date

Ер юзида неча миллиондан ортиқ инсон бошпанасиз еканлиги аниқланди

Ер юзида неча миллиондан ортиқ инсон бошпанасиз еканлиги аниқланди

Дунё аҳолисининг саккиздан бири норасмий уйларда яшайди

БМТ уйсизлик муаммоси бутун сайёрани қамраганини билдирди

БМТнинг сўнгги ҳисоботида маълум қилинишича, дунё бўйлаб 300 миллиондан зиёд одамлар бошпанасиз, яъни доимий турар жойсиз ҳаёт кечирмоқда. Шу билан бирга, сайёра аҳолисининг ҳар саккизинчи қисми норасмий аҳоли пунктларида яшашга мажбур. Бу ҳақда ташкилот ўз баёнотида маълум қилди.

Маълумотларга кўра, уй-жой муаммоси фақат ривожланаётган ёки камбағал давлатлар билан чекланмайди. Масалан, иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар — жумладан, Америка Қўшма Штатларида ҳам минглаб ёшлар уй сотиб олиш имконига эга эмас. Ижара нархларининг ошиб бориши ва иш ҳақининг барқарор ўсмаслиги бу масалани янада оғирлаштирмоқда.

БМТ ҳар йили октябрь ойининг биринчи душанбасини “Бутунжаҳон Ҳабитат куни” сифатида нишонлайди. Бу сана ҳар бир инсоннинг муносиб турар жойда яшаш ҳуқуқига эътибор қаратиш ҳамда шаҳарлар ва аҳоли пунктларини барқарор ривожлантириш зарурлигини дунё ҳамжамиятига эслатиш мақсадини кўзлайди.

2025 йилги Ҳабитат куни “Инқироз учун шаҳар ечимлари” шиори остида ўтказилади. Ташкилот бу орқали мажбурий кўчирилиш, бошпана етишмаслиги ва уйсизлик муаммоларига кенг кўламли ечимлар таклиф қилишни мақсад қилган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўз мурожаатида қуйидагиларни таъкидлади:

“Бугунги кунда можаролар, сиёсий беқарорлик ва иқлим ўзгариши оқибатида 123 миллиондан зиёд инсон ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Улар хавфсизлик ва барқарорлик излаб, аҳоли зич жойлашган шаҳарлар ёки қишлоқларга йўл олмоқда”.

Гутерришнинг таъкидлашича, айнан шаҳарлар бу муаммоларга самарали ечим таклиф қилишга қодир. Инфратузилмани ривожлантириш, арзон уй-жой дастурларини кенгайтириш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш асосий йўналиш бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг аввалги ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб 733 миллион киши очликдан азият чекмоқда. Шу билан бирга, ҳар куни бир миллиарддан ортиқ порция яроқли озиқ-овқат ташлаб юборилади. Бу миқдордаги овқат очликдан қийналаётган ҳар бир инсонни камида бир марта тўйинтириш учун етарли экани қайд этилган.v

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ер юзида неча миллиондан ортиқ инсон бошпанасиз еканлиги аниқланди