
Россиянинг Wildberries савдо платформаси Ўзбекистонда WB Taxi хизматини техник синов тарзида ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Kursiv Uzbekistan нашри маълум қилди.
Компания вакилларининг таъкидлашича, дастлабки босқичда хизмат "ёпиқ клуб" шаклида фаолият юритади. Бу эса бошқариладиган стартни таъминлаш ва йўловчиларга қулай шароитлар яратишга имконини беради.
Аввал хизматни савдо платформаси ходимлари ва ҳамкорлари синаб кўради. Улар, шунингдек, келажакдаги йўловчилар учун қулай тарифлар, тез етиб келувчи автомобиллар ва "арбуз" номли онлайн-валютада 50 фоиз кешбек таклиф этилади.
"Ёпиқ клуб формати бизга хизматни ривожлантириш масалаларига максимал эътибор қаратиш имконини беради. Маҳсулотни босқичма-босқич ишга туширамиз ва тизимнинг барча элементларини синчковлик билан кузатамиз.
Клуб иштирокчиларининг фикрлари бизга хизматни яхшилаш ва кенгайтиришга тайёргарлик кўришда ёрдам беради", — деди WB Taxi раҳбари Анатолий Сморгонский. WB Taxi ҳайдовчиларга ҳам қулай шарт-шароитларни ваъда қилмоқда: паст комиссия ва хизмат шартлари бажарилганда смена учун кафолатланган даромад.
Кейинги босқичда WB Taxi иш ҳудудларини кенгайтириш ва хизматни барча фойдаланувчилар учун очишни режалаштирмоқда. Эслатиб ўтамиз, ёз мавсумида Wildberries’нинг Ўзбекистондаги шўъба компанияси WB Taxi компаниясини рўйхатдан ўтказган эди.
Шунга ўхшаш хизмат ҳозирда Беларусда тестдан ўтказилмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.