Ўзбошимча қурилган конструкцияларга “рейд” ва маданий объектлар ҳимояси
Президентнинг тегишли қарорига кўра, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб режа-график асосида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ва ҳокимликлар томонидан:
- сейсмик фаол зонада жойлашган сейсмик хавфсизлиги 3 ва 4 тоифага кирувчи кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиладиган жойларда (зинапоя йўлаклари, чердак ва умумий фойдаланишдаги ошхоналарда) ўзбошимчалик билан қурилган конструкциялар;
- кўп квартирали уйларнинг, шу жумладан уларнинг ертўла ва биринчи қаватидаги зилзилабардошликка таъсир қилувчи конструкцияларга ўзбошимчалик билан киритилган ўзгартиришлар аниқланади.
Аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади.
Ўзбекистон президентининг тегишли қарори билан Маданий мерос агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва маҳаллий ҳокимликлар 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб режа асосида ҳудудларнинг (вилоят, туман, шаҳар) бош режалари маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга оид талабларга мувофиқлигини текширади.
Саноат корхоналарининг “яшил белбоғи” ва эколог талабалар учун стипендиялар
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир президент фармонига кўра, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир йирик саноат корхонаси (атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи) томонидан ўз ва туташ ҳудудларида тегишли вазирлик билан келишилган лойиҳа асосида уч йил давомида “яшил белбоғ”лар барпо этишни бошлаши керак.
Президентнинг тегишли қарорига асосан, 2023 йил 1 сентябрдан олий таълим муассасаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмончилик, “яшил” иқтисодиёт ва гидрометеорология ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалари учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.
Бунда, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларнинг бир йиллик тўлов-контракт суммаси қопланган ҳолда, ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараварида, давлат гранти асосида таълим олаётган талабларга ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 бараварида Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиялар тайинланади.
Энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида ҳам хабар бериш мумкин
Президентнинг тегишли фармонига кўра, 2023 йил 1 сентябрдан аҳоли томонидан Энергетика вазирлигининг махсус ахборот тизимига юборилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Хусусан, ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида юборилган материалдаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш вазирлик ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
Банклар устав капитали 2 баробарга оширилади
“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра:
- 2023 йил 1 сентябрдан эътиборан банк устав капиталининг энг кам миқдори икки юз миллиард сўм;
- 2024 йил 1 апрелдан эътиборан — уч юз эллик миллиард сўм;
- 2025 йил 1 январдан эътиборан — беш юз миллиард сўм бўлиши керак.
Ҳозирда банкнинг энг кам устав капитали 100 миллиард сўм.
Сайёҳлик фирмаларига енгилликлар
“Туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида«ги президент қарори асосида 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги талаблар бекор қилинади:
- тур-агентларнинг электрон тўловлар, бронь қилиш хизматларини кўрсатадиган камида иккита хорижий тилдаги веб-сайтга эга бўлиши;
- туроператорларнинг электрон тўловлар хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши.
Судланганликни бепул “олиб ташлаш” ва адвокат ёрдамчилари
Президентнинг тегишли қарорига асосан, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг “Тезкор маълумотлар” ягона ахборот тизимида автоматик равишда онлайн шакллантирилади.
Шунингдек, судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланганлиги ҳақидаги маълумотнома судланганлик муддати тугаган ёки судланганлик олиб ташланган сананинг эртасидан кечиктирмасдан тегишли шахснинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига автоматик равишда бепул юборилади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясини амалга оширишга доир ҳужжат асосида 2023 йил 1 сентябрдан ОТМларда юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган битирувчи курс талабаларига адвокатлик тузилмаларида ўқишдан бўш вақтда адвокат ёрдамчиси сифатида иш фаолиятини олиб боришга рухсат берилади.
Болаларга текин музей, асал ва “Ўзбектелеком” ҳақида
2023 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган ва 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига, жумладан кўргазмалар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар, шунингдек, давлат музейларига тўловсиз кириш тартиби жорий этилади.
Асаларичилик тармоғини қўллаб-қувватлашга доир ҳукумат қарори асосида 2023 йил 1 сентябрдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва шифохоналардаги беморларнинг кунлик истеъмол рационига асал маҳсулотини киритиш масаласини кўриб чиқади.
Тегишли давлат ташкилотларининг таклифларига кўра, 2023 йил 1 сентябрдан “Ўзбектелеком” АК устав фондининг 2 фоизи миқдоригача қўшимча оддий акцияларни оммавий жойлаштириш (IPO)га рухсат берилади.
Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи ҳимояси ва ногиронларга енгилликлар
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2023 йил 1 сентябрдан:
- иш берувчилар томонидан ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш каби ҳолатлар бўйича мурожаатларни қабул қиладиган “Колл-марказ”ни ишга туширади;
- Вазирликка “Колл-марказ” орқали фуқаролардан тушаётган барча мурожаатларни умумлаштириш ва мурожаатлар бўйича ташкилотлардан зарур маълумотларни талаб қилиш ҳамда таъсир чораларини қўллаш ваколати берилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир президент қарори асосида 2023 йил 1 сентябрдан ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб этиш бекор қилинади.
Бунда, фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш ва ногиронликни белгилаш билан бир вақтда тегишли протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун тиббий хулоса тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимига киритилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг