Сунъий интеллект орқали шахсий маълумот суиистеъмолига жазо кучайди

Ўзбекистонда шахсга доир маълумотларга сунъий интеллект ёрдамида қонунга хилоф ишлов бериш ва уни оммага тарқатиш учун маъмурий жавобгарлик қатъийлаштирилди. Энди бундай ҳолат аниқланса, ҳуқуқбузарлик содир этишда фойдаланилган “қурол” — яъни телефон, компьютер, сервер, ташувчи ёки бошқа техника воситалари мусодара қилиниши, шунинг ўзи билан бирга йирик миқдорда жарима қўлланиши мумкин.
Қонун билан «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунга қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Улар, бир томондан, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг умумий асосларини белгилашга, иккинчи томондан эса мазкур йўналишда ваколатли давлат органининг вазифа ва ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган.
Яна бир муҳим нуқта — қонунда сунъий интеллект тушунчасига аниқ таъриф берилди: у инсон билим ва кўникмаларига тақлид қилиш, мустақил ўрганиш, ечим излаш ва аниқ вазифаларни бажаришда инсон ақлий фаолияти натижаларига яқин натижа бера оладиган технологик ечимлар мажмуаси сифатида кўрсатилган. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қиладиган юридик аҳамиятга эга қарорларда фақат сунъий интеллект асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосасига таяниб кетиш мумкин эмаслиги ҳам алоҳида қайд этилди.
Энг кўп муҳокама бўлаётган қисм эса маъмурий жавобгарлик: сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф ишлов бериш, шунингдек, уларни ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет орқали тарқатиш учун ҳуқуқбузарлик воситасини мусодара қилиш билан бирга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима солиш белгиланди (ҳисоб-китобга кўра, 41,2 млн сўмгача).
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киргани айтилмоқда. Демак, бу масалада “кейин кўрамиз” деган гап йўқ: шахсий маълумот билан ишлайдиганлар — айниқса контент, реклама, SMM, медиа ва IT соҳасидагилар — ҳозирнинг ўзидаёқ маълумотни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва тарқатишда қонун талабларини қайта текшириб олиши керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!