date

Солиқ бузилишлари ҳақида хабар берган фуқароларга 24 миллиарддан ортиқ пул мукофоти тўланди

Солиқ бузилишлари ҳақида хабар берган фуқароларга 24 миллиарддан ортиқ пул мукофоти тўланди

2025-йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида фуқаролар томонидан солиққа оид қоидабузарликлар бўйича рекорд даражада мурожаатлар қилинган. Давлат солиқ қўмитаси маълумотига кўра, ушбу мурожаатлар эвазига фуқароларга умумий қиймати 24,1 миллиард сўмдан ортиқ мукофот пуллари тўлаб берилган.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан эълон қилинган статистикага кўра, январ–сентябрь ойларида “Солиқ мобил иловаси”нинг “Солиқ ҳамкор” бўлими орқали жами 82 857 та ҳуқуқбузарлик ҳақида хабарлар келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 10 мингта кўпдир.

Мурожаатларнинг асосий қисми қуйидагилардан иборат:

  • Чек берилмаганлиги ҳақида – 74 970 та ҳолат;
  • Пластик карта орқали тўловни рад этиш – 3 001 та;
  • Карта орқали тўловда нархни сунъий ошириш – 184 та;
  • Бошқа турдаги қоидабузарликлар – 4 702 та.

Шунингдек, 41 702 та ҳолатда мурожаатлар такрорий ёки шикоят остида текширилаётган тадбиркорларга тегишли бўлгани учун рад этилган.

Мурожаатлар асосида 34 196 та солиқ рейдлари (сайёр текширувлар) ўтказилган ва улардан 98,8 фоизида ҳуқуқбузарликлар тасдиқланган.

Натижада, қонунбузарликни фош этган 34 139 нафар фуқарога жами 24,1 миллиард сўм миқдорида мукофот пуллари тўлаб берилди. Бу мукофот суммалари аниқланган жарима миқдорининг 20 фоизини ташкил қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Солиқ бузилишлари ҳақида хабар берган фуқароларга 24 миллиарддан ортиқ пул мукофоти тўланди