Тошкентда 2,3 млн долларлик айланмага эга наркотармоқ фош этилди

Тошкент шаҳрида Telegram-бот орқали гиёҳванд моддаларни сотишни йўлга қўйган, тўловларни эса криптовалютада аноним қабул қилган уч нафар эркак қўлга олинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, жиноий гуруҳнинг умумий айланмаси қарийб 2,3 млн долларни ташкил этган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Махсус тадбир Юнусобод туманида ўтказилган. Гумонланувчилар айнан шу ҳудудда канални бошқариш, буюртмаларни қабул қилиш ва қайта ишлаш билан шуғуллангани айтилмоқда.
Ўтказилган тинтувлар давомида ноутбук ва телефонлар, SIM-карталар ҳамда банк карталари, шунингдек, катта миқдордаги гиёҳванд моддалар мусодара қилинган. Гумонланувчилардан бирининг хонадонда сотувга тайёр ҳолатдаги 550 доза кучли таъсир қилувчи модда аниқланган.
Тергов версиясига кўра, гуруҳ минглаб операцияларни хориждаги криптоҳамёнлар орқали амалга ошириб, даромад манбаини яширишга уринган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг бир неча моддаси, жумладан гиёҳванд моддалар ноқонуний муомаласи ва жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ бандлар бўйича жиноят иши қўзғатилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!