
2026 йил январ ойидан бошлаб Ўзбекистон аҳолиси тиббий хизматлар сифатини баҳолаш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувда маълум қилди.
“Бугун одамларнинг ҳаётга муносабати, талаб ва дунёқараши ўзгармоқда. Бу эса тиббиётда сифатни оширишни талаб этади. Ноябр-декабр ойларида тайёргарлик кўрамиз ва январдан халқ фикрини инобатга оладиган тизимни жорий қиламиз”, – деди президент.
Бундан ташқари, 26 та тиббиёт маркази раҳбарлари, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бошлиқлари ҳамда поликлиника мудирлари ойлик режалар асосида фаолият олиб боради.
Улар телевидение ва ижтимоий тармоқларда аҳоли билан мулоқот қилиб, энг кўп учрайдиган касалликлар ва уларни камайтириш йўллари ҳақида маълумот беришади. Шунингдек, шифокорлар тиббий кўриклар аҳамияти, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва соғлиқни асраш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришади.
Тиббиёт марказлари раҳбарлари энг оғир ҳудуд ва маҳаллаларга бориб, касалликлар сабабларини ўрганади, ечимлар излайди ҳамда маҳаллий шифокорларни замонавий даволаш усуллари билан таништиради.