date

2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсди: ЯИМ 1,8 квадриллион сўмдан ошди

2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсди: ЯИМ 1,8 квадриллион сўмдан ошди

Статистика миллий қўмитасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил январ–декабр ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти жорий нархларда 1,85 квадриллион сўмни ташкил этди. 2024 йилнинг шу даврига нисбатан реал ўсиш 7,7 фоиз бўлди. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар беради.

ЯИМ дефлятори 2024 йил январ–декабр нархларига нисбатан 111,9 фоиз даражасида қайд этилди. Тармоқлар кесимида нархлар ўсиши энг юқори кўрсаткичларни саноатда (115,1 фоиз), ташиш ва сақлаш ҳамда ахборот ва алоқа йўналишларида (113,0 фоиз), шунингдек бошқа хизматларда (112,1 фоиз) кўрсатди. Республика ўртача даражасидан паст дефлятор қурилишда (105,9 фоиз), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида (107,8 фоиз), савдо ҳамда яшаш ва овқатланиш хизматларида (108,8 фоиз) кузатилди.

Ҳисобот давридаги ўсиш асосий тармоқлардаги ижобий динамикалар ҳисобига таъминланди. Барча тармоқларда яратилган ялпи қўшилган қиймат ЯИМнинг 95,6 фоизини шакллантириб, 7,7 фоизга ошди ва умумий ўсишга 7,4 фоиз пункт ҳисса қўшди. Маҳсулотларга соф солиқлар ЯИМнинг 4,4 фоизини ташкил этиб, 7,4 фоизга кўпайди ва ўсишга яна 0,3 фоиз пункт қўшди.

2025 йил якунида ЯИМ таркибида кичик ўзгаришлар қайд этилди: хизматлар улуши 48,2 фоиздан 48,6 фоизга, саноат улуши 26,1 фоиздан 26,8 фоизга, қурилиш улуши 7,2 фоиздан 7,3 фоизга кўтарилди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг улуши эса 18,5 фоиздан 17,3 фоизга қисқарди.

Саноатда яратилган ялпи қўшилган қиймат йил якунида 472,7 трлн сўмга етди ва 2024 йилга нисбатан 6,8 фоизга ўсди. Асосий драйвер қайта ишлаш саноати бўлиб, ушбу йўналишда қўшилган қиймат 7,7 фоизга ошди.

Қурилишда ялпи қўшилган қиймат 129,2 трлн сўмни ташкил этди, бажарилган ишлар ҳажми эса 14,0 фоизга кўпайди. Хусусан, бино ва иншоотлар қурилиши 7,4 фоизга, фуқаролик объектлари қурилиши 30,8 фоизга, ихтисослашган қурилиш ишлари 38,4 фоизга ўсди.

Хизматлар соҳасида яратилган ялпи қўшилган қиймат 859,9 трлн сўмга етиб, 8,5 фоизга ошди. Энг тез ўсиш ахборот ва алоқа хизматларида (23,9 фоиз), савдода (13,6 фоиз), яшаш ва овқатланиш хизматларида (10,4 фоиз), ташиш ва сақлашда (10,1 фоиз) кузатилди. Бошқа хизматлар 5,4 фоизга кўпайди.

Савдо тармоғи қўшилган қийматида энг катта улуш автотранспорт воситаларисиз чакана савдога тўғри келди — 54,7 фоиз. Автотранспорт воситаларисиз улгуржи савдо 32,9 фоизни, автотранспорт воситаларининг улгуржи ва чакана савдоси ҳамда таъмирлаш ишлари 12,4 фоизни эгаллади.

Йил якунида ташиш ва сақлашнинг ЯИМдаги улуши 5,5 фоиз бўлди. Ушбу тармоқ қўшилган қиймати таркибида автомобил транспорти 56,4 фоиз билан етакчилик қилди. Қувур транспорти 10,1 фоизни, темир йўл 7,3 фоизни, транспортга ёрдамчи фаолият 17,5 фоизни, ҳаво транспорти 8,7 фоизни ташкил этди.

2025 йил январ–декабр ойларида жон бошига ЯИМ 48,8 млн сўмга етди, реал ўсиш 5,7 фоизни ташкил қилди. Таққослаш учун, 2024 йилнинг шу даврида жон бошига ЯИМ 41,3 млн сўм бўлиб, реал ўсиш 4,5 фоиз даражасида қайд этилган.

Йил якунларига кўра, ахборот-коммуникация технологиялари хизматларининг иқтисодиётдаги улуши 2,7 фоиз бўлди. АКТ хизматлари қўшилган қиймати таркибида алоқа хизматлари 32,9 фоизни, компьютер дастурлаш, консалтинг ва боғлиқ хизматлар 46,3 фоизни, маълумотларни жойлаштириш ва қайта ишлаш ҳамда веб-портал хизматлари 11,9 фоизни, дастурий таъминот ишлаб чиқариш 5,9 фоизни, компьютерлар ва алоқа ускуналарини таъмирлаш 3,0 фоизни ташкил этди.

2025 йилда кичик тадбиркорлик субъектлари 923,5 трлн сўм ялпи қўшилган қиймат яратди — бу иқтисодиёт умумий кўрсаткичининг 52,2 фоизи. Кичик бизнес қўшилган қиймати таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 30,9 фоиз, хизматлар 43,9 фоиз, саноат 14,6 фоиз, қурилиш 10,6 фоиз улушга эга бўлди.

Тармоқлар кесимида кичик тадбиркорликнинг ҳиссаси қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 93,1 фоизга, қурилишда 75,6 фоизга, хизматлар соҳасида 47,2 фоизга, саноатда 28,5 фоизга етди.

Кузатилмайдиган иқтисодиёт (уй хўжаликлари, жисмоний шахслар фаолияти ва яширин секторни қўшиб) 2025 йил январ–декабр якунида 498,0 трлн сўмни ёки ЯИМнинг 26,9 фоизини ташкил этди. Шундан уй хўжаликлари ва жисмоний шахслар фаолиятига 351,0 трлн сўм (ЯИМнинг 19,0 фоизи), яширин иқтисодиётга 147,0 трлн сўм (7,9 фоиз) тўғри келди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсди: ЯИМ 1,8 квадриллион сўмдан ошди