date

Ўтган ойда 28 мингдан ортиқ ота-оналар суюнчи пулини олди


Ўзбекистонда сентябрь ойида суюнчи тўловлари амалга оширилди. Янги туғилган чақалоқлар учун 25 миллиард сўм суюнчи тўланди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, сентябрь ойи давомида Ўзбекистон бўйлаб 28 мингдан зиёд фуқароларга фарзанд туғилганида бериладиган бир марталик суюнчи пули тўланган.

Маълумотга кўра, жами 40,6 минг нафар фуқаро учун 47,9 миллиард сўм миқдорида бир марталик нафақа тўловлари амалга оширилган. Шунинг 25,6 миллиард сўми — яъни 28 784 нафар ота-онага фарзанд туғилгани муносабати билан суюнчи пули сифатида берилган. Шунингдек, 11 827 нафар фуқарога яқинларини дафн этиш учун 22,3 миллиард сўмлик нафақа тўланган.

Суюнчи нафақасини олиш учун бола туғилгандан сўнг олти ой ичида унинг отаси ёки онаси шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан “Халқ банки”нинг исталган филиалига мурожаат қилиши ёки “Хазна” мобил иловаси орқали онлайн тарзда ариза юбориши мумкин.

Дафн этиш нафақаси ҳам худди шу тартибда тўланади — ФҲДЁ бўлими томонидан берилган гербли ўлим гувоҳномаси асосида пул белгиланган шахсга ажратилади. Бироқ агар мурожаат қилувчи шахс ҳуқуққа эга бўлмаса, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса ёки ўлим қайд қилинганидан сўнг 60 кундан кейин ариза берилса, тўлов амалга оширилмайди.

Ҳозирги кунда суюнчи нафақасининг расмий миқдори 893 513 сўмни, дафн этиш нафақаси эса 1 884 000 сўмни ташкил этади.

Аввалроқ айрим ижтимоий тармоқларда суюнчи пули белгиланган миқдордан кам тўланмоқда деган хабарлар тарқалган эди. Миллий агентлик бу маълумотларни расман рад этди ва тўловлар белгиланган тартибда амалга оширилаётганини тасдиқлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўтган ойда 28 мингдан ортиқ ота-оналар суюнчи пулини олди