date

Ўзбекистонда дипломатик ваколатхоналар учун бино ва ерга эгалик қилиш тартиби қайта кўриб чиқилди

Ўзбекистонда дипломатик ваколатхоналар учун бино ва ерга эгалик қилиш тартиби қайта кўриб чиқилди

Ўзбекистонда хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва ТИВ ҳузурида аккредитациядан ўтган уларга тенглаштирилган ташкилотларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилинди. Ҳужжат республика ҳудудида хорижий миссияларнинг кўчмас мулкни эгалик қилиш, сотиб олиш ва ундан фойдаланиш механизмларини янгилайди, шунингдек дипсервис фаолиятини ислоҳ қилади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.

Қарорга мувофиқ, “Дипломатик сервис хизмати” давлат унитар корхонаси давлат муассасасига айлантирилди.

Янги тартибда дипломатик корпусга бино ва ер участкаларини бериш аниқ қоидалар асосида йўлга қўйилади. Асосий ёндашув — паритет ва давлатлараро келишув: эндиликда мулкни дипломатик миссиялар ихтиёрига ўтказиш фақат ўзаро тенг шартлар асосида, тегишли давлат билан халқаро шартнома тузилган тақдирдагина мумкин.

Агар халқаро битимларда бошқача қоида белгилаб қўйилмаган бўлса, кўчмас мулк дипломатик миссияларга бозор қийматида ва фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида реализация қилинади.

Шу билан бирга, дипломатик ваколатхоналар Ўзбекистондаги жисмоний шахслар ҳамда нодавлат юридик шахслардан ҳам кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлди. Бундай ҳолатда миссия дипсервисни хабардор қилиб, объектнинг фойдаланиш мақсади, майдони ва жойлашувини кўрсатиши шарт.

Ҳужжат хорижий ваколатхоналар фойдаланаётган барча объектларни тўлиқ текширишни назарда тутади. Икки ой муддатда дипломатик миссиялар тасарруфидаги бино ва ер участкалари ялпи инвентаризациядан ўтказилади. Кадастр ҳужжатлари ёки ижара шартномалари тўлиқ расмийлаштирилмаган объектларга алоҳида эътибор қаратилади.

Текширув якунида кўчмас мулкка доир ҳуқуқлар қонуний ҳолатга келтирилади: бу паритет шартлари асосида олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш ёки узоқ муддатли ижара шартномаларини тузишни англатади. Мақсад — дипломатик кўчмас мулкдан фойдаланишни тизимлаштириш ва ҳуқуқий мақоми ноаниқ объектларни бартараф этиш.

Янги тизимда ТИВ ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати хорижий миссияларни жойлаштириш масалаларини мувофиқлаштирувчи асосий орган этиб белгиланди. Дипсервис аккредитациядан ўтган дипломатик ва халқаро ташкилотлар эҳтиёжи учун бино қуриш, реконструкция ва капитал таъмирлашда ягона буюртмачи сифатида ишлайди.

Шунингдек, хизмат биноларни ижарага бериш, объектлардан фойдаланиш шартларига риоя этилишини назорат қилиш, дипломатик корпус учун маиший ва ижтимоий шароитларни ташкил этишда — дам олиш, тиббий хизмат ҳамда маданий тадбирлар бўйича ҳам кўмаклашади.

Қарор кўчмас мулк битимларида молиявий шаффофликни кучайтиради. Дипломатик ваколатхоналарга объект сотаётган жисмоний шахслар ва нодавлат юридик шахслар Солиқ кодексига мувофиқ солиқларни тўлаши лозим.

Битим ҳақида хабарнома келиб тушганидан сўнг Дипсервис уч иш куни ичида маълумотларни солиқ органлари ва кадастр идораларига юборади. Бу объектлар ва уларнинг эгалари ҳисобга олиниши, шунингдек дипломатик кўчмас мулк бўйича операциялар назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда дипломатик ваколатхоналар учун бино ва ерга эгалик қилиш тартиби қайта кўриб чиқилди