Эртага айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилмоқда

Ўзгидромет мутахассисларининг прогнозларига кўра, эртага, 22 апрель куни мамлакатимизнинг бир қатор вилоятларида ёғингарчилик кузатилиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли бўлиб, куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор. Шарқий йўналишдаги шамол ўз ўрнини ғарбий шамолга бўшатиб, сониясига 3-8 метр тезликда эсади, баъзида эса 12-14 метргача кучайиши мумкин. Тунда ҳарорат 17-19 даража атрофида бўлса, кундузи қуёш ҳавони 24-26 даражагача иситади.
Қорақалпоғистон ва Хоразм воҳасида ҳаво ўзгарувчан қиёфа касб этади. Айрим жойларда тез ўтувчи ёмғир ёғиб, момақалдироқ чақнаши мумкин. Ғарбдан эсаётган шамолнинг тезлиги сониясига 13-18 метргача кўтарилиши ва баъзи ҳудудларда чанг-тўзонларни кўтариши мумкин. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи эса 18-23 даражани ташкил этади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам об-ҳаво беқарор бўлиб, баъзи нуқталарда ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиб, чангли бўронлар кузатилишидан огоҳлантирилмоқда. Кечаси ҳарорат 13-18 даража, кундузи эса 20-25 даража илиқ бўлади.
Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида эса ҳаво булутли бўлиб, момақалдироқ билан бирга ёмғир ёғиши кутилмоқда. Шарқий шамол йўналишини ғарбга ўзгартириб, кучли эсади. Чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли мавжуд. Ҳарорат кечаси 15-20 даража, кундузи эса 22-27 даража илиқ бўлиши прогноз қилинмоқда.
Қашқадарё ва Сурхондарёнинг иссиқ иқлимида ҳам эртага намлик ортади. Вилоятларнинг айрим жойларида ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол тезлиги сониясига 18 метргача кучайиши эҳтимоли бор. Кечаси 17-22 даража, кундузи эса ҳақиқий баҳор иссиғи — 24-29 даража бўлади.
Водий вилоятларида (Андижон, Наманган, Фарғона) кун давомида ҳаво яхши бўлади, фақат кечга яқин баъзи жойларда ёмғир томчилаши мумкин. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат тунда 13-18, кундузи 22-27 даража илиқ бўлади.
Тоғли ҳудудларда эса эҳтиёткорлик талаб этилади.
Тоғолди ва тоғли туманларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Энг муҳими, 21-23 апрель кунлари кучли ёғингарчилик сабабли сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши хавфи бор. Шамол тезлиги тоғларда сониясига 15-20 метргача етиши мумкин. Ҳарорат тунда 7-12 даража илиқ, кундузи 13-18 даражани ташкил этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!