
2025-йил сентябрь ойи якунига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6 миллион 167 минг сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан ўсишда давом этмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг юқори иш ҳақи Тошкент шаҳрида — 10,4 миллион сўм, Навоий вилоятида эса 7,6 миллион сўмни ташкил этди. Энг паст ойликлар Қашқадарё (4,2 миллион сўм) ва Сурхондарё (4,3 миллион сўм) вилоятларида қайд этилди.
Соҳалар бўйича таҳлилга кўра, суғурта соҳасида ишловчилар энг юқори даромадга эга бўлиб, ўртача 20,9 миллион сўм маош олмоқда. Энг паст ойлик эса мактабгача таълим тизимида — 2,7 миллион сўм атрофида.
Мутахассислар фикрича, мамлакат бўйлаб иш ҳақи миқдоридаги тафовутлар ҳудудлар иқтисодий фаоллиги, инвестиция ҳажми ҳамда меҳнат бозори талабига бевосита боғлиқ.