
Иқтисодиёт ва молия вазирининг қарори билан кўчмас мулкни оммавий баҳолашнинг аниқ ва яхлит услубиёти расман тасдиқланди. Бу орқали мамлакат миқёсида уй-жой, ер участкалари ва бошқа турдаги кўчмас мулкларнинг қийматини замонавий, автоматлаштирилган ва бозор шароитларига мос равишда аниқлаш жараёни йўлга қўйилади, деб хабар берди Norma.
Янги тизим Кадастр агентлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази томонидан амалга оширилади. Бу марказ давлат мулк бозорининг реал ҳолатини кузатиш, таҳлил қилиш ва ҳар бир объектнинг тахминий қийматини ҳисоблаш билан шуғулланади.
Янги тартибга кўра, оммавий баҳолаш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
Биринчидан, давлат мутасаддилари кўчмас мулк объектлари ҳақидаги муҳим маълумотларни йиғади. Бу маълумотлар қаторида уйлар, бинолар, ерлар тўғрисидаги техник маълумотлар, бозор нархлари ва аҳолининг фаол харидлари асосида шаклланган рақамлар бўлади.
Иккинчидан, оммавий баҳоланиши лозим бўлган объектлар белгиланган белгиларига кўра гуруҳларга ажратилади. Масалан, хонавий уйлар, хизмат кўрсатиш объектлари ёки ишлаб чиқариш бинолари алоҳида ҳисобга олинади.
Учинчидан, давлат кўчмас мулк бўйича нарх тенденцияларини ўрганади. Электрон савдо платформаларидаги эълонлар, нотариуслар орқали расмийлаштирилган шартномалар, тижорат банклари томонидан берилган гаров баҳолари каби омиллар асосида маълумотлар тўпланади ва таҳлил қилинади.
Тўртинчидан, ҳар бир объектнинг нархига таъсир этувчи омиллар ва уларнинг коэффициентлари аниқланади. Яъни, объект жойлашган ҳудуд, унинг майдони, таъмир ҳолати ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олинади.
Бешинчидан, ана шу маълумотлар асосида автоматлаштирилган усулда баҳолаш натижалари шакллантирилади ва маълумотлар базасига киритилади.
Оммавий баҳолаш жараёни босқичма-босқич амалга оширилади:
- 2025–2026 йилларда тажриба сифатида фақат Тошкент шаҳрида;
- 2026–2027 йилларда Нукус ва барча вилоят марказларида;
- 2027 йилдан бошлаб эса бутун мамлакат ҳудудида тўлиқ жорий этилади.
Мутахассислар фикрича, ушбу тизим орқали мамлакат бўйлаб кўчмас мулк бозоридаги адолатли ва шаффоф нарх шаклланишига замин яратилади. Шунингдек, солиқ ва мол-мулк ҳисоботларида ҳам аниқлик ва тизимли ёндашув таъминланади.
Янги услубият уй-жой сотувчилари, харидорлар ва давлат ташкилотлари учун ягона, ишончли ва автоматик баҳолаш механизмини яратишни мақсад қилади. Шу орқали молиявий хатарлар камайиши, гаров ва солиқлар тўғри ҳисобланиши ҳамда ижтимоий тенглик таъминланиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар