date

Бугун яшил комета осмонда мўъжиза яратади

Бугун яшил комета осмонда мўъжиза яратади

Бугун, 21-октябрь куни ўзбекистонликлар ҳақиқатан ҳам ноёб табиий манзарага гувоҳ бўлиш имконига эга бўлади. Астрономлар маълумотига кўра, C/2025 A6 (Lemmon) номли яшил комета Ерга энг яқин нуқтадан ўтади. Бу ҳодиса жуда кам учрайди ва олимлар унинг қайта такрорланиши учун камида минг йил кутилмаслигини таъкидламоқда. Бу ҳақда “National Geographic” маълумот тарқатди.

Мутахассислар фикрича, Lemmon кометаси бир неча ойдан буён ички қуёш тизимига яқинлашиб келаётгани сабабли тобора ёрқинлашган ва инсон кўзи билан ҳам фарқланадиган даражада кўрина бошлаган.

Астроном Строуднинг айтишича, бу йил Lemmon кометаси Ер осмонидаги энг жозибали ва кўзга ташланадиган кометалардан бири бўлади. Унинг яшил тусга кириши таркибидаги икки атомли углерод (C₂) Қуёш нурлари таъсирида парчаланиши билан боғлиқ. Бу жараён кометанинг бош қисмида ёрқин яшил ёруғлик ҳосил қилади.

Кометани Ўзбекистон ҳудудида қуёш ботганидан сўнг, тахминан соат 19:00 дан 20:30 гача кузатиш мумкин бўлади. Мутахассислар кузатиш учун шаҳар ёруғлигидан узоқроқ, очиқ ва баланд жой танлашни тавсия этишмоқда. Уни кўриш учун телескоп шарт эмас, аммо тоза осмон ва ёруғлик ифлосланиши кам бўлган муҳит муҳим аҳамиятга эга.

Астрономлар кометанинг Ер учун мутлақо хавфсиз эканлигини алоҳида таъкидлашмоқда — у сайёрамиз орбитасига хатар туғдирмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бугун яшил комета осмонда мўъжиза яратади