Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги миграция жараёнларида янги қадам ташланиши мумкин. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг маълум қилишича, яқин вақтларда ҳар икки давлат фуқаролари бир-бирининг ҳудудига фақат ички паспортдан фойдаланиб кириш имкониятига эга бўлади.
Унга кўра, бу масала юзасидан музокаралар ҳозирда давом этмоқда. Шу билан бирга, зарур ички давлат тартиб-таомиллари ўтказилаётгани таъкидланди. “Томонлар айрим жиҳатлар бўйича келишув ишларини олиб боришмоқда. Шу сабабдан, ҳозирча аниқ муддатларни айтишга эрта”, – дея “Известия” нашрига маълум қилди вазирлик вакили.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил май ойида Ўзбекистон ҳукумати Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон фуқароларининг мамлакатга 30 кунгача бўлган муддатга ички паспорт ёки ID-карта асосида кириши, болалар эса махсус “Kinder passport” билан ташриф буюриши мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилиш имкониятини кўриб чиққан эди. Мазкур ташаббус Президент Шавкат Мирзиёевнинг 15 май куни имзолаган фармонида белгиланган бўлиб, у мамлакатга саёҳатчилар оқимини кескин оширишни кўзда тутади.
Айни пайтда Ўзбекистон ва Россия ўртасида визасиз тартиб амал қилмоқда. Аммо Россия фуқароларининг Ўзбекистонга ташрифи учун ҳозирча хорижий паспорт талаб қилинади. Шу билан бирга, улар мамлакатга 15 кундан ортиқ муддатга келган тақдирда, 15 кундан кечиктирмай вақтинчалик рўйхатдан ўтишлари шарт.
Ўз навбатида, Ўзбекистон фуқаролари ҳам Россияга кириш учун “қизил” (загран) паспортдан фойдаланишмоқда. Россияга келган ҳар бир фуқаро давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 7 иш куни ичида Россия ИИВнинг миграция масалалари бўйича ҳудудий бўлимларида рўйхатдан ўтиши шарт қилиб белгиланган.
Шунингдек, 2025 йил 30 июндан бошлаб Россияга визасиз тартибда келаётган барча хорижий фуқаролар “Gosuslugi RuID” мобил иловаси орқали олдиндан рўйхатдан ўтиши ва QR-код олиши талаб қилинади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!