date

Тошкентда йил якунигача 18 та туристик кўча очилади

Тошкентда йил якунигача 18 та туристик кўча очилади

Президент Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни Мирзо Улуғбек туманидаги «Ўзбекистон овози» кўчасида ташкил этилган гастрономик туризм маскани фаолияти билан танишди. Мазкур лойиҳа давлат раҳбарининг 2022 йил 30 апрелдаги ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қарори асосида амалга оширилди. Россиянинг «Cитй Макерс» ва «Люди Архитекторс» бюролари лойиҳаси асосида реконструкция қилинган объект 2025 йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Spot.uz хабар беради.

Умумий узунлиги 2,1 километр бўлган кўчада замонавий инфратузилма яратилган: кенг пиёдалар ва велосипед йўлаклари, селфи зоналари, очиқ спорт майдончалари, оилавий дам олиш масканлари ва болалар учун эко-майдончалар барпо этилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 40 млрд сўмни ташкил этади. Ҳозирда бу ерда 165 та савдо нуқтаси фаолият кўрсатмоқда, улардан 89 таси туну кун ишлаш режимига ўтган. Натижада 2 221 та янги иш ўрни яратилди.

Тошкентдаги туристик ва гастрономик кўчалар бўйича берилган маълумотга кўра, ўтган йили пойтахтнинг 26 та кўчаси 24/7 иш режимига ўтказилган. Бунинг учун 540 млрд сўм маблағ йўналтирилиб, 1 103 та янги савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилди. Бу чора-тадбирлар натижасида хизматлардан фойдаланувчилар сони суткасига 80 мингдан 200 минг кишига етди, 6 минг киши иш билан таъминланди.

Жорий йилда Тошкентда яна 18 та янги туристик кўча ташкил этиш, 500 та объектни ишга тушириш ва 7 мингга яқин иш ўрни яратиш режалаштирилган. Давлат раҳбари мутасаддиларга Мирзо Улуғбек туманида гастрономик туризм имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, хизматлар сифатини ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда йил якунигача 18 та туристик кўча очилади