
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик департаменти 2026 йилда АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати олдидан ватандошларни виза масаласини олдиндан ҳал қилишга чақирди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, АҚШ томони визалар бериш инфратузилмасини сезиларли даражада яхшилаб, айрим давлатларда суҳбат учун кутиш муддатини 6-8 ҳафтагача қисқартирган. Аммо келаётган чемпионат сабабли визага бўлган талаб ошишда давом этиши мумкинлиги таъкидланган.
Шу билан бирга, чемпионатга чиптага эга бўлиш АҚШ визасини олишни ёки мамлакатга киришни кафолатламайди. Чипта фақат суҳбатга тезроқ ёзилиш имконини беради.
Бироқ барча стандарт текширувлардан ўтиш шарт бўлиб қолади. Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга фақат расмий манбалардан чемпионат чипталарини сотиб олишни, ноқонуний иш таклифларига учмасликни ва турист визаси меҳнат қилиш ҳуқуқини бермаслигини ёдда тутишни тавсия қилмоқда.
Шунингдек, АҚШнинг миграция қоидаларига риоя қилиш ўзбекистонликлар учун келгусидаги қарорлар ва имкониятларга таъсир қилиши таъкидланган. Қоидаларга риоя қилиш икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлайди ҳамда саёҳат ва бизнес учун қўшимча имкониятлар яратади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.