Анже Постекоглу УЕФА техник кузатувчиси лавозимига расман тайинланди

"Тоттенхэм" ва "Ноттингем Форест" клубларининг собиқ бош мураббийи Анже Постекоглу УЕФАда нуфузли лавозимни эгаллади. 60 ёшли мутахассис ташкилотнинг техник кузатувчиси этиб тайинланди ва ўзининг илк вазифасини бажариш учун "Энфилд" стадионига ташриф буюрди. У Европа футболи бошқарув органи учун замонавий ўйинлардаги тактик тенденцияларни аниқлашга кўмаклашади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Австралиялик мутахассис 2026 йил январь ойидан расман ўз вазифасига киришди. У Гарет Саутгейт, Роберто Мартинес ва Оле Гуннар Сульшер каби таниқли мураббийлардан иборат таҳлилий гуруҳга қўшилди. Постекоглу эндиликда Европа Чемпионлар лигаси ва бошқа нуфузли мусобақаларнинг марказида бўлиб, ўйинларни бевосита стадионлардан кузатиб боради.

Постекоглунинг биринчи йирик топшириғи YCHL чорак финали доирасидаги "Ливерпуль" ва "PSJ" ўртасидаги учрашувни таҳлил қилиш бўлди. Баҳс мерсисайдликларнинг 0:2 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланган бўлса-да, мутахассис ўз ҳисоботида жамоанинг ҳимоядаги ижобий жиҳатларини қайд этди. У «Ливерпуль» футболчиларининг зонал ҳимоя доирасида рақибга нисбатан қандай босим ўтказганини алоҳида таъкидлади.
Мутахассиснинг таҳлилий ҳисоботи 2025-26 йилги мавсум якунлари бўйича УЕФАнинг расмий техник шарҳига киритилади. Бу маълумотлар бутун қитъадаги мураббийлар учун юқори даражадаги плей-офф ўйинларида жамоалар қандай мослашаётганини тушунишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Постекоглу мавсум якунига қадар яна бир қатор муҳим учрашувларда иштирок этиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!