Тошкентда ўртача иш ҳақи 10,3 млн сўмдан ошди

2025 йил якунларига кўра, Тошкент Ўзбекистонда аҳолининг даромадлари энг юқори бўлган шаҳар мақомини сақлаб қолди. Пойтахтда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 10,3 миллион сўмга етди, дея маълум қилди Миллий статистика қўмитаси. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Даромадлар ўсиши ҳудудларда ҳам сезиларли бўлди. Хусусан, Наманган вилоятида иш ҳақи 22,8% га, Сирдарёда 20,8% га, Жиззахда 20,5% га ошди. Энг паст ўсиш Андижон вилоятида қайд этилиб, кўрсаткич 13,4% ни ташкил этди.
Мамлакат бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи (дастлабки маълумотларга кўра) 6,38 миллион сўмга етган.
Тармоқлар кесимида энг юқори маош молия секторида сақланиб қолмоқда: банк, суғурта ва лизинг йўналишлари ходимлари ўртача 17,59 миллион сўм олади. Сўнгги беш йилда бу соҳада даромадлар қарийб икки баробар ошгани қайд этилди.
IT йўналиши ҳам сезиларли сакраш кўрсатди: ахборот ва алоқа соҳасидаги мутахассислар даромади беш йил давомида 9,7 миллион сўмга кўпайиб, бу тармоқни маошлар бўйича иккинчи ўринга олиб чиқди.
Узоқ муддатли ўсиш бўйича кучли учликни транспорт ва логистика соҳаси якунлайди. Бу йўналишда ўртача иш ҳақи 2021 йил кўрсаткичларига нисбатан 5,4 миллион сўмга ошган.
Сўнгги бир йилдаги ўсиш суръатлари орасида эса санъат, кўнгилочар ва дам олиш соҳаси ажралиб турди. Ҳали ҳам етакчи тармоқлардан ортда бўлса-да, бу йўналишда ишловчиларнинг даромади чоракдан кўпроқ ошиб, 5,44 миллион сўмга етди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!