
Жанубий Кореянинг Интеллектуал мулк вазирлиги Ўзбекистонга патентлар ва товар белгиларини бошқарув тизимини етказиб беради. Бу ҳақда Yonhap ахборот агентлиги хабар берди.
Ушбу ускуналар Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) лойиҳаси доирасида 13,4 миллиард вон (тахминан 9 миллион АҚШ доллари) қийматида етказиб берилмоқда. Бу Кореянинг хорижга энг йирик тизим етказиб бериш лойиҳаси ҳисобланади.
"Биз Ўзбекистоннинг интеллектуал мулк бошқарувини модернизация қилиш ва самарали такомиллаштириш учун барча имкониятларни сафарбар қиламиз", — деди Интеллектуал мулк бюроси ахборот бўлими директори Чонг Же Хван Yonhap агентлигига. Янги тизим сунъий интеллект (AI) асосида ишлайди.
Платформа маъмурий вазифаларни ҳал этиш, жумладан, таснифлаш, излаш, очиқ маълумот қидируви ва статистик ҳисоботларни юритишда қўлланилади. Лойиҳа доирасида тизимни барқарорлаштириш, техник ёрдам кўрсатиш ҳамда Ўзбекистон давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ҳам режалаштирилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.