date

Сиднейда тун ярмидаги отишма шаҳарни қўрқувга солди

Сиднейда тун ярмидаги отишма шаҳарни қўрқувга солди

Австралиянинг Сидней шаҳри кеча, 5 октябрь куни шовқин-сурон, ваҳима ва қўрқувга тўлган тунни бошидан кечирди. Бир эркак ўз уйининг ойнасидан кўчадаги одамларга қарата ўқ узди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри маълум қилди. Ҳодиса натижасида 16 нафар киши турли даражада тан жароҳати олди.

Маълумотларга кўра, отишма кечқурун, одамлар дам олаётган вақтда бошланган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, эркак камида эллик марта ўқ узган, баъзи манбалар бу рақам юзтагача етиши мумкинлигини айтади. Ўқ овозлари эшитилиши билан ҳудуд полиция томонидан тўсиб қўйилди. У ўз қуролидан ҳайдовчиларга, биноларга, ҳатто полиция машиналарига қарата ҳам ўт очгани маълум қилинди.

Полицияни чақириш вақтида ҳам вазият кескин бўлган — гумондор эркак таслим бўлишдан бош тортган, ҳуқуқ-тартибот идоралари эса уни қуролсизлантириш учун «ўқ ёмғири» остида ҳаракат қилган.

Отилган ўқлар натижасида яқин атрофдаги бир неча бинолар, айниқса, кўча бурчагидаги кафе ва дўконларга зарар етган. Кафе эгаси айтишича, дастлаб икки марта ўқ овозини эшитган, аммо нима бўлаётганини англамай, меҳмонлар овқатланишда давом этган. Бир неча сониядан сўнг узлуксиз отишмалар бошланган, ички ҳавода ўқ-дорининг ҳиди тарқалган. Полиция жамоатга «жойларингиздан чиқманг, ичида қолинг» деган кўрсатма берган.

Ҳодиса ортидан олти киши шифохонага ётқизилган, улардан бири оғир аҳволда экани айтилмоқда. Икки эркак ойнадан сачраган шиша бўлаклари туфайли жароҳат олган ва уларга воқеа жойида ёрдам кўрсатилган. Умуман олганда, енгил тан жароҳати билан 16 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилган.

Янги Жанубий Уэльс полицияси маълумот беришича, гумондор ҳибсга олинган ва унинг қуроли мусодара қилинган. Унинг ўзи ҳам қўлга олиш пайтида тан жароҳати олган ва ҳозир шифохонада. Воқеа жойида полиция тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда, кўчалар ёпиқ, транспорт ҳаракати вақтинча чекланган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сиднейда тун ярмидаги отишма шаҳарни қўрқувга солди