҳаво массалари кириб келади